1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ЁЛҒОН ВА МАЗАХ

1-04-2020, 12:06 525 Ўқиш режими + -
 

Ёлғон ва мазах

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Кишилар ўзаро муомала қилар эканлар, улар бир-бирларига нисбатан ҳар хил ҳазил-мутойибалар, қизиқарли гаплар ва латифалар билан  суҳбатларини безайдилар.
Бироқ, гоҳида ушбу ҳазиллар меъёридан ошиб кетгани сабабли, кишининг кайфиятини кўтариш учун бошланган ҳазиллар кимнингдир дилини оғритишга, ўзаро низо ва жанжаллар келиб чиқишига, жамиятнинг ривожи учун путур етишига олиб боради. Айниқса, халқимиз орасида “Ҳазил ва мутойиба куни” сифатида ном чиқарган 1 апрель кунида учрайдиган қўпол ва қалтис ҳазиллар ҳамда ёлғонлардан кўпчилик азият чекади. 
Динимизнинг асосий манбалари бўлмиш Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда тилга эҳтиёт бўлиш қайта-қайта таъкидланган. Ёлғон сўзлаш, ёлғон гувоҳлик бериш мўмин кишига буткул ёт экани айтилган. Зеро, ёлғончилар бу дунёда эътибордан қолсалар, охиратда турли хил азобларга йўлиқадилар.
Аслида ёлғонни иймони суст  кишиларгина тўқийдилар. Чунки улар ёлғон гапирса гуноҳ бўлиши, у дунёда азобланиши ҳақидаги эътиқодда бўлмагани учун оқибатини ўйламай ёлғон тўқийверади. Ваҳоланки, ёлғон сўзлаш ёки ёлғон гувоҳлик бериш гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Қуръони каримда ёлғон ҳақида бир юз олтмиш еттита оятда тўхталиб ўтилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-онага яхшилик қилиш умрни зиёда қилади. Ёлғон ризқни камайтиради. Дуо қазони қайтаради”, дедилар”.
Ушбу ҳадисда ёлғоннинг бу дунёдаги зарарларидан бири – ризқни камайтириши зикр қилиняпти. Демак, Аллоҳ таоло ёлғончи кишининг уйидан, корхона бошлиғининг корхонасидан баракани кўтаради, ризқларини қисқартириб қўяди. Ушбу ҳақиқатни бугунги кун тажрибасида ҳам кўриб турибмиз.
Ёлғончилиги билан танилган нусхаларнинг ҳаётига назар солсангиз, ризқи қисқалигини кўрасиз. Улар ўзларининг ёлғончилик сифати уларга бу дунё ва охиратда яхшилик келтирмаслигини теран англаб етишлари керак. Жумладан, бу дунёда ризқлари тор бўлиб, топганлари баракасиз бўлиб, дуч келгандан қарз сўраб юришлари бежиз эмаслигини тушунишлари лозим.
Демак, бу дунёю у дунёнинг бахтига эришмоқчи ва икки дунёнинг азоб-уқубатидан, шармандалигидан қутулмоқчи бўлсак, ризқимизнинг кенг ва сероб бўлишини истасак, ёлғондан қутулишимиз лозим экан. Бу ишда каттаю кичик, эркагу аёл баробар ҳаракат қилмоғи лозим. Ана шундагина яхшиликдан умид қилсак бўлади.
Янги асрда ахборот тезлиги тараққиётга ижобий таъсир кўрсатиш билан бирга, айни чоғда қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Баъзи оммавий ахборот воситалари, интернет ва уяли телефонлар орқали келаётган аралаш-қуралаш, тўғри бўлмаган, ёлғон аралаш бўлган маълумотлар жамиятнинг ижтимоий ва маънавий ҳаётига салбий таъсир кўрсатмай қолмаяпти. Ёлғоннинг жамиятга ҳам, инсонга ҳам зарари шунчалар кўпки буларни санаб тугатиш қийин. Инсонга нисбатан зарари шуки: унга зулм қилинади, бир оғир ёлғондан қилинган туҳмат билан бир кишининг ҳаёти салбий томонга кескин ўзгариб кетиб, мол-мулки, шаъни ва обрўси ҳатто соғлигига ҳам зарар етиши мумкин ва ҳоказо.
Ёлғончилар кўпаяверса жамиятга тегадиган зарар унданда улкан. Одамлар орасида бир-бирига ишонч йўқолади, ваъдага вафосизлик, хиёнат, туҳмат, ёлғон гувоҳлик бериш оддий ҳолга айланади. Оилаларда ва жамиятда бир-бирига ишончсизлик ортса, аҳиллик йўқолади. Бу нарсалар келгуси авлодларга ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди ва маънавий қашшоқликка олиб боради.
