Cабрли бўлайлик
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Бошига қайғу, мусибат келган банда қалбида ихлос билан: “Биз ўзимиз, аҳли оиламиз, ҳамда, барча молу дунёмиз Аллоҳникимиз. Ва яна Аллоҳнинг ҳузурига қайтажакмиз. Эй Аллоҳим, қайғум баробарича менга берилажак савобни охиратимга сақлаб қўяман.Ушбу мусибат ўрнига менга хайрли кунларни насиб эт”, деб айтсин. (Ҳадис)
Аллоҳ таоло Қурьони каримнинг кўп оятларида сабрни мадҳ этди, ҳамда сабрли бандаларига жуда кўп фазилату яхшиликларни беражагини таъкидлаб ўтди. Масалан, бир ояти каримада: “Эй иймон келтирганлар, мендан сабр ва намоз билан ёрдам сўранглар! Албатта, Аллоҳ сабрли бандалар билан биргадир”, дейилган. (Аҳқоф сураси, 34 - оят)
Эътиборлиси, ушбу оятда Аллоҳ таоло ўзини сабр этгувчилар билан бирга эканлигини таъкидлади.
Сабр фазилати ҳақида Расулуллоҳ с.а.в.дан кўп ҳадислар ворид бўлган. У киши ўша ҳадисларда сабр қилувчиларга жуда кўп савобларни ваъда қилганлар.
Албатта, Одам боласига қайғу, мусибат ёқимсиз ҳолатдир, бироқ шундай бўлсада ҳар бир ёқимсиз мусибат замирида бир яхшилик, бир фойда бўлганлиги сабабли, мусибат ҳам фойдасиз нарса эмас. Мусибат сабабли инсонинг аввало хулқи тузалади, кўнгли яхшиланади, ақли жойига келади.
“Сизни ноҳақ жазолашмоқда” дейишганда Суқрот ҳаким: “Сизлар мени ҳақли ҳолда ўлдирилишимни хоҳлаган эдингизми?”, деб жавоб берган экан.
Мусибатлар не жафоли бўлмасин, қўрқинч ёки шунга ўхшаш ҳолатлар не қадар туташ бўлиб келмасин, банданинг вазифаси тақдирга норозилик, умидсизлик эмас, балки ўша ҳолатда: “Аллоҳ таоло ушбу қайғуга сабр қилсам менга фалон фалон яхшиликларни, иншааллоҳ, ато этади” деб Аллоҳнинг раҳматию карамидан умидвор бўлмоқликдир.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтадилар: “Менинг ўғлим вафот қилди ва Расулуллоҳ с.а.в менга хат ёздилар. Хатда: “Аллоҳнинг расули Муҳаммаддан с.а.в. Муоз ибн Жабалга: “Ассалому алайкум. Аммо баъд. Эй Муоз! Аллоҳ сенга буюк ажр ато этди ва буюк раҳматини илҳом қилди. Шу билан бирга бизни ва сени шукр неъмати ила ризқлантирди. Ундан сўнг, Эй Муоз! Албатта бизнинг ўзимиз, молу-дунёимиз, аҳли – оилаю, фарзандларимиз, ҳамда, уларнинг ҳам молу - дунёлари Аллоҳнинг бизга берган совғасидир. Аллоҳ уларни сақлаш учун бизга ажратмиш. Биз улардан саноқли умримиз давомида фойдаланамиз, роҳатланамиз. Маълум вақтдан сўнг ушбуларга яна Аллоҳнинг ўзи эгалик қилур.
Ундан кейин Аллоҳ бизга ўзи ато этган неъматларига шукр этмоғимизни, балоларга сабр этмоғимизни фарз қилди. Сенинг вафот қилган ўғлинг Аллоҳнинг сенга ато этган совғаси эди ва уни сенга сақлаш учун ажратган эди. Сен ушбу неъматдан фойдаланндинг, роҳатландинг, ҳатто, ўша фарзанд ҳаётинг қувончига айланди. Ва ниҳоят Аллоҳ катта мукофот бериш шарти билан унинг жонини олди. Агарда сен сабр қилсанг...
Эҳтиёт бўлгинки, сенга берилажак буюк савобни, чекадиган аламинг йўққа чиқариб қўймасин. Билгинки, мусибат ҳеч қачон савобдан устун бўла олмайди. Ва яна шуни билки, ғам - алам ўликни тирилтира олмайди, маҳзунликни кетказа олмайди.
Огоҳ бўл, мусибатга бесабрлик қилиб ачинмоқлигинг сенга нозил бўлувчи Аллоҳнинг раҳматини кетказиб қўймасин. Вассалом”, дейилганди.
Х. Шарипов
Косон туман “Ғоиб ота” жомеъ
Масжиди имом хатиби