Вақт қадри
Ҳар бир киши вақт борасида зарур бўлган амалларнинг энг биринчиси молини сақлаганидек, ундан афзал бўлган вақтини ҳам риоясини қилиши, унинг ҳар бир дақиқасидан дин ва дунёсига наф берадиган, миллатига яхшилик, бахт, руҳий ва моддий тараққиёт келтирадиган амалларга ҳарис бўлиши лозим бўлади.
Ҳасан Басрий айтадилар: “Мен бир неча миллатлатларни кўрдим, улар вақтларини дирҳам ва динорларидан-да кўпроқ ғанимат биладилар”.
Айтадиларки: “Вақтни зое қилиш камбағалликнинг аломатидандир”.
Яна айтилади-ки: “Вақт ўткир қиличдир. Агар сен уни кесмасанг, у сени кесади”.
Донишмандлар доимо бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга аввалгисидан-да яхшироқ ҳолда ўтиб, тараққий этишга ҳаракат қиладилар. Уларнинг бугунги кунлари кечагисидан, эрталари бугунидан яхши бўлади. Бу тўғрисида улар: “Кимнинг бугуни ўтган куни билан бир хил бўлса, маҳрум бўлибди ва кимнинг бугуни ўтган кунидан ёмон бўлса лаънатланибди”, дейишган.
Улар фойдали илм ёки солиҳ амал ёки нафс билан курашиш ёки бошқаларга яхшилик улашиш каби яхши ишларни қилмасдан бир кун ёки ярим кун, ҳатто, бирор сония вақтни зое қилмасликка жуда ҳарис бўлганлар. Шунинг учун уларнинг умрлари беҳуда ва зое кетмаган. Шунингдек, вақтнинг ҳар бир лаҳзасини қадрига етар эдилар: улар бирор кун билимларига, имонларига ва солиҳ амалларига таъллуқли бўлган ишлар билан беҳуда ўтиб кетишидан сақланар эдилар.
Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтдилар: “Мен умрим озайиб, лекин амалимга зиёда бўлмаган кунга надомат қилганимдек ҳеч нарсага надомат қилмадим”.
Ҳаким зотлардан бири айтади: “Ким умридан бир кунининг ҳаққини ўтамасдан, фарзини адо қилмасдан, олийжаноблик қилмасдан ёки ҳамд айтмасдан ёҳуд яхшилик қилмасдан ўтказса, ана шу кунга ҳиёнат ва нафсига эса зулм қилибди”. Мисол учун Ибн Сино қисқа умр кўрган аммо 400 дан ортиқ асар ёзган экан. Нажмиддин Умар Насафий 100 дан ортиқ асар ёзиб қолдиргани тарихдан маълум.
Хулоса қилиб айтамизки, ўтаётган умримизни, ҳар бир дақиқани қадрига етишга ҳаракат қилайлик!
А. Бойқобилов
Қарши шаҳар бош имоми