РАМАЗОН ОЙИ РЎЗАСИ-АЛЛОҲНИНГ АМРИ
Ҳар йили Рамазон ойини халқимиз жуда интизорлик билан кутади. Мана, бу йилги Рамазон рўзаси 24 апрел жума кунидан бошлаб тутиладиган бўлди.
Баъзи кишилар Рамазон рўзасини тутиш инсоннинг соғлигига фойдаси бор, деб рўза тутишади. Айрим кишилар эса иқтисодий қийинчилик бўлган йилларда Рамазон рўзасини тутиш катта фойда келтиради, дейишади. Тўғри, рўза тутиш соғликка ва бошқа кўплаб жиҳатларга фойдаси бордир. Аммо аслида Рамазон рўзасини тутиш илоҳий буйруқдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “ Эй иймон келтирганлар, олдинги ўтганлар каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шунда тақводор бўлурсизлар. У саноқли кунлардир, сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бошқа кунлари саноқни тўлдирсин. Қодир бўлмаган кишилар зиммасида бир мискин таомича фидя бордир. Ким ихтиёри билан яхшилик қилса, ўзига фойдадир. Агар билсангизлар, рўза тутишингиз ўзларингиз учун яхшидир. Рамазон ойида инсонларга ҳидоят бўлган ҳамда ҳидоят ва фурқоннинг очиқ башорати бўлиб Қуръон туширилган. Ким бу ойга етса. рўза тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бошқа кунлари сонини тўлдирсин. Аллоҳ сизларга осонликни истайди, қийинчиликни хоҳламайди. Шунинг учун саноқни мукаммал қилинглар ва ҳидоят қилгани учун Аллоҳни улуғланглар, шоядки шукр қилсангизлар” (Бақара сураси 183-185-оятлар).
Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “ Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Унда осмон эшиклари очилур. Унда жаҳаннам эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди” (Имом Насоий ва Байҳақий ривояти).
Рамазон рўзасини Аллоҳнинг амрига биноан тутиш Аллоҳ таолонинг розилигини топишдир. Аллоҳнинг розилиги эса ҳар бир мўъмин-мусулмон учун энг катта бахтдир. Рамазон рўзасини тутаётган, уни очаётган киши тутаётган рўзаси Аллоҳ учун эканлигини ўзининг нияти ва оғиз очишдаги дуоларида изҳор қилади. Шу сабабдан рўзадор киши оғиз очаётиб: “Аллоҳумма лака сумту, ва бика аманту ва аълайка таваккалту ва аъла ризқика афтарту, фағфирлий йа Ғоффару, ма қоддамту ва маа аххорту” яъни “ Аллоҳим сени учун рўза тутдим. Ва сега иймон келтирдим. Ва сенга таваккал қилдим. Ва сен берган ризққа оғзимни очдим. Эй гуноҳларни кечирувчи зот, мени олдинги ва кейинги гуноҳларимни кечир” деб дуо қилади.
Рамазон рўзасини тутишни бошқа ойларга кечиктиришни ёки уни умуман тутишликка қодир эмасликларини ҳисобга олган ҳолда рўза тутмасликка қуйидги кишиларга рухсат қилинади:
- Рамазон ойи келганда бемор бўлган кишилар рўзани то тузалгунларига қадар кечиктириб туришлари мумкин. Касалликдан тузалганларидан сўнг бошқа ойларда тутиб берадилар. Бу ҳақда “ Қуръони карим”да: “Ким бемор ёки сафарда бўлса, бошқа кунлари сонини тўлдирсин. Аллоҳ сизларга осонликни истайди, қийинчиликни хоҳламайди. Шунинг учун саноқни мукаммал қилинглар ва ҳидоят қилгани учун Аллоҳни улуғланглар, шоядки шукр қилсангизлар” (Бақара сураси 185-оят).
- Сафарда бўлган кишилар сафар қийинчиликлари туфайли Рамазон рўзасини тутишни бошқа ойларг кечиктиришлари мумкин. Улар сафардан қайтганларидан кейин Рамазон рўзасини тутиб берадилар.
- Рамазон ойи рўзасини тутишга қодир бўлмаган ёши улуғ отахон ва онахонлар ёки саломатлиги ёмон аҳволдаги кишилар ҳар бир кунлик бир фақир кишини тўйдирадиган миқдорда каффорот ( таом ёки шунга етадиган пул) берсаларгина рўза тутмасликлари мумкин. Бу ҳақда: “ Кимки рамазон ойи рўзасини тутишга ниҳоятда қийналса, ҳар бир кунлик рўза учун бир мискин тўядиган миқдордаги таомни фидя қилсин”. ( Бақара сураси, 184-оят).
- Ҳомиладор ёки эмизакли гўдаги бор аёллар агар рўза туфайли ҳомиласига ёки эмизакли боласига зарар етишидан хавфсирашса, уларга рўза тутмасликка рухсат қилинади. Аммо улар қачон имконлари етса, ўша пайтда рўзани тутиб берадилар. Ҳадиси шарифда: “ Аллоҳ таоло мусофирни намозни ярмидан, ҳомилали ва эмизакли аёлларни рўзадан озод қилди” . (Имом Бухорий ривояти).
3.Ҳайзу нифосдаги аёллар рўза тутмайдилар. Улар ҳайз, нифосдан пок бўлганларидан кейин бир кунига бир кун рўза тутиб берадилар.
Аллоҳнинг амри бўлган Рамазон рўзасини тутиш икки дунё саодатидир. Мана шундай саодатга сабабчи бўладиган Рамазон рўзасини берганлиги учун ҳам Аллоҳ таолога қанча шукрона айтсак, шунча кам. Аллоҳ таоло тутмоқчи бўлиб турган Рамазон рўзаларимиз қабул қилиб, барчаларимизни ўз паноҳида асрасин!
Р. Акбаров.