Исломда соғлиқни сақлаш
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Алҳамдулилллаҳ роббил ъаламийн, воссалату вассаламу ъала Расулиҳи Муҳаммадин ва ъала алиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн!
Аммо баъд:
Инсонлар турли замон ва маконларда яшашган ва ҳозир ҳам бу давом этиб келаяпди. Инсон бошига бу синов дунёсида турли хил: Жумладан шодлик, севинч, гоҳида ғам-қайғулар келиб туриши бу айни ҳақиқат. Иймон, Ислом шукуҳи билан яшаган инсонлар шодлик келса шукур қилиб, ғам келса сабр қилиб, бутун инсониятга гўзал намуна бўлганлар. Мўмин инсоннинг оёғига кирган биргина тикон ҳам бежизгамас. Балки, гуноҳи ювилишига ва охиратда даражаси кўтарилишига сабаб бўлади.
Динимизда биз йўлиқадиган ҳар бир масалага очиқ-ойдин жавоб берилган. Агар бизга рўбару келган ишда ўзимизни қоидага биноан тутсак вазиятдан осонлик билан чиқиб кетишимизга сабабчи бўлади. Ҳаммамизга маълумки, бугунги кунда бутун ер юзини коронавирус эпидемияси таҳлика солмоқда. Бу касаллик бизнинг юртимизга ҳам қайд этилганлиги сабабли, республикамиз бўйлаб карантин жорий қилинди. Энг керакли ва зарурий чоралар кўрилиб, касалликнинг олдини олиш бўйича ишлар олиб борилаяпди.
Ислом нури оламни мунаввар қилаган илк вақтларда тибнома, тиббий маданият нима эканлигини одамлар билишмас эди. Ислом дини ҳаётнинг бошқа соҳалари каби тиб соҳасини ҳам тартибга солди. Динимизда сиҳат-саломатлик, тани-соғлик энг улуғ неъматлардан хисобланади. Бу улуғ неъматларга синов келганда биз ўзимизни қандай тутишимиз лозим ?
Хадиси муборакда вабо тарқалган жойга кирмаслик ва у жойдан қочиб чиқмаслик тўғрисида очиқ-ойдин айтилган. Эпидемия тарқалган жойга кириш ёки у ердан қочиб чиқиб кетиш тақиқланади. Демак илк “карантин” динимиз жорий қилган экан. “Карантин”нинг қоидаларига оғишмай қатъий амал қилишимиз ўзимиз ҳамда ўзгаларнинг фойдасигадир.
Хадиси шарифда шундай маънолар келди: Жисмнинг офиятда бўлиши ўз гуруҳида тинч бўлиши, бир кунлик егани ризқи бўлишлиги бутун дунёнинг бойлигини қўлга киритишга тенглаштирилади.
Қайси бир жойда дард тушса унинг ёнига шифоси ҳам туширилади. Тиббиёт мутахассислари тинимсиз иш олиб боришаяпди. Биз ҳам бу касаллик балосини даф қилишда ўз хиссамизни қўшайлик.
Карантин даврида хонадонимизнинг тинч осудалигини, озодалигини сақлаб фарзандларимиз ёнида ўтиришлигимиз, уй шароитида бўлсада вақтни ғанимат билиб билимларини оширишга тарғиб қилишимиз динимиз мақсадарини рўёбга чиқаришимиз ҳамда бу вабонинг олдини олишга қўшган улкан хиссамиз бўлажак!
Одил Жабборов
“Мусофир ота” жомеъ масжиди имом хатиби