УЙЛАРИМИЗ-ХОТИРЖАМЛИК МАСКАНИ
1289
2-04-2020, 11:40
457
Ўқиш режими
+
-
Уйларимиз-хотиржамлик маскани
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Аллоҳ таолога ҳамду-санолар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламга солаватларимиз бўлсин!
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизларга уйларингизни оромгоҳ қилди” ( Наҳл сураси, 80-оят).
Бу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да шундай дейилади: “Аллоҳ таоло инсонларнинг ер юзида қулай ва фароғатда яшашлари учун барча имкониятларни яратиб қўйди. Шу қулайликлардан бири инсон учун уйларни ором маскани қилиб қўйилганидир. Инсоннинг уйи унинг учун энг қулай оромгоҳ ҳисобланади, у уйидан бошқа жойда ҳаловат топа олмайди. Оромини йўқотади. Шунинг учун ҳам ислом динида уйга ва унинг осойишталик, хотиржамлик макони бўлишига катта эътибор берилган. Аллоҳ таоло муқим яшайдиган одамлар учун тош ва ғиштлардан қуриладиган мустаҳкам уйларни ҳам бериб қўйган[1]” .
Айниқса, коронавирус хасталиги бутун дунё мамлакатларининг кўпчилигида тарқалган ҳозирги пайтда Аллоҳ таоло бизларга оромгоҳ қилиб берган уйларимизнинг аҳамияти жуда ҳам муҳим. Маълумки, коронавирус хасталигининг инфекцияси ҳаво-томчи ва мулоқот йўллари орқали юқади. Коронавирус хасталиги инфекциясининг тарқалишини олдини олишдаги энг муҳим чора аҳолининг бир-бирларидан ўзаро яқин масофада бўлишининг олдини олишдир. Бу эса биздан уйда қолиш ва заруратсиз ҳолда уйдан чиқмасликни талаб қилади. Шу жиҳатдан уйларимиз Аллоҳ таолонинг бизларга берган хотиржамлик масканидир.
Ривоят қилинишича, ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу Шомга борганларида вабо тарқалганини эшитиб орқага қайтишга қарор қилдилар. Шунда Абу Убайда розияллоҳу анҳу: “Аллоҳнинг қадаридан қочибми?”- деб сўрадилар. Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу у зотга: “Шуни сендан бошқа айтса бўлмасмиди? Ҳа, Аллоҳнинг қадаридан Аллоҳнинг қадарига қочамиз. Айтгинчи, агар сенинг туяларинг бўлса-ю, улар икки бўлинган бир водийга тушсалар. Бўлакларнинг бири серҳосил бўлса, бошқаси қуруқ бўлса-ю, ҳосилдорига боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан, қуруғига боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан. Шундай эмасми?”- деб жавоб бердилар. Коронавирус хасталиги таҳдиди кучайган бир вақтда бизнинг уйларда қолишимиз ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу айтганларидек, “Аллоҳнинг қадарига” қочишимиздир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати мутахассислари томонидан берилган расмий баёнотда: “Карантин тадбирлари давом этяпти. Республика комиссиясининг қарорлари тинимсиз чиқариляпти, қайта-қайта чеклов тадбирлари халққа етказиляпти. Шундай экан, уйда қолинг. Зарурат бўлмаса кўчага чиқманг. Уч кишидан ортиқ одамнинг тўпланишига йўл қўйманг. Бунда бир оила аъзоларининг сон жиҳатидан кўп бўлиши истисно. Уйимиз-бу бизнинг қўрғонимиз. Уйимиздагина хавфсиз бўлишимиз мумкин” дейилади.
Заруратсиз ҳолда уйларимиздан чиқишимиз ўзимизни ҳам, бошқаларни ҳам хатарга солишдир. Чунки ҳеч ким кўзга кўринмайдиган коронавирус хасталигига чалинмаслик ваколатига эга эмас. Бундай пайтларда уйдан чиқиб, ҳеч бир соғлом киши касал кишининг олдига, касал киши эса соғлом кишининг олдига бориши мумкин эмас. Пайғамбар (с.а.в.) “ Касал одам соғлом одам олдига бормасин” деганлар (имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари). Коронавирус пандемияси тарқалмаслигининг олдини олиш учун ташкил қилинган карантин вақтида уйларимизда сабр ва савоб умидида ўтиришимиз дунё ва охиратимиз учун фойдалидир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз ( с.а.в.) “Қай бир киши тоъун (пандемия) етса ва уйида сабр билан ва савоб умидида ўтирса ҳамда ўзига Аллоҳ ёзганидан бошқа нарса етмаслигини билса, илло унга шаҳиднинг ажричалик савоб бўлади ”, деб марҳамат қилганлар ( Имом Бухорий ривояти).
Хулоса қилиб айтамизки, бугунги кунда уйларимизда қолиб, тиббиёт ходимларининг коронавирус хасталиги тарқалишига қарши берган тавсияларига амал қилайлик ва дуо қилайликки, Аллоҳ таоло барчамизни ўз паноҳида соғ-саломат асрасин.
Руҳиддин Акбаров
Ўзбекистон Мусулмонлари Идорасининг
Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими
[1] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. “Тафсири ирфон”. “ Шарқ” НМАК. 2019. 2-жилд, 692-бет.