1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Қалб касаллигидан сақланайлик!

11-04-2020, 12:11 1 052 Ўқиш режими + -

Қалб касаллигидан сақланайлик!

Пайғамбар с.а.в қалбнинг қорайиши, яъни касалланиши сабабларини зикр қилиб, қуйидаги ҳадисларида шундай деганлар. “Агар мўмин киши бир гуноҳ қилса, унинг қалбида бир қора доғ пайдо бўлади. Агар у тавба қилиб, гуноҳдан қайтиб, истиғфор айтса, у йўқолади. Аммо гуноҳни зиёда  қилса, у қора доғ ҳам кўпаяди ва натижада бутун қалбини ўраб олади”(Имом Термизий ривояти) 
Хасан Басрий рохимаҳуллоҳ қалб касаллиги олти нарсадан пайдо бўлади деганлар:
1. Тавба умидида гунох қилавериш.
2. Амал қилмаган ҳолда таълим олавериш.
3. Амал қилганда ҳам ихлоссиз бўлиш.
4. Аллоҳнинг ризқини шукр қилмасдан еявериш.
5. Аллоҳнинг тақсимотига рози бўлмаслик.
6. Ўликларни кўмиб ибратланмаслик.
Демак, мўмин банда ҳуда-беҳуда ишларга вақтини сарфлаш, ислом шариатида тақиқланган нафрат, ҳасад, гумон каби иллатларни қилишда давом этаркан, қалби қораяда, ҳатто қалбни ўлдиради ва натижада қалбида касаллик пайдо бўлади. Ҳикоят қилинишича, олис бир қишлоққа табиблар бориб, шу ерлик аҳолини тиббий кўрикдан ўтказмоқчи бўлишибди. Табиблар шикоят билан келган беморларга бирин-кетин ташхис қўйиб муолажа қилишибди. Аммо, шунча беморлар орасида бирортаси ҳам қалб касаллигидан, яъни юрак хасталигидан шикоят қилишмабди. Илгари бундай ҳолатга дуч келмаган табиблар бунинг сабабини ахтара бошлабди. Қишлоқнинг ҳавоси бунга  сабабми десалар, ундан боҳаво жойлар ҳам бор. Сувида сабабми десалар, бошқа шифобахш сув чиқадиган бир қанча қишлоқлар аҳолиси қалб касаллигидан шикоятлари мавжуд.  Бошқа шифобахш жиҳатлари бордур дея гумон қилишса ҳам хеч жавоб чиқмагач, қишлоқ аҳлидан бўлган кишилардан сабабини сўрашса, кексалар шундай жавоб бершиган эканлар:
“Биз ғийбат, ҳасад, кўролмаслик, кек сақлаш ва адоват каби иллатлардан ҳазар қиламиз. Бирор кимсага нисбатан бундай муносабатда бўлмаймиз. Аксинча, ўзаро ҳурмат ва иззатда яшаймиз. Ана шунинг учун хам бирортамизнинг қалб касаллигидан шикоятимиз йўқ” деб айтган эканлар. 
Инсонларни ўзаро меҳр муҳаббат ила яшашлигида кўпроқ  Аллоҳ таолони зикр қилишлари ва бандаларга берган неъматларига шукр қилишлари сабаб экани Қуръон каримда зикр қилинган. “Улар имон келтирган, қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлинглар, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олади.” (Раъд сураси, 28-оят). Албатта инсонларнинг қалби Парвардигорини эслаганидек хотиржам бўлолмайди. 


 
Олимлар олиб борган илмий тадқиқотларга кўра, диндорлар эътиқодсизларга нисбатан юрак касаллигига 60% кам учраб,  қон босимининг хавфли кўриниши ҳам кам бўлар экан.
Тиббиёт олимларининг йиллар оша суриштириб била бошлаган бу ҳақиқат Қуръонда XIV аср олдин айтилган. Бугунги кунда кўпдан-кўп ўзига тўқ, ҳар томонлама таъминланган оилалар бор, лекин қалби хотиржам эмас. Масалан, оилада эр ва хотин тирикчилик ғамида тиним билмай елиб югуради.  Шунга қарамай бошқа бир камчилик кўриниб қолади. “Бой бўлиб олай, кейин хотиржам яшайман.”, “Мана бу ишни битирволсам, кўнглим тинчийди.” деб ўйлашади. Аммо бу иш бошқа каттароқ юмушни етаклаб келгандек бўлаверади.
Аслида тинчлик–хотиржамликка Аллоҳни зикр қилиш билан эришилади. Хар соатда, ҳар сонияда Аллохнинг бирлигини, борлигини эсдан чиқармай халқдан уялмасада Холиқдан ҳаё  қилган кишини хар бир ишидан қониқиш ҳосил қилинади ва қалби хотиржам бўлади. Ҳар бир яхшилик ва ёмонлик Аллоҳнинг бир синови деб билади. 
Неъмат етганда шукр, мусибат ва синовда сабрли бўлади. Ҳикматларда “Ким қалбини Аллоҳга боғласа, бахт унга боғланади” дейилади. Ер юзида яшаётган инсонларнинг ўз мезон ва андозалари бор. Улар эркак ва аёлдаги чиройли сурат ва гўзаллик, мол-дунёнинг кўплиги-ю, мансабу амалдаги фахрланишдир. Ушбу сифатлардан биридан эга инсонга албатта бошқалардан ўзини устун қўйиш ва ўзини кучли деб ҳис қилиши бор. Аммо еру осмонларни яратган Аллоҳ таолонинг ўз мезон ва андозаси борки, у ҳам бўлса эрта қиёмат кунида, инсонларнинг қалби ва амалларига қараб ҳисоб-китоб қилади. Жумладан Шуаро сурасининг 88-89 оятларида “У кунда на мол-дунё ва на фарзандлар фойда бермас, Фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)”. Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в   ҳам шундай деганлар: “Аллоҳ таоло сизларнинг суратларингиз ва молларинигизга назар солмайди, балки, қалбларинигиз  ва амалларингизга боқади”(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).  Ҳар бир эзгу амалларимизни холис Аллоҳ учун бажариш орқали қалбни поклаб, қалблар Эгаси Роббимизнинг розилигига эришиш неъматини барчамизга насиб эт!
  
Самиев Абдумуталлаб            
 
“Ойша она” жоме масжиди 
имом хатиби