Шаъбон- фазилатли ой
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ҳозирги кунда биз ҳижрий-қамарий йил ҳисобининг Шаъбон ойида яшаяпмиз . Шаъбон ойи ҳижрий-қамарий йил ҳисобининг саккизинчи ойидир. У 29 кундан иборат.
Хўш, “ шаъбон” сўзи нима маънони англатади?
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобида: “ Шаъбон –қамарий йил ҳисобида 29 кундан иборат, саккизинчи ойнинг номи” дейилади. “Шаъбон” арабча сўз бўлиб, у “бўлиниш”, “тарқалиш” деган маъноларни англатади.
Ривоят қилишларича, қадим замонлар одамлар қиш пайтида бир жойда, баҳор келиши билан бошқа жойларга тарқалиб яшашган. Йилнинг ҳар хил келиши, яшаш шароитига қараб одамлар истиқомат жойларини ўзгартириб туришган. Ҳижрий-қамарий йил ҳисобининг саккинчи ойига ном бериладиган пайтда одамларнинг ҳар томонга бўлиниш, тарқалиш пайтларига тўғри келади. Мана шу ҳолатдан келиб чиқиб, у ойга “Шаъбон” деб ном қўйилган.
Инсон Шаъбон ойида ўтаётган умрини яхшилик билан ўткариши фазилат ҳисобланади. Бу ҳақда пайғамбар (с.а.в.) шундай дейдилар: “ Аллоҳ таоло Ражаб ойини ўзи учун танлаб олди. Шунинг учун Ражаб ойини Аллоҳ таолонинг ойи дейилади. Кимки Ражаб ойининг ҳурматини жойига қўйса, Аллоҳ таоло у бандани жаннатга киритиб, яна ўз розилигини ато этади. Ким Шаъбон ойини ҳурматлаб, уни қадрласа, Пайғамбарлар билан бирга бўлади “ (Имом Термизий ривояти) дедилар.
Тарихда маълумки, Шаъбон ойида кўп муҳим воқеалар юз берган. Шулардан бири Шаъбон ойида қибланинг Қуддус Шарифдан Маккаи Мукаррамага қараб ўзгаришидир.
Ўша Шаъбон ойдан бери Маккаю-Мукаррамага қибла сифатида юз ўгириш таомилга кирди.
Шаъбон ойининг кечалари ҳам файзлидир. Айниқса, Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси муборак “ Барот” кечаси дейилади. Шу туфайли халқимиз Шаъбон ойида Барот кечаси борлигини ҳисобга олиб, бу ойни Барот ойи деб ҳам аташади.
Халқимизда Барот ойида туғилган болаларга Барот деб исм қўйиш одати бор. Ушбу ўринда шуни ҳам айтиб ўтишимиз керакки, айрим кишилар бу ойни Бароат ойи ёки ўн бешинчи кечани Бароат кечаси деб гапирганларини эшитиш мумкин. Бу ой ва кечага бароат сўзини қўллаш нотўғри, Шаъбон ойи ва ундаги кечага нисбатан бароат сўзини эмас, балки барот сўзини ишлатиш лозим. Чунки луғатларда Бароат бошқа, Барот маъноларни англатади. Шу жумладан “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобида: “ Барот –арабча сўз бўлиб, оқлаш; бегуноҳ; соддадиллик, унвон олганлик ҳақидаги ёрлиқ, гувоҳнома “ деб изоҳланади. Уламолар Барот бу Пайғамбаримиз ( с.а.в.) га пайғамбарлик ёрлиғи, хабари берилган кеча деб таъриф берадилар.
Кечанинг фазилати ҳақида ривоятлар кўп. Ҳар йили Барот кечасида бир йилда бўладиган ишлар қазаю ҳукмлар қилинади. Умр, ризқ, ажал вақтлари белгиланиши, қилинган амалларнинг саҳифалари Аллоҳ таоло ҳузурига кўтарилиб намойиш қилиниши каби ҳодисалар бўлиб ўтиши китобларда баён қилинган.
Оиша розияллоҳу анҳа дан ривоят қилинади: Пайғамбар (с.а.в.):
“ Бу кечада (Шаъбонниг ўн бешинчи кечасида) нималар бўлишини биласанми?” дедилар.
Оиша разияллоҳу анҳа: “ Эй Аллоҳнинг Расули, бу кечада нималар бўлади?” дедим. У зот алайҳиссалом: “ У кечада одам болаларининг бу йилда туғиладиганлари ёзилади ва у кечада уларнинг амаллари кўтарилилиб, ризқлари нозил бўлади”,дедилар. (Имом Байҳақий ривояти).
Пайғамбаримиз ( с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: ”Қачон Шаъбон ойининг ўн бешнчи кечаси бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда Аллоҳ қуёш ботиш пайтида дунё осмонига тушади ва тонг отгунича: “Қани, истиғфор айтувчи борми, уни мағфират қилман. Қани ризқ сўровчи борми, унга ризқ бераман. Қани, балога учраган борми, унга офият бераман. Қани фалон, фалон” (дейди) дедилар” (Имом инб Можа ривояти).
Шаъбон ойида нафл рўза тутилади. Оиша разияллоҳу анҳадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойини жуда ҳам кам ( ҳолатларда) рўзасиз ўтказар эдилар. ( Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Усома ибн зайд разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “ Бир куни мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга шундай савол бердим: “ Эй, Расуллоҳ. Мен (Рамазондан ташқари) бирорта ойда шаъбондагидек рўза тутганингизни кўрмадим?”. Расулуллоҳ св дедилар: “ Бу шундай ойки, одамлар ражаб билан Рамазон ўртасида ундан ғафлатда қолишади. Бу ойда амаллар раббилаъламийнга кўтарилади. Шундай экан. Мен амалимни ўзим рўзадор ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман”, дедилар” (Имом Насоий ривояти).
Шаъбон ойи яримдан ўтгандан сўнг ва Рамазон ойи киришига бир-икки кун қолганида нафл рўзалари тутилмайди. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазон олдидан бир, икки кун олдин рўза тутманглар. Магар бир кишининг одатидаги рўза бўлса тутсин», дедилар. Бешовлари ривоят қилган. Ва яна бошқа ҳадис-шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Қачон Шаъбон ярмига етса рўза тутманглар», деганлар.(Имом Термизий ривояти). Шунга биноан, Шаъбон ойининг ўн олтинчи кунидан бошлаб то Рамазони шариф киргунча нафл рўза тутиш макруҳ бўлади.
Шаъбон ойи фазилатли ой. Шу сабабли Шаъбон ойи ва ундаги Барот кечаларида хайрли дуолар қилишни барчаларимизга муваффақ қилсин.
Р. Акбаров