1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУСАВВИР ЗОТ БЕРГАН СУРАТНИ ЎЗГАРТИРМАНГ!

19-04-2020, 18:44 672 Ўқиш режими + -

МУСАВВИР ЗОТ БЕРГАН СУРАТНИ ЎЗГАРТИРМАНГ!

  
        Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
        Аллоҳ таоло каломи шарифида “Биз инсонни энг яхши суратда яратдик”, (Тийн сураси, 4 оят) деб марҳамат қилган. Мукаррам қилиб яратилган инсон доимо гўзалликка интилиб яшайди. Лекин бундай ҳавас бугун баъзи бир кишиларни  ғайриоддий ишларга бошламоқда. Масалан, баъзилар ўз баданига ҳар хил нақш ва расмлар чиздиришади. Бу эса яратган берган ҳуснга норозиликдан ўзга нарса эмас. Булар татуировка  ва татуаж кабилардир. Парвардигор нафақат бандаларини гўзал суратда яратди, балки бошқа махлуқотларга берилмаган ақл ва ҳалол ризқ каби тенги йўқ неъматларини ҳам ато қилган. Мана шу каби берилган неъматлар шукрини қилишлик ўрнига, ўз жисмига озор бериб, чиройли суратни ўзгартирувчилар ношукур бандалар бўлади. Хўш, татуирофка ва татуаж бу нима, бу қандай бажарилади.   
Татуировка – тери остига ранг юбориб, турли хил шакл, расм ва нақшлар  чизиш  учун тери тагига бўёвчи моддаларни сингдиришдир. Татуировка қилдириш  бу авваллари маҳбусларга хос одат бўлган. Ҳозир эса у оммавийлашиб, баъзи ёшларнинг фахрига айланган. Аслида  бу турли  юқумли касалликларни келтириб чиқариши бу каби иллатни тарқатувчиларга  аён. 


Тарихий китобларда ёзилишича, татуировканинг  қадимий кўринишлари ибтидоий жамоа тузуми даврида қабилалар орасида вужудга келган.  Аввалига бир қабила аъзоларини бошқа  бир қабиладан ажратиб кўрсатиш учун  қўлланилган белги кейинчалик тарихда ашаддий жиноятчилар учун жазо воситасига айланган. Европага татуировка XVIII асрда сиёсатчи Жеймс Кук орқали кириб борган. Аммо, қайси манбани қидирмайлик, халқимиз ўтмишида татуировка тўғрисида бирор маълумот топилмайди.



Татуаж ҳам татуировка каби бажарилади. Татуаж узоқ муддатгача пардоз буюмларини унутиб, лаб, кўз ва қошга шакл бериш, тери нуқсонлари бўлмиш чандиқ ва доғларни яшириш, ҳол қўйиш ёки табиий холларга бир оз ранг бериш, умуман ҳар қандай вазиятда гўзал кўриниш имконини беради. Бироқ аёл ва қизларимиз татуажнинг соғлиққа, қолаверса, ташқи кўринишга сезиларли даражада зиён келтиришини билишармикан? Инсон сохта  гўзаллик деб ўз саломатлигидан айрилиши оғир ва аянчли оқибатларга олиб келишини кўпчилик билмаса керак. Ҳозирги кунда татуировка қилдирувчиларнинг сони анчага кўпайган. Уларнинг асосий қисмини ёшлар, ўспиринлар ташкил этади. Аксарият ўзларини “замонавий” қизлар ва аёллар деб атагувчиларнинг орасида татуаж  кенг авж олиб бормоқда. Бугунги кун гўзаллик салонларида ишловчиларнинг бу севимли машғулотига айланиб бўлган. Тиббиёт мутахассислари, татуировка ва татуаж кабиларнинг инсон  саломатлигига  жиддий салбий таъсир кўрсатишини таъкидлаган. Хавотирли жиҳати   бунинг оқибатида юқумли касалликлар тарқалиши кўпаймоқда. Айниқса бедаво касаллик дея ном олган касалликларнинг ҳам тарқалиши айнан мана шу омиллар сабабли кўпаймоқда. Сўнгги маълумотларга қараганда, татуаж учун ишлатиладиган  бўёқлар таркибида саратон хасталигини чақирувчи модда борлиги аниқланган.

Баданга турли хил шаклларни чизиш ва чиздириш миллий ўзлигимиз ва урф-одатларимизга ҳам тўғри келмайди. Бу каби амаллар ислом динида катта гуноҳ ҳисобланади.
Ибн Умар (разияллоҳуанҳу)дан  ривоят қилинади: “Расулуллоҳ  саллоллоҳу алайҳи ва саллам    соч улагувчи ва соч улатувчи ҳамда (ҳолга ўхшаш бирорта) белги қўювчи ва қўйдирувчи аёлларни лаънатладилар.”
Абу Ҳурайра(разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Аллоҳ улама қилувчи аёлни ҳам, улама қилдирувчи аёлни ҳам ва вашм қилувчи аёлни ҳам, вашм қилдирувчи аёлни ҳам лаънатласин»,дедилар». Яъни, жоҳилият даврида  «вашм»–ясама ҳол кўйиш ҳам авж олган эди. Аёллар сохта чирой иштиёқида ўзларининг соғ баданларини игна ила тештириб қон чиқариб жароҳат ўрнига сурма ёки шунга ўхшаш бирорта модда сепиб ясама ҳол қўйишар эди.   Буни   амалга оширадиган мутахассис аёллар бор эди. Ким сохта ҳол қўйдирмоқчи бўлса, ўшаларга мурожаат қиларди.
Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) дан   ривоят қилинади. Бу зот: «Аллоҳ таоло (ҳолга ўхшаш бирорта) белги қўювчи ва қўйдиргувчи, қошларни териб ингичка қилдирувчи, яккам-дуккам тишларни чиройли бўлиши учун эговлатувчи ва Аллоҳ яратган нарсаларга ўзгартиш киритувчиларни лаънатлаган», деганларида, бир хотин Ибн Масъудга эътироз билдирган эди, шунда Ибн Масъуд  розияллоҳу анҳу: «Аллоҳнинг Расули лаънатлаган бўлса, қандай қилиб мен лаънатламайин?! Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз!” (Ҳашр сураси 7-оят) деган», деб жавоб қилдилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Хулоса ўрнида шуни айтишлигимиз керакки, тиббий ва илмий жиҳатдан уларнинг зарарли оқибатларидан хабардор киши бундай бўлмағур ишга қўл урмаслиги табиий. На ўзлигимизга ва на динимизга тўғри келадиган, иймонимиз, жисмимизга зарар келтиришдан бошқа нарсага ярамайдиган бу каби   “оммавий маданият”  таъсиридан биз ўзимизни ва бошқаларни асрамоғимиз лозим.

Бекзод НАРҚУЛОВ
 

Чироқчи туман бош имом хатиби