1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Кибр ва ғафлат

22-09-2026, 11:25 66 Ўқиш режими + -
Ҳар бир инсон ўзидаги кибр ва ғафлатдан эҳтиёт бўлиши лозим. Кибр ва ғафлат инсонга бахтсизлик олиб келади.   Имоми Ғаззолий кибрнинг бадбахтлик эканини қуйидагича баён қилади: “Саодат калити ҳушёрлик ва фаҳму фаросатдадир. омадсизлик манбаи кибр ва ғафлатдадир”.
Аллоҳ таоло биз бандаларни кибрланишдан қаттиқ қайтаради: “Ер юзида кибру ҳаво билан юрма. Албатта,сен зинҳор ерни тешиб юбора олмайсан ва зинҳор бўйда тоғларга ета олмассан”(Исро, 37). Бошқа оятда эса: “Одамлардан такаббурларчаюз ўгирма ва ер юзида кибр ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас!” деган (Луқмон, 18). Демак, банда ўз ҳаддини билмоғи лозим бўлади. Акс ҳолда у ўз бошига Аллоҳ таолонинг ғазаби ва азоби келишига сабабчи бўлади. Бу ҳақда ҳадиси қудсийда шундай дейилган: “Қудрат менинг изорим, кибриёэса ридойимдир. Бас, кимда-ким мана шу икки нарсанинг бирортасига эга бўлишга даьвогарлик қилса, бешак, уни азоблайман”.
Кўпчилик гуноҳлар, асосан, инсоннинг кибри туфайли содир бўлади. Аллоҳ таолога осий бўлиш, унинг ибодатидан юз ўгиришнинг асосий сабаби ҳам банданинг қалбидаги кибру ҳаводир. Шундан келиб чиқиб, Пайғамбаримиз с.а.в. ўзларининг муборак ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар: “Қалбида зарра мисқолича кибри бўлган кимса жаннатга кирмайди”(Имом Муслим ривояти)
Ана шу такаббурлик туфайли шайтони лаин Аллоҳнинг даргоҳидан қувилди ва Унинг раҳматидан маҳрум бўлди. Такаббурликнинг энг юқори чўққиси Аллоҳни тан олмаслик, киши ўзининг ожиз банда эканлигини унитишидир. Фирьавнни худоликни даьво қилишга ундаган ҳам униниг кибри эди.
Инсонни кибрланишга ундайдиганбир қанча сабабларни уламоларимиз келтирадилар. Улар қуйидагилардир:
1.Илм.
2.Амал.
3.Ҳасаб ва насаб
4.Жамол.
5.Мол.
6.Куч-қувват.
7.Ўз тарафдорлари .
Инсоннинг юқоридаги сабаблар билан кибрланиб, ўзини бошқалардан баланд олиши унинг ақлининг пастлигидандир. Чунки, юқоридагиларнинг баьзиси Аллоҳнинг омонати бўлса, баьзилари вақтинчага берилган нарсалардир. Қолаверса, ушбуларни берган Аллоҳнинг уларни қайтариб олиши ҳам бор.
Кибрнинг уч хил тури бор:
1.Аллоҳ таолога кибр қилиш. Бу энг ёмон кибрдир. Бу Фирьавн, Намруд ва Иблис кабиларнинг кибридир.
2.Расулуллоҳ с.а.в. га кибр қилиш. Бу Макка мушрикларинингРасулуллоҳ с.а.в. га бўйсунишдан жоҳиллик ва саркашлик ила кибр қилганидир.
3.Бандаларга кибр қилиш. Бу ўзини бошқалардан устун қўйиб, ўзгаларга ҳақорат назари билан қарашидир. Манманлик қилиб, ўзгаларга беписанд муомалада бўлиш, мол-дунё, обрў-эьтиборга алданиб кибрланиш оқибатида киши дўстлари, қариндошлари ва эл-юрт олдидаги ҳурматини йўқотади.
Пайғамбаримиз с.а.в. кибрли кишилар тўғрисида: “Мутакаббирлар қиёмат куни кичик қизил чумоличаларга ўхшаган кишилар суратида ҳашр қилинадилар. Уларни ҳар макондан хорлик қоплаб олади. Бас, улар жаҳаннамдаги Булиса номли қамоққа ҳайдаб борилади. Уларнинг устида оловларнинг олови бўлади. Улар аҳли дўзахнинг йиринги – тийнатул хабол ила суғорилади”, - дедилар.
Ҳар бир инсон ўзида кибрга мойиллик сезганида Пайғамбаримиз с.а.в. ҳаётларини чуқур ўрганиб, у кишининг ўгитларига амал қилиб, тавозени ўзига лозим тутиши зарур. Расулуллоҳ с.а.в. одамларнинг энг камтари эдилар, камбағаллар билан кўпроқ бўлардилар, қулнинг чақириғига ҳам жавоб берар эдилар, уй ишларида аҳлларига қарашар, ўзларини оддий тутар, баьзан кийимларини ўзлари тозалар, ўз хизматларини ўзлари қилар эдилар.
Кибр ва манманлик сифатларининг зидди бўлган камтарлик эса гўзал инсоний фазилатлардан бири бўлиб, динимиз таьлимоти ҳам бизларни шу сифатга эга бўлишга тарғиб қилади. Пайғамбаримизс.а.в ўз ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар:“Аллоҳ таоло менга бир-бирингизга нисбатан камтар бўлинг, токи бирон кимса бошқа бировга керилмасин, бирон кимса ўзгага зулм қилмасин, деб ваҳий қилди”. (Имом Муслим ривояти)
Қандай қилиб камтар бўлиш мумкин? Бу саволга Имоми Ғаззолий бундай деб жавоб берган: “Инсон аввало ўзи нимадан яратилганини англаши лозим”.
Ҳазрати Расулуллоҳ с.а.в барча амаллари, сўзлари ва туриш-турмишлари билан камтарликнинг буюк намунаси эдилар. Бизлар шу зотнинг ҳаётларидан ибрат олишимиз лозим. Қолаверса, у зотнинг “Ким Аллоҳ учун камтарлик қилса, Аллоҳ унинг мартабасини баланд қилиб қўяди” деган сўзларини доимо ёдда тутишимиз зарур.
 
Муҳаммади ҚОРАЕВ,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакили ўринбосари