Аҳли сунна вал жамоани лозим тутайлик
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин. Аллоҳ таоло инсонларни бир ота ва бир онадан яратиб, уларни Ер юзи бўйлаб турли хил миллат ва элатлар шаклида таратиб юборди. Инсонларнинг бу каби хилма-хиллиги фитрий бўлиб, Парвардигор уни илоҳий ҳикмат ила жорий этган. Яъни, бу бўлиниш ажралиш учун эмас балки, бирлашиш ва ўзаро яқинлашиш учундир.
Бу ҳақиқат Қуръони Каримда қуйидагича баён қилинади: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик”. (“Ҳужурот” сураси, 13-оят). Динимизда ушбу ҳақиқатни баён қилиш орқали инсонларни бирликка, ҳамжиҳатликда яшашга даъват этилади.
Аллоҳ таоло бандалари учун танлаган ва Ўзи рози бўлган дин – Исломнинг буюклиги ва азамати ҳам шундаки, у барчани бирлашишга чақиради, бўлиниш ва ихтилофлашишдан қайтаради: “Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!” (“Оли Имрон” сураси, 103-оят).
Ушбу ўринда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг сўзларидан иқтибос келтираман: “Аҳли сунна ва жамоа-суннатга амал қилувчи ва кўпчиликни ташкил этувчи кишилар. Ҳозиргача мусулмонларнинг асосий ва жумҳур оммаси эътиқод ва амал қилиб келаётган ақидавий ва муфкуравий мазҳабнинг номи. Исломнинг дастлабки даврларида бошқа мазҳаб ва оқимлар каби Аҳли сунна ва жамоа номи ҳам бўлмаган. Биринчи ҳижрий асрнинг биринчи ярими охирларида турли сиёсий сабабларга кўра мусулмонлар сафида ажралиш пайдо бўлди. Аввал хаворижлар тоифаси, кейинроқ шийъа ва бошқалар мусулмонлар оммасидан ажраб чиқдилар. Уларга ўзига хос номлар берила бошлади. Ҳар томон ўзининг ҳақлигини исбот қилиш учун ўз фикрини, йўналишини ҳимоя қилиб гапира бошлади. Оқибатда ҳар гуруҳнинг ўзига хос ақидаси шакиллана бошлади. Бошқа фирқалар ажралиб чиққанлардан кейин қолган мусулмонларнинг асосий оммаси Аҳли сунна ва жамоа деб атала бошлади. Бу исмда Пайғамбар алайҳис саломнинг суннатига амал қилиш ва мусулмонларнинг асосий кўпчилик жамоаси маънолари ўз аксини топган эди. Шунинг учун ҳам Аҳли сунна ва жамоа уламолари бошқа тоифаларнинг ҳаммаси билан тортишганлар ва уларнинг хато фикрларини танқид қилганлар. Аввалги ақидавий тортишишлар фақат Қуръон ва ҳадис асосида бўлган. Бу маънода ҳазрати Али, Абдуллоҳ ибн Аббос каби саҳобаларнинг хаворижларнинг бошлиқлари билан олиб борган баҳс ва тортишувлари Аҳли сунна ва жамоанинг дастлабки далил келтириш уринишлари бўлган. Кейинги авлод мусулмонлари ичидан Ҳасан Басрий ва унинг ҳамфикрлари намоён бўлганлар. Ислом давлати ҳудудларининг кенгайиб бориши турли дин, тоифа, мазҳаб ва мафкура атбоъларининг мусулмон бўлиши оқибатида ақидавий масалалар яна ҳам мураккаблашиб кетди. Бунинг устига турли томонлардан мусулмонлар ақидасини бузишга уриниш ва танқид қилиш ҳам авж олди. Ана шундоқ мураккаб ҳолат Аҳли сунна ва жамоа ақидаси ва фикрларини илмий асосда жамлаш ва тартибга солишни тақозо қилиб қолди. Бу ишни мусулмон оламининг машриқ томонида Абу Мансур ал-Мотуридий ас-Самарқандий (870-994) ва иккинчи томонида Абул Ҳасан ал-Ашъарийлар уддаладилар. Бу икки йирик олим мусулмон оламининг икки томонида бир-бирларини кўрмай яшаган бўлсалар ҳам бир хилда, бир йўналишда барча Аҳли сунна ва жамоани рози қиладиган илмий асарлар ёзишлари бу мазҳабнинг ҳақлиги далолатидир.
