ВУЖУДИЙ ПОКЛИК-ИБОДАТ ШАРТИ
1427
11-04-2020, 18:21
785
Ўқиш режими
+
-
ВУЖУДИЙ ПОКЛИК-ИБОДАТ ШАРТИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ислом тарихидан маълумки, жоҳилият даврида одамлар ибодат ва дуо пайтида инсоннинг танаси пок бўлишига эътибор беришмаган. Уларда юз-қўлларни ювиш, жунуб ҳолатда ғусл қилиш каби тушунча –талаблар мавжуд эмас эди. Ўша пайтларда турли хил нопок ишлар оддий ҳол эди. Ислом дини илоҳий амрлари билан бу нопокликларга барҳам берди. Илоҳий амр эгаси бўлган Аллоҳ таоло инсоннинг вужуди пок бўлишини талаб қилиб, бундай дейди: “Эй иймон келтирганлар, намозга турмоқчи бўлсанглар, юзингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари билан ювинглар, бошингизга масҳ тортинглар ва оёқларингизни тўпиқлари билан ювинглар. Булғансанглар, покланинглар. Агар бемор ё мусофир бўлсанглар ёхуд бирингиз хало жойдан келса ё хотинларга яқин борсанглару, кейин сизлар сув тополмасанглар, пок тупроққа таяммум қилиб, уни юз ва қўлларингизга суртинглар. Аллоҳ сизларга тангликни раво кўрмайди, лекин сизларни поклашни ва шукр қилишларингиз учун неъматларини тўкис беришни истайди” ( Моида сураси, 6-оят).
Бир минг тўрт юз илгари нозил қилинган бу оят инсонларни юз-бош, қўл-оёқларини ювишга, жунубликдан чўмилиб пок бўлишга ундади. Ушбу оят нозил бўлгандан бери Исломни эътиқод билган инсонлар шу илоҳий буйруққа амал қилиб яшаб келмоқдалар. Ўз вужудларини шу буйруққа асосан поклаб, иншааллоҳ, ажру савобларни қўлга киритадилар. Бинобарин, дуо ва ибодатлари Аллоҳ таоло даргоҳида мустажоб бўлади. Ва аксинча, бу илоҳий буйруққа асосан вужудини поклашга одатланмаган инсоннинг дуо ва ибодатлари қабул бўлмайди. У ажру савоблардан қуруқ қолади.
Инсон эрталаб уйқудан турганда вужудидаги сочлари тўзиган, бетартиб ҳолатда бўлади. Ойнада ўзини кўриб, ўзини тўғрилайди. Инсон ўзини тартибга солишда ойнага қараса, ўзи учун ойна сифатида ўзининг поклигига, озодалигига назар солиши лозим. Чунки поклик, озодалик инсоннинг ойнасидир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар:“Поклик мўъминнинг ойнасидир”.(Имом Бухорий ривояти)
Инсон ўз вужудини сув билан поклайди. Сув билан ювиниш инсондаги нопоклик, чанг,кирларни кетказади. Ислом дини инсон вужудини озода бўлишга чақириб, инсон танасидаги оёқ ва қўл тирноқларини олиш, қўлтиқ ва киндик ости мўйларни тозалаб озода бўлишга буюради. Пайғамбар (с. а.в.) :“Ўн нарса фитратдандир: мўйлабни қисқартириш, соқолни ўстириш, мисвок, бурунга сув олиб тозалаш,тирноқларни олиш, бўғинларнинг бужмайган жойларини ювиш, қўлтиқ (туки)ни юлиш,қовуқ (туки)ни қириш, интинжо қилиш, оғизни чайиш”, дедилар.
Тирноқларни олиш ҳам инсон вужудини поклаш амалларидандир. Тирноқ олиш суннат амаллардандир. Тирноқни олиш ҳақида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари шундай дейдилар:“ Тирноқ олиш суннат амаллардан. Пайғамбаримиз с.а.в. мўйлабни қисқартиришга, тирноқ, қўлтиқ ва киндик таги тукларни олишга буюрганлар. “Туҳатул ахбор” китобида тирноқ олиш тартиблари бундай баён қилинган: “Тирноқ олиш ўнг қўл кўрсаткич бармоғидан бошлаб бош жимжилоғигача олинади. Сўнг чап қўл жимжилоғидан бошлаб бош бармоғи тирноғини олиб, охирида ўнг қўлнинг бош бармоғи тирноғи олинади. Бошқача кўрсатилган йўллари ҳам бор,оёқ тирноқлари ўнг оёқ жимжилоғидан бошланиб, чап оёқ жимжилоғида тугатилади”. Яъни, ўнг қўлда бошлаган тирноқ олиш яна ўнг қўлга келиб тугайди. Оёқ тирноқлари эса ўнгдан бошланиб, чапида тугайди. “аврод”нинг шарҳида:“ Кундузи ёки тунда хоҳ шанба, хоҳ якшанба бўлсин. Тирноқ олинаверади, яхши иш ортга сурилмайди. Кунлардан ирим қилиш-бидъадчининг иши” , дейилган.Тирноқни тиш билан олиш мумкин эмас. Тирноқ ерга кўмилади. Жунуб киши ғусл қилмасин олдин соч ёки тирноқ олиши макруҳ бўлади”.
Соч ва тирноқлардан олинганларини ерга кўмиш фазилатли амал ҳисобланади. Бу ҳақда Имом Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) шундай ҳикоя қиладилар:“Макканинг йўлида соч оладиган сартарош мендан учта хато топди. Хатолардан бири соч олдиришда юзимни қиблага қараб турмаганим, иккинчиси эса соч олдирарда ўнг томонимни тутмаганим ва учинчиси эса сочимни олинганларини ерга кўмишга ҳаракат қилмай кетаётганим бўлди”.
Соч ва тирноқларни ерга кўмиш ҳақида “Чор китоб”да шундай дейилади: “ Олинган тирноқ ва қирқилган соч ва ҳайз хирқаси ва тушган тиш ва фасод қони ва шунга ўхшаганлар одам аъзосининг жузъий қисмлари бўлгани учун ( кўмилмоғи) дафн қилинмоғи талаб этилур. Назм:
Етти нарса бордур инсон танида,
Расулдан меросдур уларни кўммоқ.
Гўдак туғилганда ўралган парда,
Ул неки хатна зиёда ҳар чоқ.
Нифосдан ул лаҳза ҳайз ҳирқаси,
Сочу тиш, тирноғу қонгача мутлоқ”.
Қўл тирноқларини ҳар ҳафтада олинса, оёқ тирноқлари эса 12-15 кунларда олинади.
Давоми бор...
ЎМИ нинг Қашқадарё вилоятдаги вакили
Р. Усмоновнинг “ Поклик озодалик дини”
китоби асосида тайёрланди