Жанозанинг фиқҳий ҳукмлари
Вафот этган ҳар мусулмоннинг тириклар устида уни ювиш, кафанлаш, ҳамда унга жаноза намози ўқиб, мусулмонлар қабристонида дафн қилишдек ҳақлари мавжуд. Мўътабар манбаларда ҳадиси шарифларга таянган ҳолда улуғларимиз қазо қилган одамнинг жаноза намозини тезлик билан адо этиб, дафн этишга шошилганлари баён этилган. Бу ишлар одатда қандай қилинишидан кўпчилигимиз бохабармиз.
Жаноза намози фарзи кифоя бўлиб, ҳанафий мазҳаби бўйича дуо ҳисобланади.
Аллоҳ таоло айтади: “Молларидан садақа ол. Бу билан уларни поклайсан, тозалайсан. Уларнинг ҳаққига дуо қил. Албатта, дуоинг улар учун таскиндир. Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта билувчидир” (Тавба сураси, 103-оят). Уламолар: “Бу ўринда оятдаги дуодан мурод жаноза намози”, деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким иймон ва савоб умиди ила бир мусулмоннинг жанозасига қатнашса, жанозаси ўқилиб, дафнидан фориғ бўлингунча турса, икки қийрот ажр билан қайтади. Ҳар бир қийрот Уҳуд тоғичадир. Ким жанозани ўқиса ва дафн қилинмай туриб қайтса, бир қийрот билан қайтади”, дедилар” .
Жаноза намози фарзи кифоя бўлиш билан бирга, мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи ҳисобланади. Жанозанинг аҳамияти жуда ҳам катта бўлиб, инсон зотига бўлган эҳтиромнинг юксак намуналаридан биридир. Уламоларимиз жаноза намози фарзи кифоя эканлигига бир қанча ҳужжатлар келтиришган. Шулардан бири Имрон ибн Ҳусайн р.а.дан Имом Термизий ривоят қилган ҳадисдир. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта биродарларингиз Нажоший вафот этди, туриб жанозасини ўқинглар” дея марҳамат қилганлар.
Имом Нававий р.а. “Шарҳи Муслим”да: “Ижмои уммат билан фарз бўлган”, дейдилар. Бошқа уламоларимиз ҳам буни таъкидлаганлар.
Бу мавзуда ҳанафий мазҳаби мўътабар манбаларида шундай дейилган: “Маййитга жаноза намози ўқиш фарзи кифоядир. Бир киши – хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин – жанозасини ўқиса, қолган мусулмонлар зиммасидан соқитдир, ҳеч ким ўқимаса, гуноҳкорлик ҳамманинг зиммасига тушади. Жума, ҳайит намозларида адад хусусида шарт қилинган жамоат жаноза намозида шарт эмас. Лекин жамоат қанча кўп йиғилса, шунча яхши. (“Оламгирия”, “Ниҳоя”, “Татархония”) китоблари.
Маййитга жамоат бўлиб жаноза ўқиш афзал. Чунки жаноза маййитнинг ҳаққига дуодир. Мусулмонларнинг жамоат бўлиб дуо қилишлари дуонинг қабул бўлишига катта сабаб бўлади. Лекин жаноза намози дуруст бўлиши учун жамоатнинг бўлиши шарт қилинмаган. Демак, жаноза намози ёлғиз имомнинг адо қилиши билан ҳам дуруст бўлади. Ҳатто жаноза ўқувчи балоғатга етмаган бола бўлса ҳам намоз дуруст бўлади.
Жанозага қатнашувчилар кам бўлганда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида ҳанафий аллома Муҳаммадамин ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар: “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва васаллам: “Кимнинг жанозасини уч саф мусулмонлар ўқиса, унинг гуноҳлари кечирилади”, - деганлар.
Шунинг учун ҳам “Муҳит” китобида айтилади: “Жанозада уч саф қилиш мустаҳабдир. Агар жаноза ўқийдиганлар етти киши бўлса, бири олдинга чиқиб имом бўлади, орқасидан уч киши туради, кейинги қаторда икки киши, охирги қаторда бир киши туради”.
Гувоҳ бўлиб турганимиз хатарли вирус тарқалган карантинли кунларда, шу вирусдан ёки бошқа сабаблар билан вафот этганларнинг жанозаларига камида етти киши йиғилса, фазилатли жамоатга айланар экан. Юқорида зикр қилингани каби уч саф мусулмонлар жанозасини ўқиган маййитга Аллоҳнинг раҳмати бўлиши умид қилинади.
Маййит атрофидаги халқдан бир қисми ўқиши билан бошқалардан фарз соқит бўлади. Мусулмон киши ўлганида унинг яқин қариндошлари ва ён қўшнилари унинг дафнига оид ишларда соҳиби маййитларга қарашиб, жанозасида иштирок этишлари кифоя қилади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг коронавирус (COVID-19) инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвосида ҳам “Жаноза намозлари вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида хонадонларда ўқилсин”, дея алоҳида таъкидланган эди.
Мўътабар китобларимиздан бўлган “Оламгирия”ва “Заҳирия” китобларида: “Кимнингдир вафот этиши билан мусибат етган хонадон аҳли уйдан чиқмай, уч кунгача аза тутиб ўтиришлари ва таъзияга келувчиларни кутиб-кузатиб туришлари мумкин. Фақат дарвоза олдида курси ва тўшакларда ўтириб ёки тик туриб, таъзиячиларни кутиш хунук одатлардандир”, дейилган.
Ҳақиқатда бу ҳолат бугунги кўпчиликнинг бир жойга йиғилишлари мутлақо тавсия қилинмаётган карантин ҳолатида барчанинг келиши зарур деганга ўхшаш ҳолатни пайдо қилади, аммо дарвозани очиқ қолдириб, уч кунгача ичкарида ўтириш эса, биринчидан камтарлик аломатидир. Зеро, камтар инсонгина одамларни овора қилиш, вақтларини олиш ҳамда карантин қоидаларини бузишига сабабчи бўлиб қолишдан ўзини сақлайди. Бугунгидек мураккаб кунларда келолмаганлардан хафа ҳам бўлмайди.
Таъкидлаш жоизки, жаноза, дафн ва таъзия маросимларини ихчам тарзда ўтказиш баробарида эпидемия ҳамда карантин давридаги талаблар, хусусан, гигиена қоидалари – қўлларни ювиш, тиббий ниқобларни тақиш ва бошқаларга жиддий амал қилиш лозим бўлади.
Ҳаёт бор экан, синов бор, қийинчилик бор. Бу ҳақиқатни шу кунларда янада чуқур ҳис этмоқдамиз. Аввало бундай дамларда Аллоҳ таолодан барчага сиҳат-саломатлик сўраймиз. Яратганнинг тақдири ила бу фоний дунёдан боқий охиратга риҳлат қилган инсоннинг жаноза намози ва маъракасини айни кунлардаги оғир касалликнинг пандемияси даврида ихчам шаклда ўтказиш шариатимизнинг талаби ҳисобланади.
Бугун барчаларимиз янада жипслашиб, ҳар томонлама тартиб-интизомни сақлаган ҳолда, юксак онглилик ва масъулият кўрсатиб, мутахассислар ва муҳтарам уламоларимиз тавсияларига тўлиғича амал қилсак, Аллоҳ таолонинг иродаси ила бу синовлардан эсон-омон ўтамиз, иншааллоҳ!
Муҳаммади ҚОРАЕВ
Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби