1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Камолот калити

10-04-2020, 16:56 602 Ўқиш режими + -
 

Камолот калити


Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Инсон дунёда яшар экан, ўз ҳаётини гўзал ўтказишга ҳаракат қилади. Турмушнинг фаровон бўлиши, жамиятнинг тараққий этиши эса фақат илм-фан билан бўлади. Қаерда илм-фан ривож топса, ўша ерда тараққиёт бор. 
                Тарихдан аёнки,  одам болалари ер юзида пайдо бўлган дастлабки пайтларданоқ илм сари, ўрганиш сари интилганлар. 
         “Яна бир ҳикмат бор, Ҳазрати одам
         Билим ақлу идрок сабаб муҳтарам”
“Қутадғу билиг” асаридаги ушбу байт  ҳам аждодларимиз илмга ғоят эътиборли бўлганликларини эслатиб туради. Илм ўрганиш Аллоҳни таниш, ўзни англаш, дунёни идрок этишдир. Илм олишда диний ва дунёвий деб ажратиб бўлмайди, бу борада Амир Темур ҳазратларининг ҳаётларидан мисол қилсак, ул зот Қурьон, ҳадис, тавҳид, иқтисод, саньат, ҳарбий, фалсафа, тарих илмларидан хабардор бўлганлар. Шундай экан барча фанлар бир бирига боғлиқдир ва бир бирини тўлдириб туради. Бири бўлмаса бирини англаш мушкул. Қолаверса, диний илмлар ҳам, дунёвий илмлар ҳам Аллоҳнинг илми бўлиб, уларни бир-биридан ажратиш мумкин эмас. Ҳазрати Одам алайҳиссалом дунёвий илм туфайли фазилатга эга бўлиб, фаришталарнинг таъзимига сазовор бўлдилар.
Дунёвий илм одамга ҳурмат ва фазилат келтирар экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида марҳамат қилиб: “Илм Чин-Мочин (Хитой)да бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, – деганлар. Бундан ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни талаб қилиш фарзлиги маълум бўлади.
 Аллоҳни таниш ҳам илм орқали бўлади. Масалан, кўпчилик дунёдаги таниқли олимлар Қурьон мўъжизаларини илмий исботларини кўриб исломни қабул қилганлар. 
          Қалбларга йўл ҳам аввало таълим-тарбиядан бошланади. Инсоннинг қадри, даражаси баланд бўлиши унинг илмий салоҳияти ва маънавий олами гўзал бўлишига боғлиқ экан. Ватандошимиз машҳур фақиҳ олим Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Таълим олувчи муҳтож бўладиган нарсанинг энг аввали-олган илмидан фойдаланиши ва ўзидан у таълим олаётган кишига фойдали бўлиши учун ниятини тўғрилаб олишдир. Инсон умри давомида қандай ютуқларга эришмасин, қаерда ишламасин бу унинг таьлим тарбияси маҳсулидир.  Қолаверса, ўқиб ўрганмаса фойда ва зарар, ҳалол ва ҳаромнинг фарқига етиб бўлмайди.
         Ҳар бир инсон - бир устоздир. Илмни ҳатто ёнингиздаги инсондан, ҳаётингизда учраган кишилардан ҳам ўрганиш мумкин. Кимнингдир яхши ишини кўриб,  демак, мана шундай қилса яхши бўларкан деймиз, ёмон ишларини кўриб ҳам ёмонликдан ўзимизни қайтарамиз, тафаккуримизни атрофимиздаги инсонлар ҳам бойитиб бораверади. Илм бу - умр бўйи инсоннинг қалбини сайқаллаб борадиган, жисмонан ва руҳан баркамолликка, мукаммалликка элтадиган йўлдир.  
Халқимиз азалдан илм-маърифатга интилган, китоб ўқишга қаттиқ муҳаббат қўйган. Юртимиздан донғи дунёни тутган улуғ олимлар ва мутафаккирларнинг кўплаб чиққани ҳам бежиз эмас. Илмли зиёлилар уёқда турсин, оддий ҳунарманд косиб ёки деҳқоннинг хонадонида узун қиш кечалари оилавий китобхонликлар бўлган, саводхон кишилар оила аъзоларига турли диний, илмий ва назмий китобларни ўқиб беришган. Матбаачилик ривожланмагани, китоблар хаттотлар томонидан қўлда кўчирилганига қарамай, ота-боболаримиз ҳамиша китобга интилишган, китобни ардоқлашган, ўқиганларини бошқаларга ёйишган.
Биз шундай илм-фан ватанининг фарзандлари эканимиздан фахрланишга ҳақли ва ўтган аждодларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга бурчлимиз. Бунга эса улар қолдирган бой меросни чуқур ўрганиш, инсонларга фойда келтирувчи барча илмларни пухта ўзлаштириш ва уни фарзандларимизга ҳам ўргатиш орқали эришилади.
Қудсий ҳадисда шундай дейилади: “Эй одам боласи, билгинки, саломатлик –бирликда, ихлос-тақвода, художўйлик-тавбада, ибодат-илмда, бойлик эса қаноатдадир”.
Келгусида  ўз тақдирини шу юрт истиқболи, истиқлоли, ривожи ва тараққиёти билан боғлаган ҳар бир ёш авлод, аждодларимизнинг бой меросларидан  ўзи ҳам баҳраманд бўлиб, халқимиз илму-маърифатини янада юксакликка олиб чиқишда ўз ҳиссаларини қўшадилар деган  умиддамиз. Зеро,  илм  инсонга дунёда ҳам, вафот этганидан кейин охиратда ҳам   манфаат етказиб туради.
 
Н.   Садатова 


ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги 
 вакиллиги ҳуқуқшуноси