1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Қаноат - олий фазилат

15-04-2020, 16:51 478 Ўқиш режими + -

  
     
Қаноат - олий фазилат

Қаноат йўқ бўлмайдиган кондир
 
              Халқимизда қаноатли кишилар ардоқланади. Қаноат инсоннинг энг яхши фазилатларидандир. 
                   Хўш қаноат нима? 
“ Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да қаноат сўзи: “Қаноат- арабча сўз бўлиб, у мамнунлик, борига шукр қилиш, қаноатлилик, камсуқумлик” деб изоҳ берилади.
           Ҳазрати Алишер Навоий “Маҳбубул-қулуб” асарида қаноат ҳақида: “Қаноат –бир чашмадирки, олган билан унинг суви қуримайди, у бир хазинадирки, ундаги бойлик сочилган билан  камаймайди. У бир экинзорки, уруғи иззат ва шавкат ҳосилини беради. У бир дарахтдирки, унда қарам бўлмаслик ва ҳурмат меваси бордир. Қаноат киши кўнглига равшанлик етказади, кўз ундан ёруғлик касб этади”. 
                  Аслида нарсаси кўп бой эмас, балки қаноати бор одам бойдир. Бу ҳақда ҳадиси шарифда:“Ҳақиқий бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас, балки ҳақиқий бойлик нафснинг тўқлигидадир” дейилади. Ҳадиснинг маъноси бой деб, саховатли, нафси бой одамга айтилади. Агар нафси  бой бўлса, у таъмадан тийилади ва азиз бўлади.  Очкўзлик  инсонни разил ишга ундайди. Очкўзлик энг ёмон одатдир.  Инсон очкўз бўлса, у оч бўридек нарсага ташланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз с.а.в. шундай дедилар: “Кишининг мол-дунёга бўлган ҳирси икки оч бўрининг қўйга ҳужум қилишидан ёмонроқдир”, дейилади. 
Инсон доимо ўзидан пастга қараса, бечора ва ожиз бўлиб қолиши мумкинлигини ўйласа, борига қаноат қилади.  Инсон учун, Аллоҳ таолонинг берган куни ва едирган ризқи катта давлатдир. Инсонннинг бахт-саодати қаноатли бўлишда ва Яратган зотнинг берганига рози бўлишликдир. Луқмони Ҳаким фарзандларига: “Эй фарзанд, қаноат бойликдир.  Очкўзликдан сақлан. Зеро, очкўзлик камбағалликдир” деб насиҳат қилган эканлар.
          Инсон ўз тақдирига рози бўлиб, еб-ичиш каби ишларда тежамкорлик билан ўртача иш кўриши қаноат саналади. Қаноатнинг акси исрофгарчиликдир.  Ҳар бир ишда муъайян меъёрдан ошиш исрофдир. Қаноатни нотўғри тушунмаслик керак. Қаноат мутлақо озлик билан чекланиб танбалликда яшаш дегани эмас, балки ҳирс билан ҳаракатланишдан сақланиб,  берилган ризққа рози бўлиб, кўнгил ҳузур ҳаловати билан яшаш, демакдир. Бир қанча ўғрилик ва жиноятлар қаноатсизлик оқибатида келиб чиқади.     
Қаноат шундай хазинаки, у ҳеч вақт камаймайди. Бу хазинага  эга бўлган киши умрини шавқ ва роҳатда кечиради. Бу билан қаноатсизликдан пайдо бўладиган ҳасад деган инсоннинг энг зўр душманидан қутулади. Хазина эгасига ўхшаб шараф ва ҳузур-ҳаловатда яшайди. 
              Бир донишманддан одамлар: “Қаноат нима?” деб сўрашибди. Шунда донишманд: “Қаноат берилганига рози бўлиб, неъматга шукр қилиш ва бошга келган балоларга сабр қилишдир” деган экан.             
Бугунги кунда коронавирус пандемияси  таҳдиди мавжуд бир даврда мўъмин-мусулмонларнинг берилган   неъматларга шукр қилиб, Аллоҳнинг марҳамати билан бу синовларни сабр-қаноат билан енгиб ўтишлари янада муҳим. Аллоҳ таоло мана шу синовли  кунларда барчаларимизга мустаҳкам сабр-қаноат ато қилсин!
 
Р. Акбаров


ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ходими