Бугун телефон ва интернетдан меъёрсиз фойдаланиш жамиятимизда, айниқса, ёшлар ва оила муҳитида жиддий эътибор қаратишни талаб қилаётган масалалардан бирига айланмоқда.
Эр-хотиннинг бир-бирига ажратадиган вақти камайиши, ҳар кимнинг ўз телефони билан банд бўлиб қолиши, ижтимоий тармоқлардаги нотўғри муносабатлар ва виртуал ҳаётга ортиқча берилиш айрим ҳолатларда оилада келишмовчиликларни кучайтириб, ҳатто оилавий ажримларга олиб келаётган омиллардан бири бўлиши мумкин.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло мўминларнинг сифатларини баён қилиб: «Улар беҳуда нарсалардан юз ўгирувчилардир», деб марҳамат қилади. (Муъминун сураси, 3-оят)
Бу ерда бизга катта ибрат бор. Инсон ўз вақтини нималарга сарфлаётганига эътиборли бўлиши керак. Телефон ҳам худди шундай: ундан илм, маърифат ва фойдали ишлар учун фойдаланиш мумкин, лекин у инсонни беҳуда машғулотга боғлаб қўймаслиги керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: «Икки неъмат борки, кўп одамлар уларнинг қадрига етмайдилар: соғлик ва бўш вақт», деганлар. (Имом Бухорий ривояти)
Бугун айрим фарзандлар соатлаб телефонда ўтириб, ўзининг энг қимматли неъмати — вақтини сезмаган ҳолда сарфлаб қўяётганини кўрамиз.
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишининг Исломининг гўзаллиги унинг беҳуда нарсаларни тарк қилишлигидадур” деганлар. Шунинг учун масала телефонни бутунлай тақиқлашда эмас. Асосий масала — меъёр, назорат ва тарбияда. Ота-она фарзандига телефонни бериб қўйиш билан тарбия вазифасини тугатиб қўймаслиги керак.
Қолаверса, оилада тарбия фақат фарзандга айтилган гап билан эмас, ота-онанинг шахсий намунаси билан ҳам берилади. Агар ота-она доимо телефонга қараб ўтирса, фарзанддан телефонни қўйишни талаб қилиш қийин.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳлингизни дўзахдан сақланг», деб марҳамат қилади. (Таҳрим сураси, 6-оят)
Демак, фарзанд тарбияси — жуда катта масъулият. Бугунги кунда бу масъулиятга телефон ва интернетдан фойдаланиш маданиятини ўргатиш ҳам киради.
Энг муҳими, фарзанд телефондан меҳр изламасин. У меҳрни, эътиборни ва суҳбатни аввало ўз оиласидан топсин. Эр-хотин ҳам бир-бирига, ота-она ҳам фарзандига вақт ажратсин. Чунки баъзан биз фарзандимизнинг қўлидаги телефонни назорат қилишга жуда кўп эътибор берамиз, аммо унинг қалбида нима бўлаётганини сўрашни унутиб қўямиз.
Шунинг учун телефон оила аъзоларини бир-биридан узоқлаштирадиган восита эмас, балки илм, маърифат ва эзгу мақсадларга хизмат қиладиган восита бўлиши керак.
Сирожиддин Жаҳонов, Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси