Имомлар хизмати эътироф қилинди
1415
10-04-2020, 12:25
492
Ўқиш режими
+
-
Имомлар хизмати эътироф қилинди
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Бугун юртимизда 2000 дан ортиқ масжид фаолият кўрсатмоқда. Ушбу масжидлар имом хатиблари бугун ҳар бир соҳада фаоллик кўрсатмоқдалар. Барча замонларда ҳам дин ва диндорларга эътибор берилганда нафақат масжид, мадрасалар, балки жамиятдаги барча соҳалар мисли кўрилмаган даражада ривожланган. Бунинг ёрқин исботини бугун таваллуд кунлари бўлган Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳукмдорлик қилган даврлар мисолида кўришимиз мумкин.
Муҳтарам Юртбошимиз президентликка сайланган кунданоқ барча соҳалар каби диний соҳага ҳам алоҳида эътибор берди. Хоссатан, яқин тарихимизда биринчи марта имом хатиблар билан алоҳида учрашув уюштирилди ва давлат раҳбари улар билан дилдан самимий суҳбатлашди. Унда диний ходимларга катта имконият бериш билан бирга ўта масъулиятли вазифаларни ҳам юклади. Шунга биноан диний ходимлар масжид ва мадрасалар фаолияти билангина шуғулланиб қолмасдан, балки жамиятнинг барча соҳаларига кириб бориб у ердаги муаммоларни ҳал қилишда яқиндан ёрдам беришга астойдил киришмоқда. Мазкур ислоҳотлар бошланганига унча кўп бўлгани йўқ. Лекин натижалар кўзга ташланиб қолди. Қанчадан-қанча адашган гуруҳлар аъзолари билан яқиндан суҳбатлар ўтказиш натижасида уларнинг қарашларида ажойиб ўзгаришлар бўлиб, аксарияти ўз хатоларидан пушаймон бўлиб тўғри ва соф исломий йўлга ўтди. Бунинг учун эса имомлар кечани-кеча, кундузни-кундуз демай, уйма-уй юриб тушунтириш ишларини олиб борди, натижа эса ҳаракатга мос равишда яхшиланиб бормоқда. Ундан ташқари, жамиятда илдиз отган жиноятларга қарши курашишда ҳам диний соҳа мутахасислари жонбозлик кўрсатмоқда.
Шунингдек, имом-хатиблар ўзлари фаолият кўрсатаётган масжидларга келиб мурожаат қилаётган оилавий можароларни ҳал қилиш билан кифояланиб қолмасдан, балки маҳалла фаоллари билан биргаликда уйма-уй юриб нотинч оилаларни яраштириш ва болаларнинг тирик етим бўлиб қолишини олдини олиш билан машғул бўляпти.
Мактаблар, коллежлар, олийгоҳлар ҳаттоки баъзи ташкилотларга ҳам бориб долзарб мавзуларда учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказмоқда. Матбуот, радио ва телевизор орқали эфирга узатилаётган қанчадан-қанча кўрсатувларда ҳам имомлар иштирок этмоқда.
Жамиятдаги ёрдамга муҳтож инсонларга ҳам имкон даражасида ёрдам берилмоқда. Айниқса, бугунги коронавирус номли хасталик юртимизни ҳам четлаб ўтмаган синовли кунларда имом хатибларимиз ҳомийларни жалб қилган ҳолда муҳтожларга моддий ёрдамларни ташкил қилишда жамиятнинг олдинги қаторида бормоқдалар. Уларнинг ташаббус кўрсатишлари натижасида минг минглаб муҳтож оилаларнинг ҳолидан мунтазам хабар олиниб, уларга далда бўлиб турилибди. Бир сўз билан айтганда, имом хатиблар жамиятимизнинг ҳар жиҳатдан равнақ топиши йўлида самимий ихлос ила хизмат қилаётир.
Бугун Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан имом хатибларнинг фаолияти эътироф қилиниб, вилоятдаги жоме масжидларнинг 130 нафар имом хатибларига моддий ёрдамлар ташкил қилинди. Уларга саккиз турли (ун, гўшт, гуруч, шакар, картошка, ёғ, пиёз, тухум) кундалик эҳтиёж маҳсулотлари улашилди. Халқимиз бошидан синовли кунларни ўтказаётган айни кунларда кўрсатилган бу ғамхўрлик ва рағбат имом хатибларни ниҳоятда тўлқинлантириб юбордики улар бундан буёғига ҳам бор куч ва имкониятларини олийжаноб мақсадлар йўлида сафарбар бўлишга аҳд қилишди. 


ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллиги матбуот хизмати