"ҚОРИ БАДАЛ" МАСЖИДИ
1476
18-04-2020, 15:11
483
Ўқиш режими
+
-
"ҚОРИ БАДАЛ" МАСЖИДИ
“Қори бадал” масжиди Шаҳрисабз туман Мўминобод қишлоғида жойлашган. Мўминобод қишлоғи туман маркази Шаҳрисабз шаҳридан 10 км масофададир. Мўминобод қишлоғи ҳақида “Қашқадарё қишлоқномаси” китобида шундай дейилади: “ Мўминобод- Шаҳрисабз туманидаги қишлоқ. Таркиби: Мўмин (арабча)+обод(форс тили) тилда мўъмин. Тилда мўмин сўзи ва Мўмин исми мавжуд: мўмин-тангрининг борлигига иқрор бўлган, иймон келтирган киши, мусулмон. Мўмин исмининг маъноси-динга ва Аллоҳга ишонувчи, имонли, художўй, динга ва Аллоҳга садоқатини ҳам тилида, ҳам иқрор йўли билан исботловчи. Обод- қишлоқ, овул, янгидан бунёд қилинган аҳоли яшаш маскани, янги ўзлаштирилган ерда қурилган қўрғон. Обод сўзи 9-асрдан бошлаб киши исмига қўшилиб қишлоқ номларини ясаб келди. Бу ҳолат Мовароуннаҳр қишлоқ, маҳаллла номларига хос. Мўминобод-Мўмин исмли киши қурган қўрғон ёнидда ташкил бўлган қишлоқ [1]”. Мана шу Мўминобод қишлоғида “Қори бадал” масжидининг биноси тарихий обида ҳисобланади. “Қори Бадал” масжиди биноси ҳижрий 1312 (милодий 1891 ) йилда Мўминобод қишлогида яшаган Эргашхонҳожи ва Хушҳожи деган кишиларнинг маблағлари ва қишлоқ аҳолисининг ҳашар ёрдамида қишлоқ марказида қурилади. Масжиднинг номи “Қори Бадал” шу ерлик зиёли кишининг исмидир. Маълумотларга қараганда, у милодий 1867 йилда Мўминобод қишлоғида туғилади. “Қори Бадал” Қуръони Каримни ёд олган олим ва шоир бўлган. 1930 йилда у қулоқ қилиниб қамалади. “Қори Бадал” 1939 йилдан умрининг охирига қадар уй қамогида ўтирган. “Қори бадал” масжиди Мустақилликнинг дастлабки йилларида халқ ҳашари билан таъмирланади. 1998 йилда у Ўзбекистон Адлия Вазирлиги томонидан қайта рўйхатга олинди. “Қори бадал” масжидининг тарҳи тўртбурчак шаклида бўлиб, унинг эни ва бўйи 9,5 Х 9,5 метрни ташкил қилади. Масжид томи текис ёпилган. Масжид девори қалама синчли. Масжид ичининг ўртасида устун бор. Масжиднинг икки табақали олтита эшиклар бўлиб, эшиклар тепасида токча ва деразалари бор. Масжид уч томонлама айвон қилинган. Масжид ҳовлисида азон айтиладиган мезона мавжуд. Мезона шу қишлоқда яшаган Одина момо томонидан қурилган. Мезонанинг бўйи тахминан 5 метр, девори пишиқ ғиштдан қилинган. Мезона усти гумбаз шаклида бўлиб, гумбазнинг олтита туйнуги бор. Масжид ҳовлисида иккита чинори дарахти бор. 2015 йилда масжид биноси қайтадан таъмирланди. 2017 йилда масжид таҳоратхонаси қайта қурилиб, таҳорат олиш учун ҳамма имкониятлар яратилган.
Ҳозирги кунда масжидда фуқароларнинг ибодат қилишлари учун барча шароитлар мавжуд. Масжид халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондириш йўлида фаолият кўрсатиб келаяпти.
Р. Акбаров.
[1] Нафсов. Т. Қашқадаё қишлоқномаси. Т. Муҳаррир .2009. 174-бет.