ИСЛОМДА МАЪНАВИЙ ПОКЛИК МАСАЛАСИ
Инсоннинг маънавияти унинг қалби, ахлоқи ва турмуш тарзини белгиловчи муҳим масалалардан биридир. Маънавий поклик ҳақида гапиришдан олдин маънавият нима маънони англатишига эътиборимизни қаратсак.
Хўш, маънавият нима?
Маънавият сўзи шундай изоҳланади: “ Маънавият – арабча сўз( ахлоқий ҳолат; барча ахлоқий нарсалар, хусусиятлар). Инсониятнинг фалсафий, ҳуқуқий, илмий, бадиий, диний, ахлоқий тасаввурлари ва тушунчалари мажмуи” дейилади
Маънавият инсоннинг барча қарашларининг мезонидир. Инсоннинг барча қарашлари унинг ақли ва ундаги илмлар асосида юзага келади. Аллоҳ таоло томонидан инсониятга берилган энг катта неъматлардан бири ақл бўлиб, маънавият поклиги учун унинг аҳамияти жуда катта. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар:“ Аллоҳ таоло яратган илк нарса ақлдир. Аллоҳ таоло унга, кел, деди. Келди. Сўнг, кет, деди. Кетди( яъни, итоат этди). Аллоҳ таоло:“Иззатим ва жалолимга қасамки, ўзим учун сен(ақл)дан ҳурматлироқ хилқат яратмадим. Сен (ақл)сабабли оламан, сен сабабли бераман. Сен туфайли мукофотлайман ва сен туфайли жазолайман”,-деди”. ( Табороний ривояти).
Чунки ақл инсонни ёмон ишлардан тўхтатиб туради, яхши ишларга боғлайди. Шу сабабли “ақл” сўзининг луғавий маъноси-боғич бўлиб, у инсонни нопок ҳаракатлар қилишдан, ноўрин гап-сўз айтишдан тутиб туради. Бу нарса инсон маънавияти поклиги учун энг зарур нарсадир. Аллоҳ таоло ўзининг каломида инсонларни ақл билан иш юритишга чақириб, Ўзининг оят-аломатларида юксак ақл эгаларидан ибрат олишларини айтиб ўтади. У оятларда инсон учун ҳасрат, надомат шу ақлни тўғри ишлатмаганликларини уқтиради. Шу боис ислом дини ақлга Аллоҳ таолонинг неъмати сифатида қараб, уни қуръон (илм) билан пешлашга чақиради. “ Қуръони Карим”да:“ Биз қуръонни араб тилида нозил қилдик, шоядки ақлларингизни пешласангизлар”.(Юсуф сураси, 2-оят).
Шу туфайли “ Қуръони карим”да инсоннинг ақлини ҳимоя қилувчи ҳукмлар муҳим ўрин тутади. Инсоннинг ақли жойида бўлса, у яхши –ёмонни ажратади, пок-озода бўлишга ҳаракат қилади. Шундан келиб чиққан ҳолда аввало инсон ақлини кетказувчи барча нопок нарсалардан қайтиши лозим. Инсон ақлининг ҳушёрлиги унинг баъзи нопокликлардан ўзини пок тутишига боғлиқ. Бу жиҳатдан инсон ақлини кетказувчи барча нарсалар нопоклик ҳисобланади. Бу нопокликка барча турдаги кайф берадиган ичимликлар, наркотик моддалар киради. Наркотик моддалар (наша, афюн, героин) ва ақлни кетказувчи ичимликлар шарқ халқлари нопоклик ҳисоблайди. Ақлни тўсадиган барча нопок нарсалар инсон ҳаёти учун турли кўнгилсизликларни келтириб чиқарадиган шайтон амалларидандир. Шарқ донишмандлардан бир шундай деган экан:“Қарасам, ичкилик ақлни йўқотади. Шунинг учун ичкилик ичмадим. Бут санамларга қарадим,на зарари бор, на фойдаси бор, уларга сиғинмадим. Оиламни рашк қилганим учун бошқаси билан зино этмадим, бошқаларнинг хотинига боқмадим. Ёмонлигини кўрганим учун асло ёлғон сўзламадим”.
Бугунги кундаги дин ниқоби остидаги бузғунчи оқимлар, миссионерлик ҳаракатлари инсон ақлини заҳарлайдиган жаҳолатдан бошқа нарса эмас. Ўн тўрт аср илгари Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) жоҳилиятга қарши маърифат бериш лозимлигини уқтириб ўтдилар. Бугунги кунда ҳам жоҳилиятдан пок бўлган маънавиятни бўлиши муҳим аҳамият касб этиб турибди.
Ислом дини маънавиятни белгилайдиган ақлдаги илмга ҳам катта аҳамият беради. Овқат, сув, уйқу тана озиқаси бўлса, фикр ва илм эса инсоннинг маънавий озиқаси ҳисобланади. Илмсизлик жоҳилиятни келтириб чиқаради. Жоҳилият эса барча нопокликнинг маконидир. Илм инсон маънавиятидаги жоҳилликни поклайди. Шу туфайли Ислом динида энг аввало инсонларни илм олишга чақирилади.
Ривоят қилишларича, Аллоҳ таоло Сулаймон (а.с.)дан: “ Эй Сулаймон подшоҳликни хоҳлайсанми ёки мол-мулкними?” деб сўрайди. Сулаймон эса: “ Менга подшоҳлик ва мол-мулкдан олдин илм бер, илм билан ақлимни пешлай” деб жавоб берган эканлар. Шундан сўнг Аллоҳ таоло Сулаймон (а.с.)га илм берди.Сулаймон (а.с.) илм билан ақлларини пешладилар. У зот илм туфайли ҳар бир масалага аниқ ечим берадиган ва дунёдаги барча инс-жинлар, ҳайвону-парандаларни тилини биладиган киши бўлиб етишдилар. Натижада илмга асосланган маънавиятга эришган Сулаймон (а.с.) га Аллоҳ таоло ер юзини бошқаришни топширди.
Хулоса қилиб айтамизки, инсон маънавиятининг поклиги шахс ва жамият маънавиятининг юксалиши йўлида муҳим омиллардандир.
ЎМИ Қашқадарё вилоят вакили
Р. Усмоновнинг “Поклик ва озодалик дини"
китоби асосида тайёрланди