1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

СЎЗНИНГ ҲАМ МАСЪУЛИЯТИ БОР

30-03-2020, 17:52 972 Ўқиш режими + -

Сўзнинг ҳам масъулияти бор

       Инсон табиатан янгиликка интилади. Ҳар бир кишини янги ахборот ёки маълумот нафақат қизиқтиради, балки уни бировга етказиш, атрофдагиларнинг фикрини билиш табиатимизга хос. Айниқса, қизиқарли, шов-шувли, кўпчиликнинг эътиборини тортадиган воқеа-ҳодисани биринчилардан бўлиб оммага етказишга ҳаракат қиламиз.
Баъзан инсонлигига бориб, бировдан эшитган нарсасига дарҳол ишонади-қолади. Уни суриштириб кўришни, тўғри ёки нотўғрилигини ўйлаб ҳам ўтирмайди. Айниқса, бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган нохолис ахборотлар, турли уйдирма ва бўҳтонлар, миш-мишлар ғийбатчиларнинг тегирмонига сув қуяётгани кундай равшан.
Мусулмон киши бирор бир ахборот ёки янгиликни эшитса: “Фалончи нима дебди, писмадончи-чи?” деб эмас, балки айни масалада дарҳол расмий ва ишончли манбаларга мурожаат қилиши зарур.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!”, деб бизларни қабул қилинаётган ахборотни текшириб кўришга буюрмоқда (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Муғира ибн Шуъба (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло оналарингизга оқ бўлишни, қизларни тириклайин ерга кўмишни ҳаром қилиб, мумсик (закот ва ушр каби зиммага вожиб бўлган нарсаларда бахил) бўлиш ва тама (олишга ҳақли бўлмаган нарсани талаб)қилишдан қайтарди. Шунингдек, миш-миш гаплар тарқатиш, кўп савол бериш ва мол-дунёни беҳуда сарф қилиш каби ишларни ёмон кўради”,  дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа бир ҳадисда эса: “Эшитган нарсасини гапиравериши, кишининиг гуноҳкор бўлишига кифоя”(Имом Муслим ривояти), дейилган.
Жамиятда ғийбат, бўҳтон, ёлғончилик каби иллатларнинг илдиз отиши ишончсизлик, ҳатто адоват ва нафратни юзага келтириши мумкин. Тўғрилигига аниқ ишонмай туриб миш-миш тарқатиш бўҳтон саналади. Инсон ўзи аниқ билмаган ва ишонч ҳосил қилмаган нарса кетидан қувиб, аниқ  эшитмаган, кўрмаган нарсаларни гапириш, тарқатишнинг оқибати жуда хатарли. Муқаддас китобимиз  Қуръони каримда: “(Эй инсон!) Ўзинг  (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)” (Исро сураси, 36-оят), дейилган.
Муқаддас динимиз бизни ёмон сўзлардан тийилиш, эзгу нарсалар ҳақида сўз юритишга буюради. Зеро, сўзлаш ва тафаккур қилишда эҳтиёт бўлишимиз, ҳар бир сўзимиз фойда ёки зараримизга ҳужжат бўлишини унутмаслигимиз лозим. Зотан, Каломи мажидда: “У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир”, дея марҳамат қилинган. Шуни унутмасак бўлгани.
Замоннинг тезлашиши билан ёлғончиликнинг ҳам турфа шакллари пайдо бўлди. Юртимизда коронавирус билан боғлиқ карантин вазияти амалда бўлиб турган айни кунларда ижтимоий тармоқларда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ турли-туман ёлғон ахборот, асоссиз маълумотларни тарқатиш, турли уйдирмаларни урчитиш ҳолатлари кўпаймоқда. Айрим соддадил кишилар уларга ишониб, ёлғон ва бўҳтонга шерик бўлиб қолмоқдалар.
Ачинарлиси, тарқатилган ёлғон маълумотлар оқибатида инсонларнинг обрў ва шаъни топталмоқда, кимларгадир зарари тегмоқда бундайин ёлғон ахборотларнинг. Шариатимизга кўра, бир мусулмоннинг шаъни ва обрўсини тўкиш – ҳудди қонини тўкиш ёки молини ўзлаштириш билан баробар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Жаброил (алайҳиссалом) мени осмонга олиб чиққанда бир қавмнинг олдидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, у билан юзлари ва кўксиларини тимдалашар эди. Мен: “Эй Жаброил, булар кимлар?” – деб сўрадим. Шунда: “Улар одамларнинг гўштини еб (яъни уларни ғийбат қилиб), обрўларини тўккан кимсалардир”, – деб жавоб берди” (Имом Абу довуд ривояти). Ушбу ҳадисдан динимизда инсоннинг шаъни, обрўси қанчалик қадрли экани, уни поймол қилишнинг оқибати аянчли экани маълум бўлади. 
