Тақво нима?
Одамлар фикрида тақво ҳилма-ҳил,
Баъзи биров қилар ўзича таҳлил,
Кимдир айтар, тоза киймоқлик,
Кимларгадур бу тақво, тоза емоқ.
Ўзича дер биров уни, фақат ибодат,
Бошқа биров учун бу фақат суннат,
Айримлар наздида барчага ҳурмат,
Халойиқ олдида элга муҳаббат.
Яна биров айтар, у фақат тариқат,
Бу фикрга эргашар, билмай шариат,
Азизлар наздида, аввал шариат,
Тариқат, маърифат, сўнгра ҳақиқат.
Халифаи расул Умари одил,
Дедилар, тақво ҳақда, келтиринг далил,
Саҳобалардан кекса, Убай ибн Каъб,
Тақвони қилдилар Умарга таҳлил.
Эй Умар, деди ул Убай ибн Каъб,
Олдингда бир кўча, йўловчи бўлсанг,
Тиканли, ифлос, бўлса бетартиб,
Фикр қил, йўлдан сен қандай ўтишинг.
Жавоб берди Умар ўйланиб туриб,
Эҳтиёт бўлиб ўтаман кўчадан юриб,
Оғритмасин оёқни, тикан суқилиб,
Нажас, ифлослардан ўзимни тортиб.
Тақво шул деди, Убай ибн Каъб,
Ҳаётда ҳам йўлни топ, Сен шунга қараб,
Ҳаромдан, нажасдан ўзингни тортсанг,
Омонат жисмингни эҳтиёт қилсанг.
Шариат амалин аъло бажарсанг.
Етимга сен доим мурувват қилсанг,
Асли шу тақво, эй Умар билсанг,
Шояд, шу сабабли ҳурмат қозонсанг.
М. Мукаррамов
Косон тумани бош имом – хатиби