Аҳли сунна ва жамоанинг ақидавий масалалари ўша икки олим шахсга нисбат берилиб, ашъария ва мотуридия деб номланадиган бўлди. Ислом оламининг машриқида жумладан Мовароуннаҳр, Аназўл, Хуросон ва шу ҳудудларга яқин жойларда Мотуридия йўналиши тарқалди. Бошқа Ислом юртларида эса Ашъария йўналиши тарқалди. Аҳли сунна ва жамоа фақатгина ақида бобида эмас, балки бошқа соҳаларда ҳам ўзига хос мазҳабларни бирлаштиргандир. Аҳли сунна ва жамоанинг фиқҳий мазҳаблари кўпчилик мусулмонлар амал қиладиган ҳанафий, ҳанбалий, моликий ва шофеъий мазҳабларидир. Бу мазҳабларнинг бошлиқлари ақида бобида ҳам Аҳли сунна ва жамоа эканликларини таъкидлаш билан бирга ўзлари ҳам шу йўналишда иш олиб борганлар. Аҳли сунна ва жамоанинг ўзига хос тафсир мактаби ҳам бор. Уларнинг машҳур тафсирлари жумласига Абу Мансур ал-Мотуридийнинг «Таъвилоту аҳли сунна», Абул Баракот Насафийнинг «Мадорикут Танзийл», Исмоил Ҳаққийнинг «Руҳул Баян» тафсирлари ва бошқалар киради. Аҳли сунна ва жамоанинг ўзига хос ҳадис шарҳи мактаби ҳам бор. Бу мактабнинг йирик намоёндалари ичида Асқалоний, Қасталоний, Бадриддин Айний, Али Қори кабилар бор. Шунга ўхшаш Исломий илмларнинг барча соҳаларида Аҳли сунна ва жамоанинг ўз мактаблари бор.Вақт ўтиши билан Аҳли сунна ва жамоа муқобил бўлган тоифалардан шийъалардан бошқа мазҳаб ва тоифалар деярли қолмади. Ҳозирги кунда мусумонларнинг кенг оммаси Аҳли сунна ва жамоага мансубдирлар”.
Мана шу Аҳли сунна ва жамоа ақидасида “Биз жамоатни «ҳақ ва тўғри» деб, тафриқани «тойилиш ва азоб» деб биламиз”, яъни «Саҳобалар, тобеъинлар ҳамда Қуръон ва Суннатни ушлаган Аҳли сунна вал жамоасига эргашишни «ҳақ ва тўғри» деб биламиз. Тафриқачилик ва жамоатга хилоф қилишни «йўлдан тойиш ва азобга сабаб» деб эътиқод қиламиз» дейилади.
Ислом дини одамларни ирқи, миллати, бойлигу мансаби, чиройи ва обрўсига қараб ажратмайди. Балки, Аллоҳ ҳузурида ҳурматлироқ бўлган инсон тақвода кучлироқ бўлган инсон эканлиги таъкидланади. Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 13-ояти каримасида шундай марҳамат қилади: “Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир!” (“Ҳужурот” сураси, 13-оят).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларининг бирида жамоани лозим тутишга чақирар эканлар, ундан ажралганни подадан узоқлашган қўйга ўхшатганлар ва айтганларки: “Жамоатни лозим тут, зеро, бўри подадан узоқлашган қўйни ейди” (Абу Довуд ва Насоий ривоятлари).
