“ЧОРГУМБАЗ” МАСЖИДИ
1369
6-04-2020, 10:35
518
Ўқиш режими
+
-
“ЧОРГУМБАЗ” МАСЖИДИ
“Чоргумбаз” масжиди Қарши тумани Каҳлак қишлоғида жойлашган. Каҳлак қишлоғи туман маркази Бешкент шаҳрига ғарб томондан туташган қишлоқлрдандир. Каҳлак қишлоғида яшовчи аҳолининг асли келиб чиқиши араб миллатига бориб тақалади.
Мана шу қишлоқнинг ўртасида тарихий-меъморий ёдгорлик бўлган “ Чоргумбаз” масжиди жойлашган. Масжиднинг томи тўрт гумбаз услубида ёпилганлиги сабабли унга “ Чоргумбаз” яъни “ тўрт гумбаз” (ли)масжид деган ном берилган. Масжиднинг тарҳи мурабба усулидадир. Ташқи томондан масжиднинг бўйи ва эни 15 метрдан, ички томондан эса 12 метр , 70 сантиметрлардан ташкил топган. Масжиднинг ички баландлиги 6 метр 35 сантиметрни ташкил қилади. Масжиднинг ўртасида тўрттала томони ҳам 4 метрдан бўлган устун ( гулдаста) мавжуд. Бу устун ичида ҳужра бор. Бу ҳужра ичида китоб ва бошқа нарсаларни қўйиш учун токчалар қилинган. Маълумки, қадимда масжидларда эътикофда турилган. Масжидда эътикофда турган киши бу ҳужрага кириб Қуръон ўқиши, зикр билан шуғулланиши мумкин бўлган. Масжиднинг олтита эшиги, улар тепасида ёруғлик ва шамол кирадиган деразалар бор. Масжиднинг орқа жанубий девори ичидан томга чиқиш учун йўлак қўйилган.
Қарши ва Миришкор туманларида Каҳлак қишлоғидаги “Чоргумбаз” масжидининг меъморий лойиҳасига ўхшаш масжидлар бор. Масалан, Миришкор тумани Пандирон қишлоғидаги масжид, Қарши туманидаги Потрон ва Кўчкак қишлоқларидаги масжидларни бунга мисол қилиб келтириш мумкин. Бу масжидларнинг бир-бирига лойиҳавий ўхшашлиги уларни бир даврда қурилганлигига далолат қилади.
“Чоргумбаз” масжиди Мустақилликни дастлабки йилларидан бошлаб бир неча марта халқ томонидан таъмирланди. Масжиднинг атрофида айвонлар қилинди. Масжидга келган фуқароларнинг таҳорат олишлари учун замонавий усулда таҳоратхона қурилди. Масжидда фуқароларнинг ибодат қилишлари учун барча шароилар мавжуд.
2002 йилда масжид Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан расман рўйхатга олинган.
Ҳозирги пайтда “Чоргумбаз” масжиди халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондириш йўлида хизмат қилиб келмоқда.
Р. Акбаров.