"АЁҚЧИ" МАСЖИДИ
1550
24-04-2020, 12:42
460
Ўқиш режими
+
-
"АЁҚЧИ" МАСЖИДИ
“Аёқчи” масжиди Китоб тумани Қашқадарё МФЙ, Аёқчи қишлоғидадир. Аёқчи қишлоғи туман маркази Китоб шаҳридан 30 км узоқликда жойлашган. Аёқчи қишлоғида 7 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Аёқчи қишлоғи ҳақида “Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати” китобида: “ Аёқчи–Китоб туманидаги қишлоқ. (Қанжиғали). Аёқ-туркий ва мўғул тилларига оид қадимий сўз. 11-аср туркий тилда айақ-коса, ёғоч коса, товоқ, идиш. 15-16 –асрдаги ўзбек тили ёдгорликларида аёқ-аёғ, аёқчи-аёғчи сўзлари кўп қўлланилган Навоий асарларида оёқ-аёғ-қадаҳ, жом; май; коса; аёқчи-аёғчи соқий, май қуювчи. Қозоқ, Уйғур, Қорақалпоқ, Қирғиз, Қумиқ, Қорачай-болқор, Нуғай, Бошқирд, Олтой, турк тилларида айақ-коса. Товоқ; ҳажм ўлчов бирлиги; қадаҳ; пиёла. Ёқут тилида-айах- тешик, кириш йўл, тешик ўрни, оғиз, оғиз, қимиз ичадиган катта товоқ (жом). Мўғулча: айага-айаға-коса, товоқ. Аёқ сўзи эски ўзбек тилида –чи аффакси қўшилгач, икки маънога эга бўлган: а) ёғочдан коса, товоқ ва шулар сингари уй-рўзғор буюмлари ясовчи шахс. Б) ёғоч косада май, қимиз сузиб берувчи, соқий, косагул. Биринчи маъно бош, асосий ва қадимий: аёқчи-ёғочни йўниб, тарошлаб коса, товоқ сингари рўзғор аёлари ясовчи киши касбига айланган. Касб-корига нисбат этиш асосида қишлоқ номи юзага келган[1]” дейилади. Мана шу қишлоқда Мустақилликнинг дастлабки йилларида халқ ҳашари билан масжид қурилди. Унга қишлоқнинг номи берилиб, у “Аёқчи” масжиди деб аталди.
1999 йилда Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинди.
“Аёқчи” масжидининг тарҳи тўғри тўртбурчак шаклида бўлиб, унинг эни ва бўйи 15Х20 метрни ташкил қилади. Масжид девори пишиқ ғиштдан терилган бўлиб, томи текис ёпилган. Масжид ичининг ўртасида битта устун бор. Масжиднинг икки табақали иккита кириш эшиги бор. Масжиднинг олди айвон қилинган.
2006 йилда масжид ичи таъмирланди
2015 йилда масжидда янги таҳоратхона қурилди. Унда таҳорат қилиш учун ҳамма қулайликлар яратилган.
Ҳозирги кунда масжидда фуқароларнинг ибодат қилишлари учун барча шароитлар мавжуд. Масжид халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондириш йўлида фаолият кўрсатиб келаяпти.
Р. Акбаров.
[1] Нафсов. Т. Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати. Т. Ўқитувчи нашриёти. 1988. 9-10 -бетлар.