Ушбу Ҳадиси шарифда мусулмонлар оммасидан яъни аҳли сунна вал-жамоадан ажралганлар залолатга кетиб, дунё ва охиратда зиён кўришига ишора қилинган. Шунингдек, ҳадисда худдики, бўри подадан айрилган қўйни осонлик билан ўлжа қилгани сингари шайтон ҳам жамоадан ажраган кишини осонлик билан ўз тузоғига тушириши ҳаётий ва гўзал услубда баён қилинган.
Ихтилофлашиш, фирқаланиш ва бўлиниш қайси умматда содир бўлса ўша умматнинг ҳайбати кетади, куч-қудрати заволга юз тутади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло низолашишдан, ихтилофлашишдан қайтариб: “Ва Аллоҳ ҳамда Унинг Пайғамбарига итоат қилингиз ва (ўзаро) талашиб-тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб, куч-қувватингиз кетар”, (“Анфол” сураси, 46-оят), деди.
Динимиз Ислом, мусулмонларни ўзаро бирлашиб, аҳил-иноқликка чақирар экан, айни дамда ўзаро ихтилоф қилишдан, тафриқага бўлинишдан қайтаради. Зеро, ихтилоф ва тафриқа инсонларни бир-биридан узоқлаштиради, ўртада адоват ва фитна пайдо бўлишига сабаб бўлади. Айниқса, динда тафриқага бўлиниш залолат саналиб, инсоннинг икки дунёсини ҳам барбод бўлишига олиб боради. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Динни барпо қилингиз ва унда фирқа-фирқага бўлинмангиз!”, дея марҳамат қилган (“Шўро” сураси, 13-оят).
Бошқа бир ояти каримада шундай дейилади: «Динларини тафриқа қилиб, ўзлари гуруҳбозлик қилганлар билан ҳеч бир алоқанг йўқ. Албатта, уларнинг иши Аллоҳнинг ўзига ҳавола. Сўнгра қилган ишларининг хабарини берур». (“Анъом” сураси,159-оят).
Ҳозирги ихтилофчи бемазҳаблар ҳам ўзларини Аҳли сунна вал жамоа деб атаб, ўзлари бу мазҳабда бўлмасалар ҳам, ушбу даъвони қиладилар, ҳамда, Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг имомларини «адашган», деб туҳмат қиладилар. Уларнинг бу ҳийласига учиб қолмаслик керак.
Маълумки, яқиндагина Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Унда сўзга чиқган ал-Азҳар уламоларидан бирининг “бизнинг руҳимиз каъбага интилса ақлимиз Самарқандга талпинади”, деган сўзи бизга ўзгача фахр бағишлади. Ислом тарихидан маълумки, 3-4 ҳижрий асрларда ҳам худди ҳозирги давримиздадек турли эътиқодий тоифалар ривожланиб, мусулмон умматини тафриқага сола бошлаган. “Сен кофир”, “сен мунофиқ” каби даъволар кўпайгандан кўпайган эди. Шу даврда Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий чиқиб Аҳли сунна вал жамоа эътиқодини баён қилиб, халққа тушунтирдилар, керакли ўринларда раддиялар бердилар, адашганларни тўғри йўлга қайтардилар. Уларнинг ислом умматига қилган энг катта хизмати, ислом умматини яна қайтадан жамлаш, аҳли сунна вал жамоа эътиқоди атрофида бирлаштириш бўлди. Бугунги кунимизда ҳам ўтмишдаги каби ислом умматида бўлиниш, фирқаланиш ўзгани куфр ва нифоқда айблаш борган сари кўпайиб бормоқда. Ўтмишда улуғ боболаримиз қилгани каби ҳар биримиз умматни бирлаштириш, иттифоқ қилиш ҳаракатида бўлайлик. Бунинг учун Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий тутган йўлга бирлашиб, бир-биримизга бағрикенглик қилиб, "Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ", деган кишиларни тек қўяйлик, уларни куфр, нифоқ ва ширк билан айбламайлик. Аллоҳ таоло барчамизга бу йўлда тавфиқ берсин.
Жаҳонов Сирожиддин
Хўжа Илмкони масжиди имоми