Ибн Ҳажар: “Ёлғон бир нарса ҳақида қасддан бўлсин, ноқасддан бўлсин унга хилоф нарсани гапиришдир”, деган.
Бугун орамизда ёлғон гапириш одатига айланиб қолгани учун нафси шу нарсани истайдиган бўлиб қолгани сабабли бу ишни қиладиганлар ҳам бор.Ёлғон гапирган одам мунофиқликнинг учдан бирини қилган бўлади. Албатта, ёлғончи ваъдасида турмайди, аҳдига вафо ҳам қилмайди. Оқибатда бундай одам тўлиқ мунофиқ бўлади. Мунофиқлик эса, кофирликдан ҳам ёмонроқдир. Мунофиқлар Қуръони Каримнинг таъбири билан айтганда, жаҳаннамнинг энг тўридан жой оладилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал бу ҳақда қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар: “Энг катта хиёнат – сенга ишонган биродарингга ёлғон гапиришингдир”.
Байт.
Ёлғон айтиб фойда кўрсанг, Охири зарар топарсан.
Рост айтиб зарар кўрсанг, Охири фойда топарсан.
Хусусан, фарзанд тарбиясида ота-оналар ва устозлар болаларга умуман ёлғон гапирмасликлари, ёлғон билан ёмон намуна бўлмасликлари зарур. Агар ўзлари ёлғон гапирсалар-у яна улардан ростгўйликни талаб қилсалар ҳеч қандай фойдаси бўлмайди. Ёлғон ва алдовни кўрган болада ўзининг тарбиячиларига ва қолаверса жамиятга бўлган ишончи ва эътибори йўқолади, тарбиячиларининг панд – насиҳатлари қадрли бўлмай қолади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом болаларга уларнинг эътиборини тортиш, тинчлантириш ёки ҳайратга солиш учун ҳам мутлақо ёлғон ишлатиш мумкин эмаслигини уқтирганлар.
Ёлғон уни гапирган одамни кўпчилик орасида шармандаи шармисор қилади, гапининг субути қолмайди, ёлғон узоқни яқин, яқинни узоқ қиладиган саробдир. Ёлғон ақл ўғрисидир, ёлғон кишининг дин ва диёнатини бузади.
1 апрел ёлғонига тақлид қилиш аҳмоқона одатга тақлид қилишдир. Шунингдек бизнинг юртларимизда бўлмаган, халқимиз орасида тарқалмаган, динимизга зид бўлган ботил тақлидни кенг ёйишликка хизмат қилиш ҳамда динимизда қабоҳат ва разолат деб эътибор қилинган хулқларда мусулмон бўлмаган кишиларнинг аҳмоқона ишларига эргашишдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай кўр кўрона тақлиддан огоҳлантириб: “Ким бирор қавмга тақлид қилса, у ўша қавмдандир”, деганлар. Имом Абу Довуд ривояти.
Бугунги кунда тўқиётган ёлғонларини ҳазил ёки мазах деяётганлар тўғрисида нима дейиш мумкин, Абу Лайло Ансорийдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотга чиққанларида у зотнинг саҳобаларидан бири ҳазиллашиб, бир кишининг ўқдонини беркитиб қўйди. Эгаси уни излаб, топа олмай, хавфга тушди. Унинг устидан кула бошлашган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб: “Нимага куляпсизлар?” дедилар. “Ҳазиллашиб, фалончининг ўқдонини беркитиб қўйган эдик, қўрқиб кетди. Шунга куляпмиз”, дейишди. У зот: “Мусулмонни қўрқитиш мусулмонга ҳалол эмас”, дедилар”.
Умар ибн Абдулазиз: “Мазахдан сақланинглар. У кек пайдо қилувчи аҳмоқликдир”, деган.Ҳакимлардан бири шундай дейди:“Мазах аслида сўкиш, аммо эгасини кулдиради, холос”.
Хулоса шуки, ёлғон ва мазах қилиш ҳар доим ҳаромдир. Хусусан, 1 апрелдаги ёлғоннинг ҳаромлиги зиёдароқдир.
 
 

Муҳаммади Қораев,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 
Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги етакчи мутахассиси, 
 
Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби.