"МУЛЛО АБДУЖАЛИЛ КУХИЙ" МАСЖИДИ
1488
20-04-2020, 10:13
538
Ўқиш режими
+
-
"МУЛЛО АБДУЖАЛИЛ КУХИЙ" МАСЖИДИ
“ Мулло Абдужалил Кухий ” масжиди Шаҳрисабз туман Шовкан қишлоғида жойлашган. Шовкан қишлоғи туман маркази Шаҳрисабз шаҳридан 16 км узоқликдадир. Шовкан қишлоғи ҳақида “Қашқадарё қишлоқномаси” китобида шундай дейилади: “ Шовкан-Шаҳрисабз туманидаги қишлоқ. 16-аср вақф ҳужжатларида бу қишлоқ номи Шовкан тарзида зикр қилинган. Уструнашанада-Самарқанд билан Хўжанд оралиғида Шовкан деган шаҳарча қайд этилгн. Шов/шав/ сўзи билан бошланадиган жой номлари бир нечта.Туркистоннинг Илоқ шаҳри атрофида Шовкад/Шовкат қишлоғи бўлган. Ёқут Ҳамавий 13-асрда Эрон ва Бухорода Шовкан қишлоғи борлигини аниқлаган. Ҳозирги Туркистон ёнида Шавғар шаҳри бўлган. Самарқанд атрофида Шавдор деган қишлоқ бўлган. Яғнобда бир тоғ номи-Шавғар, Шовита-қишлоқ номи. 10-асрда Фарғонада Шовдон деган қишлоқ бўлганлигини Мақдисий қайд қилган. Шаҳрисабздаги Шаматон (шав/шов+митан) номи ҳам шу гуруҳга мансуб. 10-11 асрларда Нахшаб атрофида Шавхаран қишлоғи бўлганлиги Самъоний асарларида зикр қилинган. Номларнинг таркиби: шов/шав+кан/кад/канд/ғар/хар/дор. Кан-канднинг қисқарган шакли. Кан/кад/кат/-қўрғон қишлоқ, шаҳар. Ғар/хар/-тоғ. Дор сўзи сўзининг маъноси номаълум. В.В. Лившиц Шавкад, Шовкат, Шавкатни қора шаҳар (чёрнь!й город) ,Шовғарни қора тоғ деб изоҳаган. Шов сўзини номлар таркибидги кичик сўзи билан таржима қилса бўлади: Шовкад/Шавкат-кичик шаҳар,Шавғар-кичик ёки паст тоғ. В.В. Лившицнинг тадқиқича, суғд тилида иккита шовкан сўзи бўлган; сарой, қўрғон маъносидаги шовкан сўзи қадимги эроний шав/шау (яшамоқ, ҳаёт кечирмоқ) сўзи асосида ясалган, яъни яшайдиган қўрғон, лашкарбоши, офицер маъносидаги шовкан сўзи хитой тилидаги ши куан( қўшин бошлиғи) биикмасидан юзага келган. У туркий чиқан(генерал) сўзининг ҳам хитойча сўзга дахли бор деб қараган, қадимги эроний тилда шовкан- қўрғон, қалъа , одам яшайдиган истеҳком [1]”.
Маълумотларга кўра, 1836 йилда Шовкан қишлоғида масжид қурилади. Масжид мустақилликнинг дастлабки йилларида таъмирланади. Унга мулло Абдужалил Кухий (тоғлик) деган кишининг номи берилади. Мулло Абдужалил Кухий ( 1886-1956) шу қишлоқ қабристонида дафн қилинган. Қишлоқ қабристоннинг номи ҳам мулло Абдужалил Кухий номи билан аталади.
1998 йилда “Мулло Абдужалил Кухий” масжиди Ўзбекистон Адлия Вазирлиги томонидан расман рўйхатга олинди.
“Мулло Абдужалил Кухий ” масжидининг тарҳи тўғри тўртбурчак шаклида бўлиб, унинг бўйи ва эни 26Х16 метрни ташкил қилади. Масжиднинг томи текис ёпилган ва унинг девори синчли. Масжид биноси ичида иккита устун бор. Масжиднинг икки табақали иккита кириш эшиги бор. Эшиклар тепасида деразаси бор. Масжиднинг олди айвон қилинган. Масжид ҳовлисида битта катта чинор бор.
2004 йилда янги таҳоратхона қурилди.
Ҳозирги кунда масжидда фуқароларнинг ибодат қилишлари учун барча шароитлар мавжуд. Масжид халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондириш йўлида фаолият кўрсатиб келаяпти.
Р. Акбаров.
[1] Нафсов. Т. Қашқадаё қишлоқномаси. Т. Муҳаррир .2009. 397-398-бетлар.