1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Рамазонга тайёргарлик

16-04-2020, 14:34 1 429 Ўқиш режими + -


Рамазонга тайёргарлик

Рамазон ойи    ўн икки  ой ичидаги энг фазилатли ой ҳисобланади. Аммо унга тайёргарлик кўришда турлича йўл тутиш бор. Масалан, айримлар Рамазонга тайёргарлик деганда фақат моддий тайёргарликни, яъни, озиқ - овқатларни жамлаб қўйишни тушинадилар ва шу тушунчадан келиб чиқиб иш қиладилар.  Бошқалар эса Рамазонга ўзгача, яъни, ҳақиқий тайёргарлик кўрадилар. Ҳатто бундай тайёргарликни Шаъбон ойидан, баъзилар эса ундан ҳам олдин бошлаб юборган бўладилар. Хўш, рамазонга тайёргарликнинг энг гўзал кўринишлари қайсилар? Қуйида сиз азизларга уларнинг 9тасини тақдим этамиз:
1.Чин тавба.
Бу аслида   доимий зарурий амал. Аммо муборак   ой яқинлашиб келаётган дамда мўмин банда Аллоҳ билан ўзи ўртасидаги гуноҳлардан ҳамда банда ўзи билан бошқа одамлар ўртасида ўтиб қолган ҳақлардан тавба қилиб олиши мақсадга ўта мувофиқ бўлади. Чунки, Рамазон ойида пок жисм  ва хотиржам қалб билан тоат-ибодатлар қилишга нима етсин!
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Барча гуноҳларингиздан Аллоҳга тавба қилинг эй мўминлар, шояд нажот топсангизлар” (Нур сураси, 31 оят)
Аммор ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: Эй инсонлар, Аллоҳга тавба қилинглар. Зеро, мен ҳам Аллоҳга бир кунда юз марта тавба қиламан”.
2.Дуо.
Баъзи салафи солиҳинлар Рамазон ойи келишидан олти ой қолганидан бошлаб Аллоҳдан шу ойга етказишини сўраб дуо қила бошлар эканлар. Рамазон тугаганидан кейин то олти ойга қадар Рамазонда қилган ибодатларини қабул бўлишини сўраб Аллоҳга дуо қилишар экан.
3.Рамазон ойи яқинлашгани сари хурсандчилик ошиб боравериши.
Чунки,  мўмин банда учун Рамазон ойига етиб келишлик аслида Аллоҳ таолонинг буюк неъматларидан бири ҳисобланади. Чунки, Рамазон ойи барча яхшиликларнинг мавсуми ҳисобланади, унда жаннат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, у Қуръон ойи ҳам ҳисобланади. 
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Сен: “Аллоҳнинг фазли ила ва Унинг раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир”, деб айт” (Юнус сураси, 58 оят)
4.Қазо бўлган фарз рўзаларни адо этиб қўйишлик.
5. Рўза борасидаги шаръий ҳукмлардан ҳамда Рамазоннинг фазилати борасидаги илмлардан ғамлаб олиш.
6. Мўмин кишини Рамазон ойидаги ибодатлардан  вақтини олиб қўядиган рўзғор ва шунга ўхшаган ишларини Рамазон ойи киришидан олдин битказиб олиши.
7. Оила даврасида ўтириб оила аъзоларига  рўзада учрайдиган турли   масалаларини тушунтириш, уларни рўза тутишга рағбат қилдириш.
8. Рамазон киришидан олдин  бу қутлуғ ойда илм мутолааси учун зарурий диний адабиётлардан жамлаб қўйиш.
9. Қуръон тиловат қилиш.
Салама  ибн Куҳайл роҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Шаъбон ойи Қуръон ўқийдиганларнинг ойидир”
Амр ибн Қайс роҳматуллоҳи алайҳ Шаъбон ойи кирганида  дўконларини қулфлаб Қуръон тиловати билан машғул бўлар эканлар.
Абу Бакр Балхий роҳматуллоҳи алайҳ шундай деган эканлар: “Ражаб ойи (савобли амалларни) экадиган ой, Шаъбон ойи (ўша савобли амалларни) суғорадиган ой. Рамазон ойи эса (ўша савобли амалларни) ўриб оладиган ой.
Яна шундай деган эканлар: “Ражаб ойи шамолга, Шаъбон ойи булутга, Рамазон ойи эса ёмғирга ўхшайди. Ким Ражаб ойида (савобли амалларни) экмаса, Шаъбонда уни суғормаса Рамазонда қайси ҳосилни ўрмоқчи?! Мана Ражаб ойи  ҳам (тайёргарликсиз) ўтиб кетди. Рамазонни истайдиган мўмин банда энди Шаъбонда нима қиласан?!”
Рамазонга тайёргарлик ана шулардангина иборат дейишликдан йироқдамиз. Аммо баҳоли имкон баён этдикки,  буларга амал қилишимизни ва бу фазилатли ойга тан-жонимизни соғу саломат ҳолда етказишини Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўраб қоламиз. Амийн!
 
 
Рустам Қиличев – ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ходими