Г Ў З А Л Х У Л Қ
1413
10-04-2020, 11:25
407
Ўқиш режими
+
-
Г Ў З А Л Х У Л Қ
Оила-жамиятнинг энг мустаҳкам таянчи дедик. Лекин ҳамма оилалар ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкинми? У қачон шундай даражага кўтарилади? Ким уни ана шундай мақомга олиб чиқади? Қачонки, оилаларда тарбияга устувор вазифа деб қаралса. Бу борада, ҳеч шубҳасиз, ота-оналаримизнинг алоҳида ўрни бор. Таьбир жоиз бўлса, энг катта тарбиячи ота-оналаримиздир.
Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тарбия ҳақида бир қанча ҳадислар вожиб бўлган. Ким уларга эргашса, улкан ютуқларга эришади: “Менга ушбу нарсаларга кафолат беринг, мен сизларга жаннат кафолатини бераман. Сўзласангиз, рост сўзланг. Ваьда қилсангиз, вафо қилинг. Омонат топширилса, сақланг. Кўзларингизни тўсинг ва қўлларингизни тийинг”. Ушбу ҳадиси шариф ижтимоий ва маьнавий тарбиянинг асосидир.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бутун ҳаётларини уммат тарбиясида ўтказганлар. Бир киши қалби қаттиқлигидан шикоят қилиб келганида, етимнинг бошини силашни буюрдилар. Насиҳат қилинг деб келган саҳобага: “Ғазаб қилма!” дедилар.
Пайғамбар бўлиб келиш сабабларидан бирини баён қилиб: “Албатта мен карамли хулқларни батамом ниҳоялаш учун юборилдим”, деб айтганлар.
Оишадан (розияллоҳу анҳо) у зотнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хулқлари ҳақида сўралганида: “Хулқлари Қурьон эди”, деб жавоб берган. Яьни, пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қурьондаги одоблар билан хулқланган эдилар.
Бу хусусда Анас (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳга қасамки, мен Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўн йил хизмат қилдим. Бирор нарсани қилган бўлсам, нега бундай қилдинг, деганларини ёки бирор нарсани тарк этсам, мана бундай қилсанг бўласмиди, деганларини эшитмадим”, деб гувоҳлик берганлар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбар бўлганларидан бошлаб то вафот этгунларича одамларни тарбияга, гўзал хулққа чақирганлар. Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) Маккада у зотнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даьватларини эшитиб, укасига: “Бориб қарачи, бу водий соҳиби нима демоқда?” деганлар. Укалари қайтиб келиб: “Бу водий соҳиби, яьни Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларни гўзал хулққа даьват қилаётганликларини кўрдим” деб айтган.
Чиройли ахлоқнинг тури кўп. Улардан шахсга хос бўлганлари бор: ҳақда собит туриш, ширинсўзлик, ростгўйлик, ихлос, ҳилм, олийжаноблик, юмшоқлик, адолат, омонатдорлик, ва ҳоказо. Улардан жамиятга хослари эса, ўзгаларга кўмаклашиш, эҳсон қилиш, вафодорлик, сахийлик, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш ва бошқа шу каби кабилардир.
Кишининг хулқи гўзал, тарбияси чиройли бўлиши комил имонли эканидан нишонадир. Чунки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўминларнинг имони энг мукаммали хулқи гўзал бўлганларидир”, деганлар.
Гўзал хулқ сабабли киши Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) энг маҳбуб ва қиёмат куни у зотга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) энг яқин киши бўлади. Бу хусусда ҳадиси шарифда: “Огоҳ бўлинг, сизларнинг менга энг маҳбубингиз ва қиёмат кунида менга энг яқин ўтирадиганларингиз кимлигини айтайми? Хулқи гўзал бўлганларинигиздир”, яна бир ҳадисда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, киши гўзал хулқи сабабли кундузи рўза тутувчи, кечаси ибодат қилувчи киши даражасига етади”, деб марҳамат қилганлар.
“Мен хулқини гўзал қилган кимса учун жаннатнинг энг олийсидаги қасрга кафилман”. Уламолар бу ҳадисни келтириб, гўзал хулқ, чиройли тарбия ҳақидаги ҳадислар хусусида: “Шундан бошқа ҳадис бўлмаганида ҳам кифоя қиларди”, дейишган.
Қарангки, чиройли ахлоқ соҳиби учун шунча яхшилик, мукофотлар бор. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир ҳидоятга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг ажрларича ажр бўлади. Бу эса уларнинг ажрларидан ҳеч нарсани ноқис қилмайди..”, дедилар. Демак, ўз фарзандини гўзал ахлоқли бўлишига бутун куч ғайратини сарф этган ота-она, тарбиячи ва мураббийлар учун ҳам шунча савоб-мукофотлар борлигига ҳеч шубҳа йўқ.
Ота-она фарзандига фақат яхшиликни хоҳлайди. Ҳадиси шарифда айтилганидек, отанинг фарзандига берадиган тортиқлари ичида энг афзали тарбия ва одобдир. Фарзанд туғилганидан кейин ота зиммасига унинг моддий таьминоти билан бирга, маьнавий тарбияси ҳам вожиб бўлади. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзандларингизни маҳкам тутингиз ва уларнинг одобларини гўзал қилингиз”, деганлар.
Инсон агар эзгу ғоялар асосида тарбия топаётган бўлса, у ҳамиша зулматдан қочиб, ёруғликка интилади. Ҳар қандай давлатни, жамиятни ўзидан нур таратадиган, шунингдек, ана шундай нурга, ёруғликка интиладиган шахслардан ташкил топган оилалар, шундай оилаларда камол топган инсонлар таянч устун бўлиб ушлаб туради. Халқ ва миллатнинг маьнавияти, ахлоқи, эзгу аньаналари, қўйингки, унинг бор миллий бойлиги, бисоти ана шундай қалбларда макон топиб, тадқиқ этилиб, сайқалланиб, бойитилиб бошқа қалбларга, биздан кейинги авлодларга ўтади.
А. Жумаев
Шаҳрисабз туман бош имом-хатиби