БИР ТАН-У БИР ЖОН БЎЛАЙЛИК
Аллоҳ таоло ҳеч бир нарсани беҳикмат яратмаган. Ҳатто, ўша коронавирусни ҳам! Аммо кўпчилигимиз ақл эгаларидан бўлиб ҳикматини излаш ўрнига бесабрлик ила ваҳима ва саросимага тушмоқдамиз.
Аслида, шу вақтгача бу замин не-не кулфат, офатларни кўрмади, дейсиз. Аммо, улардан гўзал сабр ва ишонч, жойи келса бир майизни қирққа бўлиб, биргаликда баҳам кўриб, бу офатлардан чиқиб кетди. Биз қалби Аллоҳда, қўли меҳнат ва сахҳийликда бўлган халқ авлодларимиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Ҳурайра р. а. ривоят қилган ҳадиси муборакда: “Кучли мўмин кучсиз мўминдан яхши ва Аллоҳга маҳбуброқдир. Барида ҳам яхшилик бор. Ўзингга наф берадиган нарсада ҳарис бўл. Аллоҳдан кўмак сўра, ожиз бўлма. Гар сенга бир мусибат етса “Агарда ундай қилганимда, ундай-бундай бўларди дема. Лекин Аллоҳнинг қадари. У Зот нимани хоҳласа қилади, дегин. Чунки, “Агарда” шайтоннинг амалига йўл очур” дедилар.
Ҳадиси шарифдан ҳам маьлум бўляптики, кучли мўмин бўлишимиз лозим. Куч деб фақат жисм кучи эмас, танимиздаги ирода кучи ҳам назарда тутилмоқда. Биз кимнинг авлодларимиз, бир эслайлик! Ибн Синоми? Имом Бухорийми? Амир Темурми? Ҳа, биз барчасининг авлодимиз.
Биз ўзбеклармиз. Нафс қўрқуви, ваҳимаси бизга эмас, биз уларга бекмиз. Бесабрлик қилиб шошқалоқликда озиқ-овқат ғамида ҳаддан ошиқ заҳира йиғиб қолганларни ҳам саросимага солманг. Ёки, даромад умидида маҳсулотларни қимматлаштириб сотиб гуноҳкор бўлманг, бу ҳаром амалдир.
Савоб эшиклари очилганда ундан ажр олиш ўрнига нафсингизга енгилиб у эшикни ёпманг. Мана энди Ўзбеклигимизни амалда кўрсатиш вақти келди. Биз ҳикмат ўлароқ бу вирусни фойдаларини ҳам излайлик, мисол учун, у сабаб берилган таътилда Қуръон хатм қилайлик, ибодатларимизни қилайлик, анчадан бери ўқийман деб олиб келган аммо фурсат йўқлигидан ўқилмай чанг босган китобларни ўқийлик, хотиржам шошмасдан оила бағрида ҳордиқ чиқарайлик. Тафаккур, тадаббур килайлик. Роббимиз Қуръони каримнинг “Исро” сураси, 82 - оятида: “Қуръонни мўъминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз. У золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас”, дея марҳамат қилган.
Аллоҳ таолонинг раҳмати ва шифоси ўз уйимизда эканку, нега биз ваҳимадамиз? Ўлим ҳар бир инсон бошида бор, бу олий ҳақиқатни барча башарият аллақачон англаган. Бугун бизлар ҳаётимизнинг ҳар лаҳзасин гўзал амаллар ила, елкамизга тоғдай-тоғдай гуноҳ билан эмас, балки, ажрларни орттирган ҳолда безаб бормоғимиз лозимдир.
Бу офат юртимиздан ҳеч бир зарарсиз, ногаҳоний ўлимларсиз чиқиб кетишини Аллоҳ таолодан ихлос ила сўрайлик. Зеро, Аллоҳ таоло дуо қилинг, мен ижобат қиламан, деб ваъда қилди. Биз роббимизнинг ваъдасига ишонамиз, узлуксиз дуо қиламиз ва тез орада бу офатдан халос бўламиз, иншааллоҳ! Бир мусибат ортидан икки яхшилик бор, яхшиликларни умид қилишдан тўхтамайлик, ўзлигимизни амалда кўрсатайлик. Аллоҳим, Ўзинг юртимизни турли бало, офатлардан асрагин ва то қиёматга қадар энг гўзал, тинч, раҳматинг ёғилган ўлкалардан қилгин!
Низомова Азиза Фазлиддин қизи - отинойи