Хотиржамлик - ярим соғлик
1401
9-04-2020, 16:58
596
Ўқиш режими
+
-
Хотиржамлик - ярим соғлик
Ҳозирги кунда бутун инсониятни хавотирга солиб турган коронавирус (Сovid-19) эпидемиясидан сақланиш мақсадида Муҳтарам Юртбошимиз ва давлатимиз, ҳукуматимиз томонидан жуда кўп ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Шу сабали ҳам барчамиз кўрсатилган тавсияларга амал қилиб яшасак мақсадга мувофиқ ва хайрли ишлардан бўларди. Бу борада Қуръони каримда Аллоҳ таоло хабар бериб айтадики, “Эй мўминла!р Аллоҳ таолодан сабр қилишлик ва намоз ўқишлик билан ёрдам сўрангизлар, албатта Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”. Ушбу оятдан ҳам кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло сабр қилувчи бандалари билан биргадир.
Ўз замонасининг улуғ олимларидан бўлган, тиб илмига улкан ҳисса қўшган Абу Али Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн Сино ҳазратлари айтган эди: “Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир, хотиржамлик ярим соғликдир, сабр эса шифонинг бошланишидир” .
Қуйида бир зарбул масалга эътибор қаратсак: “Бир киши сафарга кетаётиб, йўлда Вабони учратиб қолибди.
— Қаерга кетаяпсан? — сўрабди вабо.
— Зиёратга. Сен-чи?
— Сенинг юртингга, беш минг кишини олиб кетишга, — дебди вабо.
Ҳар ким ўз йўлида кетибди. Йил ўтиб, улар яна ўша жойда кўришиб қолишибди.
— Сен алдадинг, — дебди зиёратчи вабога — Беш минг кишини олиб кетаман деб, юртимдан эллик беш минг одамни олиб кетибсан!
— Йўқ, — эътироз қилди вабо, — Мен ростдан ҳам беш минг кишини олиб кетдим. Қолгани ваҳима касалидан ўлди…”. Қиссадан ҳисса: Одамни касалликдан кўра, ваҳимаси кўпроқ ҳалокатга бошлайди.
Хўш, бундай пайтда мусулмон киши қандай иш тутиши лозим, шариат бу ҳақда нима дейди, инсон ваҳимага тушмаслик учун нима қилиши керак ва бу “Коронавирус” касаллиги ўзи нима?
Коронавирус ва шу каби тез тарқаладиган касалликлар чиққан жойга кирилмайди ва қаттиқ зарурат бўлмаса, у ердан чиқиб кетилмайди. Тиббий соҳа вакиллари кўрсатмаларига тўла амал қилинади.
Коронавирус (COVID-19) касаллиги шиддат билан тарқалиб, унинг географик ҳудуди кенгаяётган ва одамлар орасида уни юқумли касаллик эканлиги ваҳимаси кучаяётган пайтда дунё ислом уламолари бу касалликнинг шаръий муолажаларини эслатмоқдалар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “…ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!”. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг вабо ҳақидаги сўзлари юқоридаги оятларнинг тасдиғидир. У зот алайҳиссалом шундай деганлар: “Албатта, бу вабо – Аллоҳ у билан сиздан аввалги қавмларни ҳалок қилган азобдир. Ер юзида ундан бир ози қолган. Гоҳида келади, гоҳида кетади. Агар бир ерда вабо пайдо бўлса, у ердан чиқиб кетманглар. Агар бир ерда вабо борлигини эшитсангиз, у ерга борманглар” (Имом Аҳмад ривоятлари). Мадинага ҳижрат қилингандан кейин бир муддат ўтгач, Абу Бакр ва Билол разияллоҳу анҳумони иситма (безгак, вабо) тутди. Бу ҳақда Пайғамбаримизга хабар берилганда, У Зот алайҳиссалом вабонинг кўтарилиши ва Жуҳфа деган жойга кетишини сўраб дуо қилдилар. Аллоҳ таоло У Зотнинг дуоларини қабул қилди (Имом Байҳақий ривоятлари).
Инсоннинг иймон эътиқоди қанча кучли бўлса, Қуръони каримнинг шифоси ҳам шунча зиёда бўлади. Бу борада Аллоҳ таоло Фуссилат сурасиниг 44-оятида шундай марҳамат қилган.“У (Қуръон) иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифо” деб айт”. Қуръони карим сураларининг барчаси шифо бўлиб, хусусан Оятал Курсий, Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Нас суралари билан даволанишни уламоларимиз тавсия қилишган. Хусусан, Ихлос, Фалақ ва Нас сураларини эрталаб ва кечқурун уч мартадан ўқиб юрса барча касаллик ва балоларни даф қилишга етарли бўлади. Шунингдек, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким Бақара сурасининг охирги икки оятини тунда ўқиса, унга етарли бўлади”, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари). Яъни, бу оятларнинг баракасидан Аллоҳ бандасини турли бало-офатлардан асрайди. Ҳадиси шарифларда инсон бирор мусибат ёки касалликка йўлиққанда ўқийдиган махсус дуолар ҳам келган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Кимки: “Унинг исми туфайли еру осмонда бирор нарса зарар бера олмайдиган Аллоҳнинг номи билан паноҳ сўрайман. У ўта эшитувчи ва билувчи зотдир”, – деб уч марта айтса, унга бирор нарса зарар бермайди”, – дедилар. (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).
Юқоридагилардан келиб чиқиб шуни хулоса қиламизки, бундай вазиятда ҳар доим бўлганидек мусулмон киши сабабни ушлаш ва тадбир ўртасида бўлади. Сабабни ушлаш, яъни, зоҳирда эҳтиёт чорасини кўради. Ниқоб тақиб юради, шифокор кўригидан ўтади, агар вирус аломатлари кўринса, яширмайди ва карантинга рози бўлади. Соҳа мутахассислари тавсияси ва бу тўғридаги ҳукумат қарорларини ҳурмат қилади. Тадбир, яъни, ботинида ишларнинг тадбирини қилмайди, энди нима бўлар экан деб ич-этини емайди. Тақдирда Аллоҳ нимани ёзган бўлса, унга рози бўлади. Ҳар бир иш Аллоҳнинг илмида эканига иймон келтириб, Унга таваккал қилади. Хотирижам бўлади, саросима ва ваҳимага тушмайди, ҳамда ваҳима қўзғамайди. Мусулмон кишининг Аллоҳга бўлган иймони уни ҳар қандай қийин вазиятда ўзини муносиб тутишга ундайди. Демак, мусулмон киши бошқа жойларда бўлаётганидек ваҳима кўтармайди ва саросимага тушмайди. Шу билан бирга эҳтиёт чораларини кўради ва сабабларни ушлайди.
А. Ганжиев
Ғузор туман бош имом хатиби