Бефарқ эмас, эътиборли бўлайлик
1447
14-04-2020, 16:43
486
Ўқиш режими
+
-
Бефарқ эмас, эътиборли бўлайлик
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ҳар бир юртда тинчлик ва осойишталик ҳукм сурар экан, ўша юртда тараққиёт бўлади. Бизнинг эришаётган ютуқларимиз замирида ҳам ана шу тинчлик-осойишталик ётади. Агар истиқлолнинг ўтган даврига назар ташласак, юртимизнинг ҳар бир гўшаси, ҳатто энг чекка ҳудудларда ҳам катта ўзгаришлар рўй берганига гувоҳ бўламиз. Бу неъматларга чин маънода шукрона келтириш ва уларнинг қадрига етиш лозим бўлади. Юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, биз бунга жавобан кеча-ю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этишимиз лозим. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, - деганлар. Тинчлик ва саломатлик улуғ неъмат эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо уни қадрига етиш лозимлигини айримлар тушунмайди. Пайғамбар (алайҳиссалом) таъкидлаганларидек: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”. Минг афсуслар бўлсинки бугунги кунда ана шу неъматларга ношукрлик қиладиган, ўзи ва ўзгаларнинг саломатлигига эътибор қилмайдиган лоқайдлар хам топилиб турибди. Ваҳоланки, улар бу ишлари билан ўзлари ва ён атрофларидаги кишиларни хаётларини хавф остига қўйишмоқда. Ислом таълимотида эса ўзига хам ўзгаларга хам зарар бермаслик уқтирилади. Ислом – инсонпарвар дин. У бир инсонга тажовуз қилишни бутун инсониятга тажовуз қилиш ёки бир инсон ҳаётини сақлаб қолишни бутун инсониятни сақлаб қолиш, дея баҳолайди. Аллоҳ таоло “Моида” сураси 32-оятида айтади: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса, барча одамларни тирилтирган кабидир”.
Тўғри биз кимнидир қонини тўкканимиз йўқдир ёки бирор бир ёмонлик ҳам қилмагандирмиз, лекин бизда бугун бутун дунёни ташвишга солган, мактаблар, масжидлар ёпилишига сабабчи бўлган коронавирус инфекцияси бўлсачи, ўзимиз билмаган ҳолда кўплаб кишиларга уни юқишига сабабчи бўлиб қолсакчи, АЛЛОҲ Ўзи асрасин қанчадан қанча инсонларни жонларига, молларига зарар берган бўлмаймизми ва яна қанча кишиларни машаққатгага қолдирмаймизми? Динимиз кўрсатмасига амал қилиб карантин вақтида уйда ўтирсак, ҳам улкан ажрга эришамиз, ҳам ўзимизни ва яқинларимизни соғликлари учун қайғурган бўламиз. Бу эса кўплаб инсонларнинг жонларини, молларини сақлаб қолиш билан баробар. Биргина мен уйда ўтирганим билан нима ўзгарарди демайлик.
Ҳа азизлар, бугун бизни уйда қолишлигимиз, Юрбошимиз мурожаатларига ва шифокорлар тавсияларига амал қилишимиз бизни қайси тарафдалигимизни билдиради. Шундай экан юртимиз тинчлиги, ўзимиз ва яқинларимиз саломатлиги учун лоқайд ва бефарқ бўлмайлик. Бу синовли кунларда уйимизда қолиб, АЛЛОҲ таолога гуноҳларимиз учун тавба қилиб, юртдошларимизни Ўз паноҳида асрашини сўраб дуо қилайлик.
Зоҳид Сувонов
Қарши тумани Хазрати Султон
масжиди имоми
Модул таълими 1-босқич талабаси