"ОҚ МАСЖИД" МАСЖИДИ
1486
20-04-2020, 10:09
686
Ўқиш режими
+
-
"ОҚ МАСЖИД" МАСЖИДИ
“Оқ масжид ” масжиди Шаҳрисабз туман Мираки МФЙ Фурқат кўчасидадир. Мираки маҳалла фуқаролар йиғини туман маркази Шаҳрисабз шаҳридан 30 км масофада жойлашган.
Масжид жойлашган Мираки маҳалласи ҳақида “Қашқадарё қишлоқномаси” китобида шундай дейилади: “ Мираки-Шаҳрисабз туманидаги шаҳарча. Расмий маълумотномаларда Мироқи ёзишади. Бу-хато, халқ нутқида-Мираки. Ном охиридаги-и қўшимчасидан маълумки, ном эроний тилларга мансуб тузилиш ва ясалишда. Ҳозирги ўзбек исмлари мажмуида Мирак исми мавжуд. Манбаларда Мирак исми арабча Амир исмининг эркалаш-қисқартиш шакли эканлиги таъкидланган. Эски ўзбек тилида ҳам Мирак исми бўлган. “Бобурнома” да Бек Мирак, мулло Мирак, Ҳофиз Мирак, Мираки кўр каби бр неча эрлар исми қайд қилинган. Мираки-Мирак исмли кишига мансуб бўлган жой ёки Мирак исмли киши бунёд қилган қишлоқ. Бошқа изоҳ: тожик тилида марғ-ўт, ўт-ўланг; яйлов, ўтлоқча. Тожикистон жой номлари тизимида марғ-марр/мар-ўтлоқ, яйлов, ўт-ўланга бой жой. –ак қўшимчаси мавжудлик ва кичиклик маъносин билдирган: мирак/мирак-кичик яйлов, ўтлоқча. и- қўшимчаси мансублик, хослик маъносини англатган:марак/мирак+и-мараки-ўтлоқ жой, ўтлоқлик. Мираки-ўт-ўланга бой жой [1]”. Мана шу маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қадимда “ Оқ масжид” деган масжид бўлган. Ўша масжиднинг номи 1994 йилда халқ ҳашари билан қурилган масжидга берилади.
1999 йилда “ Оқ масжид” Ўзбекистон Адлия Вазирлиги томонидан расман рўйхатга олинди.
“ Оқ масжид” биносининг тарҳи тўртбурчак шаклида бўлиб, унинг бўйи ва эни 8Х8 метрни ташкил қилади. Масжиднинг девори синчли. Масжид ичида тўртта устун бор. Масжиднинг икки табақали учта кириш эшиги бор. Масжид атрофи айвон қилинган. Масжид ҳовлисида иккита чинор бор. Чинор остида “Хожа Аловуддин валий” деган кишининг қабри бор.
2019 йил масжид биноси қайтадан таъмирланди.
2020 йилнинг январ ойида масжиднинг янги замонавий таҳоратхонаси ишга тушди.
Ҳозирги кунда масжидда фуқароларнинг ибодат қилишлари учун барча шароитлар мавжуд. Масжид халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондириш йўлида фаолият кўрсатиб келаяпти.
Р. Акбаров.
[1] Нафсов. Т. Қашқадаё қишлоқномаси. Т. Муҳаррир .2009. 167-бет.