Халқимизда “Салом ҳам қарз, алик ҳам қарз” мақол бор. Дарҳақиқат, бир-биримизни кўрганда, салом бериш ва алик олиш фазилат ҳисобланади.
Салом бериш билан савоб кўпаяди, инсоннинг умри ва ризқига хайру-барака киради. Пайғамбар (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “Эринмасдан мукаммал ювин, умринг зиёда бўлади, ким билан учрашсанг салом бер, савобинг кўпаяди, ўз уйингга кирганингда аҳлингга салом бер, уйингга хайру-барака киради”.
Инсон бошқа бир инсонга чин кўнгилдан ёруғ юз билан чиройли қилиб салом бериши яхшиликни кўпайтиради. Бу ҳақда ҳадисда: “Бир киши пайғамбар (с.а.в.) олдиларидан ўтиб кетаётиб:“Ассалому алайкум”, деди.
Пайғамбар (с.а.в.): “Ўнта”, дедилар. Яна бир киши ўтаётиб: “ Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ”, деди. Пайғамбар (с.а.в.): “Йигирмата”, дедилар. Яна бир киши ўтиб кетаётиб: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ ва баракатуҳ”, деди. Пайғамбар (с.а.в.): “Ўттизта”, дедилар. Шунда бошқа бир киши “Ўнта, йигирмата, ўттизта “ дейишларининг сабабини сўради.
Пайғамбаримиз (с.а.в.): “ Биринчи кишига ўнта деганим, у салом бериш билан ўн савобни, иккинчи ва учинчи киши эса салом бериш билан йигирма ва ўттиз савобни қўлга киритди”, деб жавоб бердилар.
Аллоҳ таоло барчамизга икки дунё саодатини ато қилсин!
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллиги ходими