ҲАДИСДАГИ ҲИКМАТЛАР
1424
11-04-2020, 12:09
505
Ўқиш режими
+
-
ҲАДИСДАГИ ҲИКМАТЛАР
Бисмиллаҳир роҳманир ролҳийм
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларга бошқа инсонларнинг кўзига арзимас бўлиб кўринадиган одоб-ахлоқ мезонлари-ю, уларга амал қилиш йўл-йўриқларини мукаммал ҳолатда ўргатиб кетганларки, бу айни мусулмон учун ўта муҳим одоб намуналаридир. Пайғамбаримиз ҳар бир нарсада Аллоҳ табарока ва таоло номини зикр қилишлик банда учун барака олиб келишлигини таъкидлаганлар.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда “Набий алайҳиссалом : “Идишларнинг устини ёпинг. Мешларни боғланг. Эшикларни беркитинг. Чироқларни ўчиринг. Бас, шайтон мешларни еча олмас. Эшикларни оча олмас. Идишларнинг устини очаолмас. Агар бирортангиз ҳеч нарса топа олмаса, идишнинг устига бир чўпни кўндаланг қўйиб бўлса ҳам, Аллоҳнинг исмини зикр қилиб қўйсин. Албатта, фосиқча уй аҳлининг устидан уйларига ўт қўйиб юборур” дедилар. Абу Довуднинг лафзида: “Эшигингни беркит ва Аллоҳнинг исмини зикр қил. Чироғингни ўчир ва Аллоҳнинг исмини зикр қил. Идишингни устини ёп ва Аллоҳнинг исмини зикр қил. Мешингни боғла ва Аллоҳнинг исмини зикр қил” дейилган. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Албатта, эшикни беркитиб қўйишда уй эгаси учун кўплаб фойдалар бор. Зотан эшикнинг ўзи беркитиш учун қурилади. Эшик беркитилмаса, уйга турли зарарли ҳашаротлар, ҳайвонлар кириб зарар етказиши мумкин ва ҳам Аллоҳни исмини зикр қилииб ёпилса ичкарига шайтон ҳам кира олмас экан. Шайтон уй ичкарисига кирмагандан кейин банданинг уй ичидаги хотиржамлиги яхшиланади. Чироғингни ўчир ва Аллоҳнинг исмини зикр қил. Бу вазифа ҳам инсон фойдаси учун. Чунки кечқурун турли талофатлар етмаслиги учун уйни чироғини ўчириб ухлаган афзал. Пайғамбаримиз фосиқча деб айтаётган нарса сичқон бўлиб, қадимда Пайғамбаримиз даврларида уйларда қўлга кўтариб юриладиган чироқлар мажуд бўлган. Агар чироқлар ўчирилмаса кечаси сичқон келиб чироққа тегиб кетиши оқибатида уй ёниб кетиши хавфи бўлган. Аммо бугунга келиб ҳеч қандай зарар йўқ деб бўлмайди. Марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг китобларида шундай жумла келтирилади: “Ушбу ҳадиси шарифнинг шарҳи 1999-йил 14-май куни жума куни ёзилди. Тасодифни қарангки, эртасига шанба куни ал-Араб газетасининг 14-15-май куни учун чиққан 5620-ададига назар солиб охирги саҳифада “Ёруғликда ухлаш узоқни кўра олмасликка сабаб бўлади” деб номланган илмий мақолани ўқиб қолдим. Унда хабар берилишича, АҚШнинг Флорида вилоятидаги Пенсилвания дорулфунуни тиб факультетида олиб борилган илмий тажриба натижаси хақида сўз борар эди.

Доктор Ричард Стоун раҳбарлигида узоқни кўра олмаслик хасталигига учраган 479 нафар икки ёшдан йигирма икки ёшгача бўлган беморлар устида олиб борилган тажриба ҳақида ҳам берилган эди. Унда айтилишича 479 бемордан 10% қоронғуда, 34 % ним ёруғда ва 56 % тўла ёруғда ухлар экан. Демак узоқни кўра олмаслик хасталиги асосан чироқни ўчирмай ухлашлик оқибатида бўлар экан ” дейдилар.
“Идишни устини ёп ва Аллоҳни номини зикр қил”. Бу кўрсатма бугун ниҳоятда кўп хонадонларда амалга оширилмайди. Сув солинадиган идишларнинг усти очиқ қолиши, таом солинадиган идишлар беэьтибор қолиши ниҳоятда кўп кузатилади. Аслида идишни устини ёпишнинг фойдаси озиқ-овқат, сув ёки бошқа идишларда сақланадиган таом ва шаробларга турли зарарли нарсаларни тушишлигини олдини олиш учун. Беэътиборсизлик оқибатида бутун бошли сув идишларнинг ичига турли деворларда юрадиган турли ҳашоротлар, бошқа инсон таъби хушламайдиган нарсалар тушишлиги оқибатида сув ва таомлар эстеъмол қилиб бўлмайдиган ҳолга келиб қолмоқда.
Идишларнинг оғизлари ўз ақтида ёпиб қўйилса, ёхуд “Агар бирингиз ҳеч нарса топа олмаса, идишининг устига бир чўпни кўндаланг қилиб бўлса ҳам Аллоҳнинг исмини зикр қилиб қўйсин” деганларидек, хонадон эгалари идишлар устини ёпа олмаган тақдирда бир дона чўп қўйиб, Аллоҳни номини зикр қилиб қўйишса Аллоҳни ўзи ўша идишга турли зарарли нарсалар тушишидан сақлайди.
Ислом шариатида келган барча кўрсатмаларнинг ҳикмати давр ўтган сари, илм ривожланган сари ўз тасдиғини яна ҳам кучлироқ топиб бораверади
А.Жумаев Шаҳрисабз туман бош имом-хатиби