Инсон жисмининг саломатлиги у озиқланаётган сув ва неъматлар софлигига боғлиқ бўлганидек, шахс дунёқаришининг, руҳиятининг соғломлиги ва унинг савияси ўзлаштираётган маълумот ва билимларининг манбаларига боғлиқдир. Ислом дини ростгўйликни тарғиб қилувчи, мудом ҳақиқат ва адолатни ёқловчи диндир. Зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг энг буюк сифатларидан бири ҳам "Ал-амин" (энг ишончли киши) эди.Ислом шариатида сиддиқлик мақоми кўп тилга олинади. Бу Аллоҳ ҳузурида фақат рост сўзловчи киши сифатида қад ростлашни англатади. Сиддиқлик шундай мақомки, унга чин ростгўйлик билангина етиш мумкин. Ҳадисларда ривоят қилишларича, ростгўй кишининг номаи аъмолига ҳам бу унвон ёзиб қўйилади. Ёлғончиларга эса "каззоб", деб изоҳ ёзилади.
Инсонга хос иллатлар ичида энг хатарлиси ёлғончиликдир. Чунки одамларни алдаш, ишончни суистеъмол қилиш барча қабоҳатларнинг боши саналади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло "Fофир" сурасининг 28-оятида "Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи ва ёлғончи кимсаларни ҳидоятга йўлламас", деб марҳамат қилади. Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам "Сизларга катта гуноҳлар ҳақида хабар берайми?", деб уч марта сўрадилар. Биз: "Ҳа, айтинг, эй Аллоҳнинг расули", дедик. Шунда у зот: "Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш", деб, ўтириб олдилар. "Огоҳ бўлинглар, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бермоқ ҳам", деб қўшиб қўйдилар.
Ростгўйлик инсонни яхшиликка, ёлғончилик эса уни гуноҳга етаклаши ва ёлғончилик катта гуноҳлиги ҳақида Пайғамбаримиз (с.а.в.) огоҳлантириб шундай деганлар: “Ростгўйлик яхшиликка етаклайди. Яхшилик эса жаннатга етаклайди. Албатта бир киши рост сўзлайди, ҳатто Аллоҳ таоло ҳузурида сиддиқлардан, деб ёзилади. Ёлғончилик гуноҳга етаклайди. Гуноҳ эса дўзахга етаклайди. Албатта, бир киши ёлғон сўзлайди, ҳатто Аллоҳ ҳузурида ёлғончи, каззоб, деб ёзилади”. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Ҳазил-мутойиба баҳонасида ҳақиқатга зид гаплар билан кишиларни кулдириш ҳам ёлғоннинг айни ўзидир. Баҳз ибн Ҳаким отасидан, у эса бобосидан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Одамларни кулдириш учун ёлғон гапирадиган киши ҳолига вой", дедилар. Демак, ушбу ҳадисдан маълум бўладики, ҳазил-мутойиба ўринларида ҳам ёлғон гапириш гуноҳ, унга рухсат йўқ.
Халқимизда яхшисини ошир, ёмонини яшир, деган тарбиявий мақол бор. Азал-азалдан агар кимдир ногаҳон хатога йўл қўйса, унинг айбини яшириб, маҳалла аҳли, ёши улуғлар уни тўғри йўлга солган. Ҳозирчи? Дарҳол бу ҳолатни жуда жиддий айб сифатида кўриб, ўзини фаришта мисол билиб,  оламга кўз-кўз қилиб, овоза қилади. 
 Бугунги кунда барчаларимиз атрофимизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси билан ёндашишимиз оиламиз тинчлиги, хотиржамлиги, жамиятимизнинг барқарор ривожланишини таъминлашга хизмат қилади. Муҳими, ғийбат ақлли одамлар қулоғига етганида ўлади, деган мақолга ҳамиша амал қилишимиз зарурдир.
            Азизлар, ҳар бир мўмин-мусулмон киши турли ёлғон-яшиқларга, миш-миш гапларга учмаслиги, фитналардан огоҳ бўлиши даркор. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин киши зийрак, ҳушёр ва оқил бўлади”, деган ҳадислари моҳиятини чуқур тушуниши лозим.
Буларга алданиб қолмаслигимиз керак. Шундай ёлғон хабарларни тайёрлаш ва тарқатиш қонунларимиз  билан тақиқланади ва бундайларга етарлича қонуний чоралар кўрилмоқда. 
 

Муҳаммади ҚОРАЕВ 
Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме
масжиди имом-хатиби