Эҳсон қилишнинг фазилати.
1480
18-04-2020, 17:15
1 475
Ўқиш режими
+
-
Эҳсон қилишнинг фазилати.
Бисмиллаҳиро роҳманир роҳийм
Биз мўъмин мусулмонларни эҳсон қилишга қодир қилган Аллоҳ таолога беҳад ҳамду сано бўлсин. Эҳсону садоқотга буюрган Пайғамбаримиз(с.а.в)га салоту дурудлар бўлсин.
Буюк роббимиз Каломи шарифида шундай марҳамат қилган:“Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг)мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини)янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир”. (Бақара сураси 261-оят).
Яратган роббимиз бу мисол билан битта хайрлик иш учун битта эмас, 700 ва ундан ортиқ савоб ато этиши мумкинлигини билдирмоқда. Бу оятнинг нозил бўлиши Пайғамбаримиз (с.а.в) Табук ғазотига чиқиш вақтида саҳобаларни садақа қилишга ундадилар. Шунда Абдураҳмон(р.а) 4000 дирҳам эҳсон қилдилар. Ҳазрати Усмон (р.а) эса “жиҳозсиз аслахасиз аскарларнинг таъминоти менинг бўйнимда “дедилар. Шунда юқоридаги оят нозил булди. Азизлар яна бир нарсани таъкидлаш керакки, қилинадиган эҳсонимиз хуфёна бўлса яна ҳам яхшироқ булар экан. Ҳазрати Али (р.а) улуғ ажрга ноил булиш учун у зотнинг бор йўғи тўрт дирҳамлари бўлишига қарамай, бирини кечқурун, бирини кундузи, бирини махфий, бирини эса ошкора эҳсон қилганлар .Баъзи уломоларимиз юқоридаги оятнинг сабаби нузули мана шу воқеа ҳам дейишади. Валлоҳу аълам. Бу ҳақда Ҳазрати Анас (р.а) Пайғамбаримиздан (с.а.в) қуйидагиларни ривоят қилганлар: “Аллоҳ ерни яратганида устидаги нарсаларнинг оғирлигидан ер титради. Шунда Аллоҳ тоғларни яратиб,унинг устига қўйди ва ернинг титроғи тўхтади .Малоикалар ажабланиб: ”Парвардигоро! Халқинг ичида тоғлардан ҳам қаттиғи борми?” дейишди. Аллоҳ азза важалла: “Ҳа темир “деди. Улар: “Темирдан ҳам қаттиқроғи борми?” дейишди. Аллоҳ таоло: “Ҳа, олов”, деди. “Оловдан ҳам қаттиқроғи борми?”дейишди. “Ҳа, сув”деди. “Сувдан ҳам қаттиқроғи борми?” деб сўрашди. Аллоҳ таоло: “Ҳа, шамол “деди. “Шамолдан ҳам қаттиғроғи борми”дейишди. Шунда Аллоҳ : “Мазкурларнинг ҳаммасидан ашаддийси ўнг қўли қилган садақани чап қўли билмаган одам боласидир”, деди. (Имом Термизий ривояти)
Шундай экан азизлар эҳсонимизни махфий қилсак нур устига аъло нур бўлар экан.Тарихдан маълум бўлишича, баъзи солиҳлар садақотларини бериш учун ҳатто кўзи ожиз кишиларни қидирар эканлар. Баъзилар эса ухлаб ётган эҳсонга ҳақлиларни ёнига, кийимига қўйиб кетар эканлар. Эҳсон беришда олувчига миннат ва озор етказишдан сақланишимиз лозим. Чунки, Аллоҳ таоло миннат қилишдан қайтарган. Қовоқ солмай, очиқ чехра билан бериш лозим. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
«Эй, иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, молини Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам, кишиларга риё учун нафақа қилганга ўхшаб, бекорга кетказманг», (Бақара сураси, 264 оят)
Шундай экан азиз биродарлар, коронавирусдек вабо тарқалган бугунги синовли кунларда ҳамжиҳат бўлиб, бирдам бўлиб, бир биримизни қувватлаб ёрдам бериб ва таъминоти камроқ бўлган биродарларимизга, қўни қўшниларимизга, маҳалладошларимиз ва қишлоқдошларимизга қўлимиздан келганча эҳсонимизни аямайлик.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч ҳалқимизни фаровон қилсин. Бу касаллигу офатларни тезроқ кўтариб, беморларга шифо берсин! Амин.
Р.Райҳонов
Қарши шаҳар Қиличбек Қўрғонча
жомеъ масжид имом хатиби