Муомала одоблари
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Маълумки, ҳаёт давом этар экан, инсонлар бир-бирлари билан албатта ўзаро доимий мулоқотда булишади. Мулоқот ва суҳбат асносида ўз муаммоларини ва мушкулларининг ечимини топишга ҳаракат қилишади. Ёлғиз иш бажаришлик фақат Яратгангагина хосдир. Биз инсонлар албатта, ҳамиша кимнингдир маслаҳатига ва кўмагига эҳтиёж сезамиз. Бу нарса инсонлар бир-бирлари билан ўзаро маслаҳат, мунозара , муносабат ва албатта муомалада бўлишини тақозо қилади.
Буни қарангки, ана шу муомала маданиятининг ҳам ўз қоидалари, одоблари бор. Мазкур қоидаларга риоя қилиб муомала қилган одамгина жамиятда ўз ўрнини, қадр – қимматини ва албатта бахтини топади. Бу ҳақда Набий саллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят килинади: “Аллоҳ мени бутларга сиғинишдан қайтарганидан кейинги биринчи қайтарган нарсаси хамр ичиш ва кишилар билан уришиб- тортишишдир”.
Мазкур ҳадисдан кўриниб турибдики, инсонлар билан муомала қилиш жараёнида шеригини ҳам ҳурматини қилишлари, ўзаро жанжал қилишликдан сақланишлари зарур ишлардан экан.
Муомала жараёнида инсон шеригини баъзи бир ҳолатларига алоҳида эътибор бериши лозим бўлади, масалан: кайфиятига, қаерда ўтирганига, кимлар билан ўтирганига, жинсига, ёшига ва ҳатто касбига алоҳида аҳамият бериши лозим. Ҳаттоки, ислом таьлимоти инсонларга ўз аҳли билан қандай муносабатда бўлиш кераклигини ҳам уқтириб ўтган.
Баъзи ҳукамолар айтишади: “Кимки ота-онасига оқ бўлса - боласидан хурсадчилик кўрмайди. Кимки ишда маслаҳат сўрамаса, ҳаётининг лаззати кетади. Киши уйига кирса аҳлига салом бериши, яхшилаб ўтириб жойлашмагунча гапирмаслиги, агарда гапирса , мулойимлик, муросаю - мадора ва меҳр - муҳаббат билан гапириши мустаҳабдир. Чунки, Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз – аҳлига яхшиларингиздир” деганлар.
Муомала жараёнида саломнинг аҳамияти жуда катта. Айниқса, иши тушган одам ёшидан қатъий назар биринчи бўлиб салом берса ва албатта мулойимлик билан сўз бошласа, иншааллоҳ иши ўнгидан келишлиги тайин.
Дунёдаги барча келишмовчиликларнинг асосий сабаби инсонларни айнан мана шу муомала маданиятига амал қилмаётганликлари туфайли эканлиги бугун ҳеч кимга сир эмас. Тинчлик –хотиржамлик, тараққиёт ва дўстликка эришишда - муомала маданиятининг аҳамияти беқиёсдир.
Хуросон ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро илм толибларига сабок бераётган доно вазири Алишер Навоий ҳазратларига яқинлашиб, кўрсатгич бармоғи билан бошини кўрсатди. Навоий ҳазратлари ҳам кўрсатгич бармоғи билан тилини кўрсатди. Бу имо - ишорани кузатиб турган шогирдлар маъносини устоздан сўрашди. Устоз айнан шуни маъносини ҳар ким ўзи топиб келишини уй вазифаси тариқасида шогирдларига топширди. Эртаси шогирдларини бирортаси ҳам қониқарли жавоб топиб келиша олмади. Шундан сўнг устознинг ўзи жавоб берди: “Ҳукмдор - бошга балони нима келтиради - деб сўради. Мен тил – деб жавоб бердим”. Қиссадан ҳисса шуки, инсон муомала жараёнида шеригини ҳам тушунишга ҳаракат қилмоги, бир сўз билан айтганда муроса одобларига риоя қилган ҳолда суҳбатлашиши лозим бўлади. Шундагина ака - укалар ўртасида, қайнона - келинлар ўртасида, дўсти-ёрлар ўртасида, эри - хотинлар ўртасида , қўни - қўшнилар ўртасида ҳеч қанақа келишмовчиликлар чиқмайди.
Қадимда ўзбек аёллари - момоларимиз ўз турмуш ўртоқларини ниҳоятда ҳурматини жойига қўйиб, кўзларига тик қарамасдан қўлларини кўксиларига қўйиб сухбатлашган. Ўз навбатида эркаклар ҳам ўз аҳли аёлларини ниҳоятда ҳурматини жойига қўйиб муомала қилишган. Натижада улар, чин маънода қўша қаришган. Ажрим ва қўйди - чиқдилар жуда кам бўлган.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирда кўпгина ёш оилаларни эрта бузилиб кетишининг ҳам асосий сабаби, айнан муомала маданиятига риоя қилмасликдир. Ўзаро муомалада динимиз таълимотларига амал қилиш, меҳр - оқибат ва ҳурмат -иззатни одамлар орасида сақланиб қолишининг асоси ҳисоблади.
Ҳар кимки чучук сўз
элга изҳор айлар
Ҳар нечаки ағёр дурур ёр айлар.
Сўз қаттиғи эл кўнглига озор айлар,
Юмшоғи кўнгилларни гирифтор айлар.
(Навоий)
Шуҳратхон Хафизов
Шаҳрисабз туман “Тўрабой охун”
жомеъ масжиди имом хатиби