ДЕҲҚОНЧИЛИКНИНГ ФАЗИЛАТИ
1432
13-04-2020, 13:09
1 440
Ўқиш режими
+
-
ДЕҲҚОНЧИЛИКНИНГ ФАЗИЛАТИ
Динимизда деҳқончилик, ерни обод қилиш масаласига алоҳида эътибор берилган. Деҳқончилик улуғ, фазилатли амалдир. Кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан етилиши баён этилган. Бу эса деҳқон ва боғбонларнинг меҳнати Аллоҳнинг остида эканига ва Аллоҳ таоло уларга кўмакчилигига далолат қилади. Зеро, деҳқончилик улуғ ибодатлардан саналади. Чунки деҳқончиликка назар солинса, бу касб инсоннинг қалбини Аллоҳ таолонинг тоатига яқин қилади. Деҳқон одам уруғни экади. Осмондан ёмғир ёғишини Аллоҳ таолодан сўрайди. Сўнг, ўша эккан уруғидан ўсимлик униб чиқишидаги Аллоҳ таолонинг қудратига гувоҳ бўлиб туради.
Бу билан деҳқонда икки сифат – Аллоҳга иймон ва таваккал жамланган бўлади. Чунки, деҳқончиликда, бошқа касблардан кўра таваккал кўпроқ бўлади. Ерга уруғ экилди, энди қолгани Аллоҳдан, деҳқон одам шунга таваккал қилади. Қалби Аллоҳ таолога доим боғланиб туради.Шунинг учун ҳам баъзи уламоларимиз деҳқончиликни энг афзал касб деганлар.
Ер юзида экин экиш, деҳқончилик қилиш ризқ топишнинг энг яхши воситадир. Инсон ҳалол ризқ талабида касб қилиши, унинг азизлигини зиёда қилади.
Аллома Мовардий р.а. айтадиларки: “Инсоннинг тирикчилиги уч нарсага боғланган бўлади: деҳқончилик, тижорат ва ҳунармандчилик. Менинг наздимда деҳқончилик энг покизаси ва энг афзалидир”, деганлар.
Ерда кўчат экиш, экин экиш шу даражада фазилатлики, кимга қарашли бўш ери бўлса, албатта унга бирор нарса экиши талаб қилинади.
Саҳоба Хузайма ибн Собитнинг бўш ерлари бор эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишининг ёнларига келиб: Эй, Хузайма! Мана бу ерингизга кўчат экиб қўйинг дедилар. Шунда, Отам: Мен кексайиб қолдим, умрим ҳам оз қолди дедилар. Шунда, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Йўқ, ундай қилманг, бўш турган бу ерингизга, албатта, кўчат экинг деб, ўзлари бирга ўша ерга кўчат экдилар”.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бўш турган ерни кўриб, кўчат экишга буюрибгина қолмай балки ўзлари ҳам кўчат экишда иштирок этганлар.
Динимизда экин, кўчат экиш, деҳқончилик билан шуғулланишнинг ҳукми фарзи кифоядир. Баъзилар адо қилсалар, қолган инсонлардан соқит бўлади. Агар ҳеч ким қилмаса, барча одамлар бирдек гуноҳкор бўладилар. Ер юзида экин, кўчат экиш, деҳқончилик қилишнинг фарзи кифоя бўлиши инсонлар ва бошқа мавжудотларнинг ризқи унга боғлиқ бўлганлиги учундир.
Ер юзида илк бор қилинган меҳнат ҳам айнан деҳқончилик бўлган. Хабарларда келадики, Одам алайҳиссалом жаннатдан ер юзига туширилганида, Жаброил алайҳиссалом буғдой олиб келиб, ерга экишга буюради. Одам алайҳиссалом буғдойни ерга эккан, суғорган ва ҳосилни йиғиштириб олганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг касбларингизнинг энг яхшиси ер ҳайдаш (деҳқончилик) ва қўй боқишдир. У пайғамбарларнинг амалидандир. Ер ҳайдовчи деҳқон ўзининг амали туфайли етган ҳар бир нарса учун ажр олади”, дедилар.
Абу Умома ал Боҳилий р.а. ишлатилмасдан ётган омоч ёки бошқа бир деҳқончилик асбобини кўрсалар шундай дер эканлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу (нарсани, унга ўзгалар муҳтож бўлиб турган бир маҳалда) уйига олиб кириб қўйса, албатта (ўша қавмнинг) уйига хорлик киради”, деб айтганлар, дедилар.
Шунинг учун деҳқончилик асбоб ускуналарини, у омочми, кетмонми, белкуракми ўзи ишлатмаса, ўзгалар сўраб келганда улардан қизғанмай бериш, фазилат ҳисобланади ва уйидан хорлик кўтарилишига сабаб бўлади. Қайтага асбоб, иш қуроли ишлаб турса зангламай ўткир бўлиб туради. Аллоҳ таоло ҳам Қуръони Каримнинг “Маъун” сурасида: “Ва рўзғор буюмларини (кишилардан) маън этадиганларга вайл бўлсин”, деган.
