1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

САХИЙЛИК

8-04-2020, 14:40 941 Ўқиш режими + -
  

САХИЙЛИК

           
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
            Аллоҳ таоло  хоҳлаган бандаларига Ўз фазли ва марҳаматидан беҳисоб мол-дунё беради.   Мусулмон киши  Аллоҳ берган мол-дунёсини бошқалардан қизганиб бахиллик қилмасдан,  Аллоҳ йўлида   сарфлаши керак. Шунинг учун Ислом дини мусулмон кишини саховатли, қўли очиқ бўлишига тарғиб килади. Шунингдек   эҳсонлар қилишга шошилишини ва кеча-ю кундуз тинимсиз яхшиликпарвар бўлишини васият қилади:
«Аллоҳ йўлида мол-дунёларини кеча-ю кундуз сирран ёки ошқора инфоқ-эҳсон қилган зотлар учун Парвардигорлари даргоҳида ажр-савоблар бордир. Уларга ҳеч қандай хавф-хатар йўқдир. Ва улар ҳеч ҳам хафа бўлмаслар.
Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай деганлар: «Эй одам боласи, ўзингдан ортиб қолган молингни сарф қилсанг ўзинг учун яхшидир. Сарф килмасанг ўзинг учун ёмондир. Етарли молинг бўлса шикоят қилма. Сарфни оилангдан бошла. Бергувчи баланд қўл олгувчи паст қўлдан яхшироқдир».
Қуръони Каримда  инсонлар мол-дунёларини исроф қилмай, яқин қариндошларига ва мискинларга нафақа қилишларини буюрган. Исрофгарчиликка йўл қўювчи ўзининг мол-дунёсини хоҳиш-истаклари йўлида йўқ қилиб юборади. Натижада бошқаларга ёрдам қилиш учун  мол-дунёси қолмайди: 
“Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва йўл ўғлига ҳам. Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма. Албатта, исрофгарчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса, Роббига ўта ношкур бўлгандир”.
(Ал-Исро: 26-27).
          Муҳтож кимсаларга ёрдам  беришнинг васият қилинишида, уларнинг обрусини сақлаш бор. Шунинг учун мусулмон муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишга, агар унга қодир бўлмаса, яхши гаплар билан  кўнглини олишга буюрилган:
“Агар улардан Робингдан раҳмат талаб қилган ҳолда юз ўгирадиган бўлсанг, бас уларга мулойим сўз айтгин”. (Ал-Исро:28).
Ислом дини мусулмон кишини сахий ва олий ҳиммат бўлишига чақиради. Бахил ва қуруқ қўл бўлишини эса қаттиқ рад этади: «Саховатли инсон Аллоҳга, инсонларга ва жаннатга яқин, дўзахдан эса ўзоқ бўлади. Бахил инсон эса Аллоҳдан, инсонлардан ва жаннатдан ўзоқ дўзахга эса яқин бўлади. Саховатли жоҳил одам бахил обид одамдан Аллоҳ таолога  севиклироқдир».
Мусулмонлар саодатда ва хотиржамликда яшашлари учун кучлилар заифларга ҳамда бой бадавлатлар камбагалларга мехрибон бўлишлари керак. 
Инсонлар бир-бирлари билан чамбарчас боғлансалар, ораларида камбағаллик гирдобида қийналаётган ва мол-дунёсини бағрида босиб ётадиган бой-бадавлат бахил одамни қолдирмасаларгина бу камбағаллик балосидан қутулиб кетишлари ва нажот топишлари мумкин.
Ушбу мақсадлар руёбга чиқиши учун Ислом дини пухта қоидаларни белгилаб қўйган. У қоидаларда аввало-яхши амалларни қиладиган, бошқаларга ёрдам қўлини чўзадиган ва яхши ишларда бардавом бўладиган шахсларни пайдо қилиш бор. Шундай олижаноб
шахслар сабабли ҳам ночор одамлар бахтли бўлибгина қолмай, балки, хотиржам ҳам бўладилар. Натижада уларда бой-бадавлат одамларга нисбатан гина адоват ҳам бўлмайди.
Мискин ва бечора ҳол одамларнинг хақлари бўлган мол-дунёни омборда сақловчи кимсалар учун бу дунёдаҳам охиратда ҳам катта хорлик ва шармандалик бор. Бундай мол-дунёлар чақиб олиш мақсадида   инларида яшириниб ётган заҳарли илонларга ўхшайди. Ислом дини бу мол-дунёлар қиёмат кунида ҳақиқий илонларга айланишини ва ўша мол-дунёлар  эгаларини қувлаб юришини аниқ баён қилиб берган: «Ўз ҳақлари адо этилмаган мол-дунё қиёмат куни заҳарли илон бўлиб, ўз эгасининг олдига оғзини катта очиб келади. Илондан қочмоқчи бўлганида унга: «Ўзинг сақлаган молингни ол», деган нидо келади. «Менга керак эмас!», деб қичқирганида, илон имкон топиб уни-катта йиртқич хайвон ўз ўлжасини ямлаб ютиб юборгани каби - ямлаб ютиб юборади».
Ислом дини инсонга яхшиликни шунингдек мол-дунёга бўлган муҳаббати уни катта ҳалокатларга рўбару қилишини теран маьнода тушунтиради. Агар инсон бу дунёда нимага эга бўлди ва унинг оқибати нима бўлади, шу хавфда   озгина  бўлса ҳам фикр юритганида эди, у худбинликдан олижанобликни, бахилликдан эса саховатлиликни афзал кўрган бўлар эди.
«Банда будунёда: «Молим! Молим!», деб ўтиб кетади. Унга молидан фақат учта нарса қолади: еб тугатгани, кийиб йиртгани, бошқаларга Аллоҳ йўлида берган эҳсони. Ундан бошқа ўринларда сарф қилгани зое қилгани ва йўқотганидир».
Ўзидан бошқаларга қолдириб кетадиган мол-дунёси учун одамзотнинг машаққат чекиши қизиқиш.
Расулуллоҳ алайҳиссалом ушбу ҳақиқатни беркитиб турган пардани олиб ташлаб, шундай деганлар: «Сизларга нақд сармоя яхшими ёки насия сармоя яхшими?». Саҳобалар: «Албатта нақд сармоя яхшида!», деб жавоб қилишганида, Расулуллоҳ: «Ишлатиб юборилган мол
нақд сармоя, кейинга қолдирилган мол насия сармоясидир», дедилар.
            Ушбу мақолани тақдим қилишимиздан мақсад,  короновирусдек пандемия - вабо тарқалаётган бугунги оғир синовли кунларда ўз меҳр саховатимизни эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож кишилардан дариғ тутмайлик. Ҳозир айни хайри-эҳсон, садақот ва саховат қилиш палласидамиз. Бу кунлар ҳам омонат, иншааллоҳ ўтади кетади. Қилган саховатимиз қолади.


А. Бойқобилов
“Мусулмоннинг ахлоқи”  китобидан 
Қарши шаҳар бош имоми