1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИЛТИЖО

18-04-2020, 17:18 971 Ўқиш режими + -

Илтижо


Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Шу кунларда Аллоҳ таолонинг бир  имтиҳони остида турибмиз. Уни мутаҳассислар коронавирус деб атадилар. Банданинг қўлига кирган тикан ҳам бесабаб кирмас дейдилар, машойихларимиз. Бандаларига мусибат юбориши сабабини Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай марҳамат қилади. “Сизларга не мусибат етса бас ўз қўлларингиз қилган нарса (гуноҳ) сабаблидир. Яна у кўп гуноҳларни авф этиб турар (Шуро 30 оят) ”. Демак, бу касаллик синов бўлишлиги билан бирга ўз фаолиятимизни ўзлигимизни танқидий назар билан тафтиш қилиш учун имконият ҳамдир. Тан олайлик: Аллоҳ таолонинг улуғ нематлари бўлмиш соғлик, ҳотиржамлик қадриятини тўлиқ англай олмадик. Энди англагандекмиз. Неъматларни беқиёси вақт қадрини билмадик. Умримизни кўп қисмини беҳуда ҳашаматлару-дабдабалар, беҳуда амаллару-бекорчи сўзлар билан ўтказиб юборганимизни тушунмадик. Энди тушунгандекмиз. 
Ваҳоланки, Роббимиз айтади: “Балким сизлар ёқтирмаган нарса, аслида, ўзларингиз учун яхши бўлиб чиқар (Бақара 216 оят) ”. Балки, бу синов бизни сабр-тоқат, қаноат деб аталмиш фазилатларимизни сайқаллаштирар. Балки, бу синов китоб ўқиш, уни англаш тафаккур қилишдек сўниб бораётган ҳисларимизни уйғотар.
Балки, бу синов иш бошиларга итоат қилишликни, соҳа мутаҳассисларга қулоқ солишликни нақадар муҳимлигини англатар. Ойнаижаҳондан Америкада коронавирус касаллигига учраган ўзбек оиласини кўрсатишди. Аёлни айтишича, ўзи ва фарзандларига касалликни барча белгилари намоён бўлганидан кейин, телефон орқали тиббиёт ходимларига ьурожаат қилганида улар жойлар етишмаслиги сабаб, фақат оғир аҳволдаги беморларни қабул қилишларини айтган. Ёрдам кутинглар, умид қилинглар, ҳали давоси топилмаган касалликдан ўзингиз даволанинг деб турса, бечора оилани аҳволини кўз олдингизга келтиринг. Биздачи, касалликни биргина белгиси билинса, қўнғироқ қилинг олиб келиб даволаймиз; озиқ овқатингиз етмаса, айтинг олиб бориб берамиз деб туришибди. Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимизга кетма-кет мурожаатлар қилиб, ваҳимага асос йўқлигини, неки муаммо бўлса ечимини, юкини, масъулиятини ўз гарданларига олиб турибдилар. Айни вақтда, ҳеч бир рахбар, йўқки эл хизмати учун елиб югурмаётган бўлса, ҳеч бир шифокор йўқки, бемор учун жонини хатарга қўймаётган бўлса, ҳеч бир илм аҳли: имомлар, номозхонлар йўқки, қўлларини дуо ва илтижо билан юқорига кўтармаган бўлса. Шоядки, бу синов бизга юқоридаги жон куярларимизни қадрлашимизни ва эъзозлашимизни ўргатса.
Аллоҳ таоло бир мусибатни берар экан ундан чиқиш йўлини ҳам кўрсатади. У айтади: “ Ёки музтар (ночор) одам дуо қилганда ижобат этиб, унинг мушкилини осон қилган ҳамда сизни ер юзида ўринбосар қилган зот яхшими?! Аллоҳ билан бирга  илоҳ борми?! Қанчалик оз эслайсизлар-а? (Намл сураси,  62 оят)”.
  
Аллоҳим, ҳақиқатдан ҳам ночормиз, ҳар доимгиданда ёрдаминга музтармиз. Ўзингдан бошқа илоҳ йўқ. Ўзингдан бошқа қудратли зот йўқ. Ўзинг каломингда марҳамат қилганингдек: “Албатта ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир (Шарҳ сураси 5-6-оятлар)”. Эй Роббимиз, бизга енгилингдан насиб эт!
 Роббим, биз Сени раҳмату марҳаматинг барча нарсадан кенг деб биламиз ва шундан умидвормиз.
Балки, барча бандаларинга мусибат бўлиб кўринган бу касаллик биз учун раҳмат бўлар. Балки, бу имтиҳон миллатимизни метин иродали бўлишини, яқинлари учун, керак бўлса жон фидо қила олишлигини, синаб вақтида беқиёс сабр-қаноатию матонатини дунё аҳлига ибрат мисолида тараннум этар.
Балки, давоси топилмаётган бу касалликни даъвосини Ибн Сино авлодлари топар. Шоир айтади: 
Шаксиз келиб қолар енгиллик тезда,
Шубҳасиз, нафсимиз бўлажак сокин,
Ғам ташвиш йўлиқса умидни узма,
Умидсиз пайтда ҳам енгиллик яқин.
Офатлар бир нафас сенга ҳамроҳдир,
Лек, Аллоҳ ҳолингдан мудом огоҳдир,
Бу ишга уланма келган кетар,
Сабр ила бандага офият етар.
Мусибат кўпларнинг бошидан ўтди,
Унга сабр этганлар муродга етди,
Илтижоларимиз қабул айлагин эй раҳимли Зот. 
 
Фойдаланилган манбалар:
1.“Тафсири ҳилол”. (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф )
 2.“Укинма” (Доктор Оиз Қарний)
 
Мухтор Жалолов
 
Бобо Салим  жомеъ масжиди
имом хатиби