1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҲУНАРЛИ ХОР БЎЛМАС

9-04-2020, 17:16 706 Ўқиш режими + -
  

ҲУНАРЛИ ХОР БЎЛМАС


Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ҳикматларда айтиладики, ҳар ким ҳунар зийнати билан безанмоғи керак. Ҳунарсиз киши қуруқ савлатдир. Қуруқ савлат эса қотиб турган суратга ўхшайди, одамга ўхшаса-да, жони бўлмайди. Дарахт шохи мевасиз бўлса, кийикнинг шохларидан нима фарқи бор. Қалам гарчи чўп бўлса-да, илму ҳунарни ошкор қилгани учун азиздир. 
Шундай инсонларни кўрамизки, беихтиёр отасига раҳмат дейсиз. Улар жамиятда ўз ўрнига эгалиги, касбига садоқати, аҳли-оила ва рўзғори учун жонкуярлиги билан ажралиб туради. Яна шундай инсонларга дуч келасиз,  қалбингизни уларга нисбатан ачиниш ҳисси чулғайди, сабаби айни йигитлик даврини хазон қилаётгани, умр неъматини зое қилиб, вақтини беҳуда нарсалар билан айшу-ишратда ўтказаётгани, аҳли-оила, фарзанд тарбиясига 
бепарво эканига гувоҳ бўласиз. 
 

Бир донишманднинг: “Эй ўғил, ҳунарсиз, дангаса ва ишёқмас кишилар билан улфатлик қилма, уларнинг таъсири сенга ҳам уради. Дангасаларнинг доимий фикру-ўйи ишламасдан катта ейиш, яхши кийинишдир. Улар беҳуда сўзлашни, вақтини хуш ўтказишни, танини семиртиришни ўйлайдилар. Семиз кишининг эса дил кўзи бекилган бўлади, доимо ором топишини ўйлайди, кўп еб семиришни ўйловчи кишиларни донолар  “ҳайвон табиатли кишилар” дейди.        
Бир ишбилармон ва меҳнаткашдан: “Ночор ва ожиз киши қандай бўлади? ” деб сўрадилар. У киши шундай деди: “Ночор, ожиз, дангаса, ялқов шундай кишики, оилани боқишда, нарса топишда суст бўлади. Ғайрати кам, ҳиммати эса паст бўлади, хотиннинг ёнидан чиқмай, уйда ўтираверади”.
Абу Лайс Самарқандий айтади: “Ким касби ҳалол бўлишини истаса, беш нарсани маҳкам тутсин: Биринчиси: касб туфайли Аллоҳ таолонинг фарзларидан бирортасини ортга сурмасин ва уларда нуқсонга йўл қўймасин. Иккинчи: касб туфайли Аллоҳ таолонинг махлуқотларидан бирортасига озор бермасин. Учинчиси: касбида мол жамлаш ва кўпайтириш эмас, ўзи ва аҳли аёли иффатини сақлашни ният қилсин. Тўртинчи: касб қиламан деб ўзини ортиқча қийнаб юбормасин. Бешинчи: ризқни Аллоҳ таолодан деб билсин, касбдан эмас, касб-сабаб, холос ” 


  Инсонда икки хил қувват ато этилган: жасадий-шаҳвоний қувват ҳамда ақлий-руҳоний қувват. Инсон ҳар иккисини ишга солиб, илму-ҳикмат ва касбу-ҳунар билан шуғулланса, дунёвий ва ухровий манфаатларга эга бўлади, маънавий, руҳий озуқа олади, ажр савоб қозонади. 
Ҳар қандай нарсанинг моҳиятини англаш, жаҳондаги воқеаларнинг яхши-ёмон томонларини ажрата билиш, одамларнинг қадру қимматини тўғри тушуниш ва улар билан чиройли муомалада бўлиш ҳамда оиланинг тинч, фаровон яшашини ташкил этиш, қисқаси, ҳар томонлама мукаммал бўлиш учун илм ва ҳунар ўрганиш зарурий эҳтиёжлардан биридир
Хулоса шуки,   инсон учун илм, одобу ахлоқ  билан биргаликда ҳунар ҳам ўрганиш энг зарур нарсалардан бири ҳисобланади. 
 
Акмал ИСМОИЛОВ, 
Чироқчи туман “Турсун Болтахон”
 жомеъ масжиди имом хатиби