Одамларга яхшилик қил...
Ислом инсонпарвар дин бўлиб, қаерда ва қачон бўлмасин, ёрдамга муҳтож кишиларга яхшилик қилишга буюради. Инсонларга яхшилик қилиш эса, саодатнинг равон йўлларидандир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло Қиёмат куни бандасига айтади: Эй одам боласи, касал бўлган эдим, бир кўриб кетмадинг. Банда айтади: Эй Роббим, сени қандай кўргани борайки, сен бутун оламларнинг роббиси бўлсанг! Аллоҳ айтади: Фалон бандам касал бўлган эди. Агар сен уни кўргани борганингда мени (розилигинимни) ана ўшу ерда топишингни билмадингми? Эй одам боласи, сендан таом сўраган эдим, менга таом бермадинг. Банда айтади: Эй роббим, сенга қандай таом берайки, сен бутун оламларнинг роббиси бўлсанг? Аллоҳ айтади: Фалон бандам сендан таом сўраганида сен унга таом бермаганингни билмайсанми? Агар сен унга таом берганингда эди сен унинг(ажрини) мени ҳузуримда топишингни билмасмидинг? Эй одам боласи, мен сендан сув сўраган эдим, менга сув бермадинг. Банда айтади: Эй роббим, сенга қандай қилиб сув берайки, сен бутун оламларнинг роббиси бўлсанг? Аллоҳ айтади: Фалон бандам сендан сув сўраган эди, унга сув бермагандинг. Агар сен унга сув берганингда эди унинг (ажру-савобини) мени ҳузуримда топган бўлар эдинг!”.
Ислом оламининг таниқли уламоларидан бири бўлган доктор Оиз ал-Қарнийнинг “Маҳзун бўлма” китобида шундай воқеа келтирилади: “Ибн Муборакнинг яҳудий қўшниси бор эди. У зот ўз фарзандларидан аввал мана шу қўшнисига таом берар, унга янги кийимлар олиб берар эди. Одамлар яҳудийга уйини сотишини сўрашди. Яҳудий уйининг нархини икки минг динор эканини айтди ва бунга изоҳ бериб: “Минг динор уйим учун, қолган минг динор Ибн Муборакка қўшни бўлганинг учун” - деди. Бу гапни эшитган Ибн Муборак, “Аллоҳим, Ўзинг уни Исломга ҳидоят қилгин”, деб дуо қилди ва у яҳудий Аллоҳнинг иродаси билан Исломга кирди”.
Ибн Муборак карвон билан ҳаж қилиш учун йўлга чиқдилар, йўлда ахлатхонадан бир ўлган қарғани олиб кетаётган аёлни кўриб, унинг ортидан ҳолатни билиш учун одам юборди. Аёл: “Уч кундан бери энди мана шу қарғани топдик” - деди. Бу гапни эшитган Ибн Муборак кўзига ёш олди ва карвондаги бор мол-мулкини ўша қишлоққа тарқатиб юборди ва шу йили ҳаж қилмай уйига қайтди. Ва тушида: “Ҳажинг қабул бўлиши, саъйинг мукофотланиши, гуноҳинг мағфират қилиниши муборак бўлсин”, деяётган кишини кўрди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “...ҳамда, гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар...” (Ҳашр сураси, 9-оят).
Яхши ишни қанча кўп қилинмасин, унга афсус чекилмайди, аммо хатолар қанча кам бўлса ҳам, унга афсус чекилур.

Короновирусдек бир вабо инсоният бошига келиб тушган бугунги синовли онларда биз мўмин мусулмонлар аввалги енгиллик ҳаётимиздан ҳам кўра саховатпешароқ бўлиб, муҳтожларга бақадри имкон кўмакдош бўлишга, кўнгилларига малҳам бўлишга ҳамда бу ишларимиз билан энди ниҳол бўлиб ўсиб келаётган фарзандларимизга хайрли ишларда ўрнак бўлишга ҳаракат қилайлик. Иншааллоҳ, бундай оғир кунларда холисона қилинган хайрли амалларнинг ажру-савоблари Аллоҳ таоло томонидан дунё-ю охиратда бир неча баробар қилиб берилгай.
“Араловул” жомеъ масжиди имом хатиби - Фурқат Жумаев
Фойдаланилган манба:
“Маҳзун бўлма” (Оиз ал-Қарний)