МЎМИН МЎМИНГА ОЗОР БЕРМАЙДИ
1446
14-04-2020, 16:36
739
Ўқиш режими
+
-
МЎМИН МЎМИНГА ОЗОР БЕРМАЙДИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ислом дини таълимотлари инсон зотига азият бермаслик, тартиб-интизомли бўлишга чорлайди. Айниқса, мўмин мусулмонлар турли шахсий ва ижтимоий муносабатларда бир-бирларига озор бермасликларига даъват этади. Акс ҳолда қаттиқ гуноҳкор бўлиб қолишлари таъкидланади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло таълим бериб марҳамат қилади: яъни: “Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар” (Аҳзоб сураси, 58-оят). Шариатимизга кўра, барча жабҳада бировга азият бериб қўйишдан сақланишга буюрилади. Ҳатто суҳбат асносида биз учун арзимас кўринган баъзи ҳатти-ҳаракатлар ҳам динимиз назаридан четда қолмаган. Ҳадиси шарифларнинг бирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки киши учинчи кишини ёлғизлатиб суҳбатлашмасин. Чунки бу мўминга азият беради. Аллоҳ эса мўминга азият беришни ёқтирмайди”-деганлар (Имом Абу Яъло “Муснад”да ва Имом Табароний “Мўъжамул авсат”да ривоят қилган).
Шунингдек, ҳадиси шарифларда Аллоҳ таолога ва охират кунига иймон келтирган киши азият беришнинг турли кўринишларидан сақланиши лозимлиги уқтирилган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин! Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин! Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини эҳтиром қилсин!”,-деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган). Бошқа бир ривоятда саҳобалардан бирлари Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, “Эй Аллоҳнинг Расули, қайси мусулмонлар афзал саналади?”- деб сўради. Шунда У зот: “Мусулмон мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган кишидир. Муҳожир-Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан ўзини тийган кимсадир”,-деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ). Шариатимиз бировга азият етказишдан қайтариши, азият берганга турли иқобларни белгилаши баробарида мўминлардан азиятни кетказганга жаннатни ваъда қилган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўтган қавмлардан бир кишини хабарини бериб, шундай деганлар: “Бир киши йўл устида ётган дарахт шохини олдидан ўтиб қолиб: “буни мусулмонлар(нинг йўли)дан олиб ташлайинки, уларга азия бермасин”,-деган эди. Натижада ўша инсон жаннатга киритилди” (Имом Муслим ривояти). Динимизда киши атрофидаги инсонларга азият бермасликнинг ўзи ҳатто садақа қилганнинг савобига тенг экани айтиб ўтилган. Бу борада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан бирига насиҳат қилиб, шундай деганлар: “Одамларга ёмонлик қилишдан тийилинг. Зеро бу ҳам сизга садақа бўлур”,-дедилар (Муттафақун алайҳ). Мўмин-мусулмонлар ўзаро бирдамликда ҳаёт кечиришликлари, бир-бирларидан ҳаёт қийинчиликларини аритиш пайида бўлишлари ибодатларнинг афзали саналади. Зеро Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, шундай деганлар: “Инсонларнинг Аллоҳга энг маҳбуби – уларнинг ўзгаларга манфаатлироғидир. Амалларнинг ичида Аллоҳ азза ва жаллага энг маҳбуброғи-мусулмон кишига хурсандчилик келтиришингиз, ёки ундан бирор ташвишини аритишингиз, ёки унинг бирор қарзини тўлаб беришингиз ёки очлигини кетказишингиздир”,-деганлар (Имом Табароний ва Имом Ибн Абиддунё ривояти).
Аллоҳ таоло барча мусулмонларни ўзаро ҳамжиҳатликда, бирдамликда умргузаронлик қилмоқларини насиб қилиб, ҳидоятида бардавом айласин. Омин.
О. Бекмирзаев.
Қарши тумани Мирмирон жомеъ
масжиди имом хатиби