Муаммолар ечими
Атрофимизда энг гўзал фасл баҳор ҳукм сурмоқда, лекин унинг гўзаллиги аввалгидек кўнгилларга сиғмаётгани рост. Коронавирус пандемияси бугун афсуски қарийб 200та давлатда бесаранжомлик келтириб чиқармоқда. Шу учун ҳам улуғларимиз: “Энг катта неъмат-хотиржамликдир”, деб бежизга айтишмаган. Коронавирус инфекциясидан карантин пайтидаги ҳолатни ҳар ким ҳар хил қабул қиляпти. Кимдир астойдил илтижо қилиб элу-юртга, дунёга офият сўраса, яна кимдир ўзини ўққа-чўққа уриб, бозору дўконларга югуриб саросимага тушиб қолмоқда. Халталаб ун, картошка, пиёз жамғаришга киришганлар, бу хатти-ҳаракати билан атрофдагиларни ҳам ваҳимага қўйган одамларнинг аҳволини кўриб бугун бизларга сабр аталмиш хислат етишмаётганлиги афсусланарлидир.
Инсоният бошидан кўп синовлар ўтган. Фақат сабр-бардошли миллатгина бу машаққат ва синовларни енгишга қодир. Бу учун бироз сабрли бўлсак кифоя. Инсоний фазилатларнинг энг гўзали ва энг қадрлиси, инсон камолотининг белгиси сабрдир. Сабрли инсон шошқалоқ бўлмайди, балки Аллоҳ таолонинг марҳаматини сабр ва дуо билан кутади. Инсон ихлос билан сўраса албатта ижобат бўлади, фақат унинг сўраган нарсаси тақдирда белгилаб қўйилган муддатда амалга ошади. Баъзиларники олдинроқ, баъзиларники кейинроқ.
Баъзилар: “Сабр – ўзини бетоқатлик ва ғазабдан, тилни шикоятдан, аъзоларни тартибсизлик ва парокандаликдан тийиш”, деган бўлсалар, яна баъзилар: “Сабр – инсоннинг ишини ва ҳолатини ислоҳ қиладиган қувват манбаидир”, дейдилар.
Шунингдек, сабр тўғрисида айтилган ушбу сўз ҳам айни бугунги кунда янада долзарблик касб этгандек, гўё: “Сабр – изтироб, безовталик, тартибсизлик, иккиланиш келган пайтидаги қалбнинг собитлиги, яъни, ўзгармаслигидир”. Сабр ҳар доим ҳаммага керак. Яхшилик етганида ҳам, ёмонлик етганида ҳам, зарар-камчилик пайтида ҳам, фойда-борчилик пайтида ҳам.
Улуғлардан бири Зуннун ал-Мисрий сабр ҳақида шундай дейдилар: “Сабр − ҳаромдан сақланиш, синовларга хотиржам бўлиш ва камбағалликда шукр қилишдир”.
Сабр ҳақида айтилган улуғларнинг ушбу сўзлари ҳам барчамиз учун сабрнинг нақадар зарурий хислат эканлигини англатса ажаб эмас.
“Сабрлилар икки олам баракотига эришурлар, чунки Аллоҳ улар биландир. Зеро, Аллоҳ сабрлилар билан”. Абу Али ад-Даҳҳок
“Сен қарши тура олмайдиган нарсангга сабр қила олишинг нақадар улуғ ишдир”. Шабиб ибн Шайба
“Ким сабрли бўлса, истаганига эришади”. Аксам ибн Сайфи
“Ҳолидан норози бўлмай, синовларга гўзал бардошли бўлиш ва инсонлар эътиборини тортмаслик бу гўзал сабрдир”.
“Синов вақтида инсоннинг ўзини тўкинлик вақтидагидек тутиши ҳам сабрдир”.
Сабр инсоннинг фитрий фазилати бўлиб, унга болаликдан хос бўлади. Ҳаётда кўриб турганимиздек, баъзилар сабрли, яна баъзилар бесабр бўладилар. Лекин шу билан бирга сабрни ўзига одат қилиш, уни нафсга сингдириб бориш мумкин. Киши бесабр бўлса, у ўзини секин-аста сабрга ўргатиб борса бўлади. Бунда банданинг хоҳиши, ҳаракати муҳим саналади.
Инсоният тарихида, шу жумладан, юртимиз ҳаётида ўзига хос давр ҳукм сурмоқда. Сабр ва хотиржамлик − оқил банданинг доимий ҳамроҳларидир. Чунки, оқил киши ҳар қандай қийинчиликнинг интиҳоси борлигини билади. Шундай экан, бугунги синовли кунларда ватани, оиласи, болалари учун қайғуришни ҳаётининг мазмуни деб биладиган матонатли халқимиз юксак сабр ва матонат намунасини кўрсатиб, ягона олий мақсадимиз бўлиб турган — муаммодан беталофат қутулиб олиш, синовни енгиш йўлида бирлашиб, ўзаро тушуниш ва сабрли бўлиши керак бўлган даврдир. Бу давр ичида биз ҳуда-беҳуда ваҳимага, сохта таъсирга берилмасдан, юксак фаросатли бўлишимиз, онгли қарорлар қабул қилишимиз, мутахассислар томонидан берилаётган барча тавсияларга ҳам ўзимиз ва яқинларимиз манфаати учун, ҳам умуминсоний қадриятлар юзасидан муносиб жавоб қайтара олишимиз лозим.
Дарвоқе, ҳаётда инсон доимо синовда бўлади. Гоҳ яхши ҳолатлар билан, гоҳо машаққат ва қийинчиликлар билан. Буларнинг барчасида инсондан доимо сабрли бўлиш талаб этилади. Мусибат ва фалокатлар коронавирус каби турли касалликлар каби банданинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган нарсаларга тоқатли бўлиш банданинг юксак сабрли экани аломатидир.
Саросима ва кераксиз ваҳимага тушган ота-оналар ўзларининг бу бесабрликлари билан фарзандлари руҳиятига қандай салбий таъсир кўрсатаётганини бир ўйлаб кўрсалар бўларди. Бу ҳолатдан ота-онасига умид ва ишонч билан боқаётган болаларнинг нозик қалби, нафис руҳиятига шикаст етмайдими? Аксинча дастурхон атрофидаги суҳбатларида барча қийинчиликларни, уруш ва очарчиликларни кўрган ота-боболаримизнинг матонати, сабр-бардоши ҳақида ҳикоялар айтиб, болаларнинг эртанги кунга умид ва ишонч билан қарашига ёрдам беришнинг айни вақти айни вақти эмасми. Айниқса, бу кунлар ўзига тўқ инсонлар учун ҳам эҳтиёжманд кишиларга мурувват кўрсатиб, минг йиллик қадриятларимиз –ҳамжиҳатлик, бирдамлик, турли саховат ишларини бажаришининг айни фурсати.
Наргиза Садатова
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги
вакиллиги хуқуқшуноси