ДЕҲҚОНЧИЛИК – РИЗҚУ РЎЗИМИЗ
Аллоҳ таборака ва таоло ўзининг ҳикмати ва қудрати ила инсонни яратиб, уни Ўзи халқ этган бошқа барча жонзотлардан устивор этди, азизу мукаррам айлади ва ер юзида истиқомат қилиб, ҳаёти учун зарур бўлган барча нарсаларни ҳам халқ этди. Унга ер юзида ҳаёт асоси бўлган сувни осмондан қудрати ила нозил қилди ва у орқали ҳамма жонзот ва набототга ҳаёт берди. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:
“У осмондан сизлар учун ундан ичимлик бўладиган сувни (ёмғирни) ёғдирган зотдир. (Ҳайвонларингизни) боқадиган гиёҳлар ҳам ўша сувдан (суғорилур). У сизлар учун ўша (сув) билан (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломат бордир”.
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, деҳқону боғбонлар йил давомида қилган машаққатли меҳнатларининг натижасини кўрадиган, ҳосилни сарҳисоб қиладиган кунларга ҳам етиб келдик. Юртимиз тупроғи серунум, гўзал боғлари серҳосил эканлигидан қанчалар ғурурлансак арзийди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Яхши шаҳар (ери)нинг гиёҳи Раббининг изни билан (униб) чиқаверади. Ёмон (шаҳар ери эса) фақат унумсиз бўлур. Шукр қилувчи қавм учун оятларни шу тарзда такрор-такрор баён этурмиз”. Дарҳақиқат бозорлардаги тўкин сочинлик далалардаги ҳосилнинг мўллигидандир. Барча ҳосиллар – оятда таъкидланганидек – Парвардигоримизнинг изни билан чиқмоқда. Демак, юртимиз мақтовга лойиқ диёрдир.
Ҳар куни умр дафтаримиздан янги бир саҳифа очилгани каби атрофимиздаги оламнинг ҳам сурати ҳар куни янгиланади. Бу янгиланиш инсонни тафаккурга чорлайди. Ўсимлик олами Аллоҳ таолонинг инсонга ато қилган улуғ неъматларидан бири бўлиб, бу олам бўлмаса ер юзида ҳаёт ҳам бўлмас эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бу оламни инсонга восита бўлсин, унга ва унинг чорвасига ризқ бўлсин деб яратганини кўп марта эслатади.
Деҳқончилик ва зироат улуғ фазилатли амалдир. Чунки кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан етилиши баён этилган. Бу эса деҳқон ва боғбонларнинг меҳнати Аллоҳнинг назари остида эканлигига ва Аллоҳ таоло уларга мададкор эканлигига далолат қилади. Бунга мисол қуйидаги оятлардир:
“Биз осмондан баракотли сув (ёмғир) ёғдириб, у билан боғларни ва ўриб олинадиган донларни ундирдик. Шунингдек, зич мевали, шохлари баланд хурмоларни ҳам. Бандаларга ризқ бўлсин учун (шундай қилдик). Яна у (сув) билан “ўлик” шаҳарни (ерни) “тирилтирдик”. (Қабрлардан тирилиб) чиқиш ҳам мана шундай бўлур”.
“Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан қуйидаги неъматларимизга бир) боқсин: Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар унсин, деб) ёрдик. Сўнгра Биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, меваю гиёҳларни ҳам. (Буларни) сизларнинг ва чорва ҳайвонларингизнинг истеъмоли учун (яратдик)”.
Ушбу оятларда барча ҳосиллар Аллоҳ таоло томонидан инсонларга ризқ қилиб берилгани баён этилди. Инсон эса ўз ризқига бефарқ муносабатда бўлиши мумкин эмас. Ҳозир куз фасли давом этмоқда. Йил давомида қилинган машаққатли меҳнатнинг натижаси бўлган ҳосилни исроф қилмасдан йиғиб олиш ва унга ёрдам бериш барчамизнинг бурчимиздир.
Ҳозир ватанимизнинг қайси бир ҳудудига борманг Аллоҳнинг марҳамати ва деҳқон меҳнати, қалб қўри билан етиштирилган пахта, дон, сабзавот, полиз ва боғлардаги мўл-кўл ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олинаётганига гувоҳ бўламиз. Айниқса азизлар ватанимизнинг бойлиги бўлган пахтани йиғиб, териб олишда ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишлигимиз керак, чунки инсонни дунёга келган пайитдан пахтадан булган матога ўрайдилар, паҳтадан бўлган кийим кечакни кийиб бутун ҳаётини ўтказади, ҳатто бу дунёдан кетар чоғида ҳам пахтадан бўлган матога ўрашади. Пахтадан қанчадан-қанча фойдалар оламиз. Ватанимизнинг ва халқимизнинг бойлиги бўлган пахта ҳосилини нест-нобут қилмасдан териб олишда ўз ҳиссамизни қўшайлик.
Деҳқонлар ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан ватанимиз бойлигига бойлик қўшиш, халқимиз ҳаёти учун зарур бўлган барча қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларини кўплаб етказиш, уларни қишки мавсумга захира этишда кўп куч ва ғайрат сарфламоқдалар. Катта меҳнат эвазига етиштирилган барча турдаги ҳосилни авайлаб сақлаш ва уни исроф қилмаслик ҳар биримизнинг бурчимиздир. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:
“У (Аллоҳ) шундай зотки, (сўритокларга) кўтариб қўйиладиган ва кўтариб қўйилмайдиган (узумзор) боғларни, таъми турлича (бўлган) хурмо ва мевали дарахтларни, (ранг ва таъмда) ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилди. Мева ҳосил қилганда, мевасидан тановул қилингиз! Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга) ҳаққини (ушри ва хирожини) берингиз ва исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди”.
Аллоҳ таборака ва таоло пахта далаларида, боғ ва полизларда кечаю кундуз ҳормай-толмай фидокорона меҳнат қилаётган барча меҳнаткаш бободеҳқонларимизни етиштирган ҳосилларига баракотлар ато этсин ва уларни сиҳҳат саломатликда бардавом айлаб, энг эзгу ниятлари бўлган Ўзининг розилигига ва ажру-мукофотига эришишларида мададкор бўлсин.
Бекмурод САХРИЕВ,
Холли ХОНИМОВ.