Ўзаро меҳр- муҳаббат ришталарини мусҳкамлайлик
Ислом дини барча инсонларнинг тарқоқ, бир-бирларини танимаган ҳолда яшашларига рухсат бермайди. Балки, уларни бир бирлари билан улфат қилади. Натижада улар ҳаммалари ўзаро мухаббатда ва кумакда яшайдилар. Аллоҳ ҳамма инсонлар бир ота- онадан тарқалганларини шундай баён қилади:
Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир.
(Хужурот: 13).
Дўстлик- биродарлик инсонлар ўзаро алоқа урнатишлари учун бўлган асосдир. Баъзан бу биродарликка тусиқлар учрайди. Одамлар орасида ҳақиқатни тушунишларида ва яхшиликни ажратишларида тортишувлар пайдо бўлиб қолади. Лекин булар ҳаммаси инсонни ер юзига яралишидаги ҳикматдан ва ер юзини обод қилиш зарурлигидан чалғитиб қўймаслиги керак.
Ушбу биродарликни мустаҳкамлайдиган ва унинг йўлидан ҳар қандай тусиқларни олиб ташлайдиган дўстлик ришталарини ўрнатиш ва унинг хусусиятларидан унумли фойдаланиш зарур.
Ислом дини озми-кўпми одамларни ўзаро шунчаки бирлаштириб қўядиган робита-ришта эмас, балки у аввал инсонни Парвардигори билан сўнгра инсонларни бир-бирлари билан бирлаштириб қўядиган риштадир. Шундай экан мусулмонлар Аллоҳ уларнинг қалбларига солиб қўйган ақиданинг улуғлигини ва эътибор беришга лойиқ бўлган биродарликни ўша ақидага боғлаш зарурлигини хис қилсинлар! Чунки бу биродарлик барча инсонларга улар яқин одамлар эканини эслатиб қўяди. Шунингдек Исломий таълимотларда айтиб ўтилганидек- уларнинг оталари Одам алайхис салом эканлигини таъкидлаб қўяди. Бу билан Дин Ернинг шарқ ва ғарбидаги барча мусулмонлар бир-бирига улфат ва мустахкам биродар бўлиб қолишларига асос бўлиб қолади.
Бундай биродарлик иймон руҳидир ва мусулмон ўз биродари учун асраб турган нозик туйғуларининг негизидир. Шундай бўлсагина мусулмон биродарлари билан биргаликда улар учун яшаётган бўлади. Ва улар гуё бир танадан усиб чиққан новдаларга ўхшаб қолади. Худбинлик инсон учун катта офат. У инсоннинг фазилатларини барбод қилади. Инсонни худбинлик қамраб олса, ундан фақат ёмонликлар содир бўлади. Ҳеч кимни танимайди. Пасткашлигидан ўзинигина танийди. Яхшиликни кўрса хурсанд, ёмонликни кўрса хафа бўлади. Ундан ташқари бу кенг дунё ва минг-минглаб одамларни качонки улардан келаётган манфаъатни кўрсагина, эътироф этади.
Ислом дини бундай худбинликни рад этади ва инсонга қуйидаги тушунчаларни беради: «Ҳаёт фақат сен учун эмас. Ҳаётни сен ўзинг ислоҳ қила олмайсан. Билиб қўй, дунёда сендан бошқа одамлар ҳам бор. Улардаги ҳақингни эслаганинг каби уларнинг ҳам сендаги ҳақларини эсла. Шунингдек уларга етаётган ёрдамингни эслаганинг каби, уларнинг ҳам сенга етказаётган ёрдамларини эсла. Шундагина сендан худбинлик кетади ва фақат ўзингни эмас бошқаларни ҳам танийдиган бўласан.
Биродарингнинг сендаги ҳақлари шуки, уларга бирор зарар етишини хоҳламаслигинг. Уларга етган зарарни кетказишга ёрдам қўлини чўзишинг. Унинг ҳар қандай қийинчилик ва машаққатларига шерик бўлишинг. Бундай мусибатлар сенга етмаганлиги ва сендан йироқ бўлгани учун унга эътибор бермаслигинг яхши эмас. Чунки буни пасткашлик дейилади. Пасткашлик эса биродарлик ришталарининг узилишига катта сабаб бўлади.
Расулуллоҳ айтганлар: «Мусулмонлар ўзаро биродарлашувида, мехрибонликларида ва рахм-шафкат кўрсатишларида инсон танасига ухшайди. Инсон танаси шундайки, ундан бирон аъзо қандайдир бир касалликка дучор бўлса бошқа аъзолар унга иситма билан бедор бўладилар.
Захмат чекаётган биродарингга ачинсанг, унда унга ёрдам қил. Захматдан қутулиши учун бор ҳаракатингни қил. Шунда биродаринг олдида юзинг ёруғ бўлади.
Расулуллоҳ бу борада шундай деганлар: «Мусулмон мусулмон учун биродардир. Мусулмон биродарига зулм килмайди ҳамда хиёнат ҳам қилмайди. Кимики биродарининг хожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Кимики биродарининг қайгусини кетказса, Аллоҳ унинг қайгусини кетказади. Шунингдек кимики биродарининг айб-нуқсонини беркитса, Аллоҳ унинг айб-нуқсонини қиёмат куни беркитиб қўяди.
Биродарликнинг аломатларидан яна бири шуки, мусулмон ўз биродарига яхшиликни раво кўриши. Биродари бирон яхшиликка муяссар бўлса- унга ўзи муяссар бўлганида хурсанд бўлгани каби- хурсанд бўлмоғидир. Бу билан мусулмон Аллоҳга яқин бўлади.
Дунё машаққатлари чексиз. Бу машаққатлар баъзан инсон бошига ҳам етиши мумкин. Инсон ўзи ёлғиз у машаққатларга бардош бериши қийин. Машаққатларга қарши ҳаракат қилади лекин барибир биродарларининг ёрдам беришларига интиқ бўлади.
Расулуллоҳ айтганлар: «Инсон ўзи ёлғизлик қилади. Биродарлари билан эса етарли бўлади», деганлар.
Мусулмон ўз биродарларининг кўрсатаётган ёрдамларини унутмаслиги лозим.
«Мўмин мўмин учун- бинода бир-бирини ушлаб турган ғиштга ўхшайди.
Демак, ўзаро меҳр-мурувват ришталарини мустаҳкамлаш улкан савоб ишлардандир. Биримиз билан ака-ука, дўст-биродар бўлиб, ҳамжиҳат бўлиб яшашни ҳаммамизга муваффақ қилсин.
А. Бойқобилов.
Қарши шаҳар бош имом-хатиби