Деҳқончилик қилиш, экин экишнинг яна бир фазилатларидан бири, деҳқон ҳаққига ҳатто Аллоҳ таолонинг мукаррам бандалари — фаришталар ҳам истиғфор айтиб туришади.
Аллоҳ таоло Залзала сурасида шундай марҳамат қилади: “Бас, кимки зарра миқдорда яхшилик қилса (натижасини) кўрадир”.
Анас (р.а.) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: “Қайси бир мусулмон бирор кўчат ёки экин экса, ундан қуш, инсон ёки ҳайвон еса, у учун бундан садақа ҳосил бўлади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим).
Ҳадисдаги “мусулмон” сўзи эркакни ҳам, аёлни ҳам баробар қамраб олади. Яъни, эркак кишими ёки аёлми, бирор кўчат ёки экин экса, ундан инсон ёки бошқа жонзотлар ҳам фойдаланса, унга савоби етади.
Муҳаллаб айтади: “Бу ҳадис жониворларга берилган нарса учун ҳам савоб борлигига далолат қилади”.
Ҳадисда ерни обод қилишга тарғиб этилиб, ўзи ёки бошқалар учун экин экканга ажр ваъда қилинган. Кўчат ёки экиндан чиққан мева, улардан олинган уруғлар ва кўчатлар экилса ва бу қанча такрорланса ҳам савоби қиёматгача давом этаверади.
Муоз (р.а.)дан нақл қилинади: “Ким зулм ва тажовуз қилмасдан бир уй қурса ёҳуд зулм ва тажовуз қилмасдан бирор экин экса, модомики, ундан Аллоҳ таолонинг яратганларидан биронтаси фойдаланиб турар экан, унга тўхтовсиз савоб бориб туради” (Имом Аҳмад ривояти).
Абу Айюб (р.а.)дан келган ривоятда: “Қайси киши бирор кўчат экса, унга ўша кўчатдан чиққан мева миқдорича яхшилик ато этилади”, дейилади. Бу эса мукофотнинг миқдорини белгилаш билан бирга, деҳқончиликнинг фазилати нақадар улуғ эканини кўрсатади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?! Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?! Агар Биз хоҳласак, уни (офат юбориб) қуруқ чўп қилиб қўйган бўлур эдик, сизлар эса ажабланибгина қолаверар (ва айтар) эдингиз: “Бизлар зиён кўрувчилармиз. Балки бизлар (ризқимиздан) маҳрумдирмиз” (деб надоматда қолган бўлур эдингиз)” (Воқеа, 63 – 67).
“Деҳқончилик билан шуғулланаётган киши ушбу оятни ўқиб: “Экувчи, ўстирувчи, ундирувчи ўзингсан. Эй Аллоҳ, Пайғамбаримизга биздан салавот йўлла. Бизга баракотли ризқ бергин. Экинимизни ундир, биздан унинг зарарини йироқ қилгин. Бизни неъматларингга шукр қилувчилардан, берганларингни ёдда тутувчилардан қилгин. Эй оламлар Робби, бизга бу экинда барака бер”, дейиши матлубдир (Қуртубий).
Кўп саҳобалар, ҳатто айрим пайғамбарлар ҳам шундай ишлар билан шуғулланишган. Абу Дардо (р.а.) Дамашқда кўчат экиб турганларида олдиларидан бир киши ўтиб: “Расулуллоҳнинг саҳобаси бўлатуриб, кўчат экиб ўтирибсизми?” деди. Абу Дардо (р.а.): “Шошма, мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ким бир кўчат экса, ундан одам боласи ёки Аллоҳнинг яратганларидан бирортаси еса, унга шу сабабли садақа бўлади”, деганларини эшитганман, деб айтди” (Имом Аҳмад ривояти).
Жобир (р.а.)дан нақл қилинган ривоятда шундай башорат келган: “Қайси мусулмон бирор ниҳол экса, ундан ейилгани унинг учун садақа бўлади, ундан ўғирлангани унинг учун садақа бўлади, ундан ҳайвонлар егани унинг учун садақа бўлади, ундан қушлар егани унинг учун садақа бўлади, ундан биров юлиб олгани унинг учун садақа бўлади” (Абд ибн Ҳумайд). Чунки унинг боғи ёки экинидан бирор нарса ўғирланиши унинг учун мусибатдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон унга етган ҳар бир мусибат учун, ҳатто боғичининг узилишига ҳам ажр олади”, (Имом Аҳмад ривояти).
Анас (р.а.)дан: “Қиёмат қоим бўлиб қолиб, бировингизнинг қўлида кўчат бўлса ва қиёмат бўлгунча экишга имкони бўлса, эксин” (Имом Аҳмад ривояти).
Айни кўклам фасли ана шундай яхшиликлар, шу билан бирга иқтисодий даромад уруғини экиш фаслидир. Савоб ишнинг ҳеч кечи йўқ. Модомики, имкон, фурсат бор экан, жорий садақалардан бўлган кўчат ёки экин экишга шошилайлик.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакили,
вилоят бош имом-хатиби: Раҳматилло УСМОНОВ