Сабр-нажот калитидир
1435
13-04-2020, 16:22
494
Ўқиш режими
+
-
Сабр-нажот калитидир
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Дарҳақиқат, сабр қилган банда ўз муродига етади, бошига тушган ҳар хил бало- мусибатлардан икки дунёда нажот топади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йулига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!” (Оли Имрон сураси, 200-оят).
Аллоҳ таоло Қурьони каримнинг жуда кўп оятлари орқали бандаларини сабрга чорлайди. Ҳадисда келишича, Расул акрам соллаллоҳу алйҳи васаллам хавфга тушиб қолсалар, мазкур (Оли Имрон) сурасининг охирги ўн оятини ўқир эканлар. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ у зотнинг умматлари ҳам шундай ҳолатларда ш у ўн оятни ўқишлари катта савобдир.
Балоларга сабр қилиш Пайғамбаримизнинг суннатларида ҳам ворид бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, ёқтирмайдиган нарсаларингга(яъни, мусибатларга) сабр қилишингда кўпдан-кўп яхшиликлар бор. Аллоҳнинг ёрдами сабр (қилинганда) бўлади. Албатта шодлик машаққатдан сўнг келади. Албатта қийинчиликдан сўнг енгиллик келади.” (Имом Аҳмад ва бошқалар ривоят қилишган) деганлар.
“Мансурул ҳикам”да шундай келтирилади: “Ким боқийликни яхши кўрса, мусибатлар учун жуда бардошли қалбни ҳозирласин”. Донишмандлардан бири айтди: “Ютуқларга ёқимсиз ҳолатларга сабр қилиш туфайли эришилади”.
Ер юзини хавфга солиб турган коронавирус балосини йўқ бўлишлиги учун ҳам ҳаммамиз ҳамжиҳат курашимиз ва ибодатларимиз ортидан холисона дуо қилишимиз керак.
Барча халқларни хавфга солиб турган бу балони даф қилишда Қурьон оятларига ва ҳадисларга мувофиқ сабр қилсак, мутахассислар кўрсатмаларига амал қилсак иншааллоҳ бу балодан тез кунларда қутиламиз.
М. Жалолов
Чироқчи тумани Абу-Бурҳониддин
масжиди ноиб-имоми