Зикр ҳам ибодат
1459
16-04-2020, 15:15
649
Ўқиш режими
+
-
Зикр ҳам ибодат
Зикр ҳам ибодат... Аслида, нутқнинг зикр бўлиши улуғ ибодатлардан ҳисобланади. Нутқ эса инсонга берилган улкан неъматлардан биридир. У инсонни ҳайвондан ажратиб турувчи асосий фазилат. Инсонда нутқ қобилияти мавжуд экан, у ниманидир гапиради. Ўша гапирган сўзи фойдали бўлса, ўзига ёки кимгадир манфаати тегади. Аммо сўз беҳуда бўлсачи ?
Беҳуда, кераксиз сўзлар билан машғул бўлган киши гавҳарни қўйиб, тезакни олган билан баробардир. Инсонлар эса беҳуда, ортиқча сўзлашдан ва фисқ сўзларни айтишдан қайтарилган. Бунга мисол, Али ибн Абу Толиб р.а.дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ с.а.в.: “Киши Исломининг ҳусни беҳуда нарсаларни тарк қилишидадир” дедилар.
Яна бир ҳадисда, Абу Ҳурайра р.а дан ривоят қилинади: “Набий с.а.в: Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин”, дедилар.
Аждодларимиз оз сўзлашни, кўп фикрлашни, сўзлаганда ҳам, фақат зарур, рост, фойдали сўзларни гапиришни одат ва ҳатто шиор қилганлар. Жумладан, саҳобаи киромларнинг ҳам бу хусусда бизга қолдирган сўзлари бор. Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а. айтадилар: “Тилдан кўра ҳибсда туришга ҳожатлироқ нарса йўқ”.
Абу Дардо р. а: “Оғзингдан кўра қулоқларингни кўпроқ ишлат. Оз гапириб, кўп тинглашинг учун сенга битта оғиз ва иккита қулоқ берилган” деганлар. “Тил фақат тўғри сўзни айтиш ва Аллоҳни зикр қилиш учундир”, деб айтган Абулҳасан Занжоний ҳазратлари.
Илк мусулмонларда тортишув кам, амал кўп бўлган. Улар сўзга бахил, молга сахий бўлганлар. Кейингиларда эса тортишув кўп, амал оз бўлди. Улар сўзда сахий, молда бахилга айландилар. Кераксиз, беҳуда, фойдасиз сўзларга умрни, вақтни сарфладилар.
Вақтнинг қадрига етган одам уни фойдасиз нарсага сарфламайди, аксинча фойдали, манфаатли ишларга сарфлайди. Ана шундай ишларга тил ибодати ҳисобланадиган зикрни келтириш мумкин. Зикр инсонни ҳамиша ва ҳамма вақт яхшиликка етаклаган. Ва яна зикр энг афзал амалдир. Саҳобалар Сарвари коинот Пайғамбаримиз с.а.в.дан “Энг афзал амал қайси” деб сўрашганида, у зот с.а.в.: “Тилинг Аллоҳнинг зикри билан нам бўлиб вафот этишингдир ”, деганлар.
Бир куни Абу Ҳурайра р.а бозорга кириб, у ердагиларга: “Расулуллоҳ с.а.в.нинг мерослари масжидда тақсим қилиняпти-ю, сизлар бундан бехабар бу ерда юрибсизлар,” деди. Одамлар бу гапни эшитиб, ҳаммалари масжидга боришди. Лекин улар у ерда бирор меросни кўрмадилар. Қайтиб келиб: “Эй Абу Ҳурайра, масжидда тақсим қилинаётган бирор меросни кўрмадик ”, дейишди. Абу Ҳурайра р.а.: “Унда нимани кўрдиларинг?” деди. Улар: “Аллоҳ таолони зикр қилаётган ва Қуръон ўқиётган..... қавмни кўрдик”, дейишди. “Ана шу Расулуллоҳ с.а.в.нинг меросларидир”, дедилар Абу Ҳурайра р.а.
Ушбу ҳадисдан олинадиган хулоса шундайки, демак, Аллоҳ таоло бизга улуғ неъмат қилиб берган тилимизни доим зикрда, яхши сўзда қилишимиз кераклиги, доим ўтирганда, турганда, юрганда, пиёдами, уловдами ҳамиша тилимизни Аллоҳнинг зикри билан машғул қилишимиз бизга Пайғамбаримиз с.а.в.дан мерос экан. Биз эса ана шу меросга муносиб бўлишимиз керак. Тилимизни беҳуда, кераксиз сўзлардан тийишимиз, ғийбат ва фаҳш сўзлар ўрнига Аллоҳга ҳамд, Пайғамбаримизга саловот айтиб юришни одат қилиб ва бу ишни ўз яқинларимизга ҳам ўргатишимиз керак.
Манбалар асосида Қарши шаҳар
“Араловул” жомеъ масжиди
ноиб имоми - Б .Нуриддинов