"АМИР ҲАМЗА" МАСЖИДИ
1552
24-04-2020, 12:44
444
Ўқиш режими
+
-
"АМИР ҲАМЗА" МАСЖИДИ
“ Амир Ҳамза” масжиди Зарафшон МФЙ Янгиобод қишлоғидадир. Янгиобод қишлоғи туман маркази Китоб шаҳридан 24 км узоқда масофада жойлашган.
Янгиобод қишлоғи ҳақида “Қашқадарё қишлоқномаси” китобида : “Янгиобод–Китоб туманидаги шаҳарча (2009). Бир неча туман қишлоқлари Янгиқишлоқ, Денов номлари билан маънодош. 20-асрнинг 50-60 йилларида бунёд этилган. Асосан янгидан ўзлаштирилган, қўриқ ва бўз ерларда ташкил бўлгн қишлоқлар Янгиобод деб аталган. Таркиби: ўзбекча янги сўзи+форс-тожикча обод сўзи. Обод сўзи номлар таркибида қишлоқ маъносига эга. Шарқ жой номлари тизимида обод сўзи номлар 9-асрлардан бошлаб пайдо бўлган. Дастлаб киши исмлари билан қўшилиб қишлоқ номлари яралган [1]” дейилади. Мана шу қишлоқда Мустақилликнинг дастлабки йилида халқ ҳашари билан янги масжид қурилди. Бу масжидга “Амир Ҳамза” деб ном берилди. Масжиднинг номи Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг амакилари Ҳамза ибн Абдулмутталиб (р.а.) номлари билан аталган. “Ислом энциклопедия” китобида: “ Ҳамза ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдулманноф ибн Қусай ( р.а.). (568. Макка- 625 (ҳижр.3)-саҳоба, Муҳаммад (с.а.в.) нинг амакилари[2]”
“Амир Ҳамза” масжидининг тарҳи мурабба шаклида бўлиб, унинг эни ва бўйи 25Х25 метрни ташкил қилади. Масжид девори пишиқ ғиштдан терилган, томи текис ёпилган. Масжиднинг икки табақали битта кириш эшиги бор. Масжид ҳовлисида мевали дарахтлар экилган.
1998 йили масжид Ўзбекистон Адлия Вазирлиги томонидан рўйхатга олинди.
2015 йилда масжид биноси таъмирланди.
2018 йилда масжид томи таъмирланди.
2019-2020 йилларда масжидда замонавий таҳоратхона қурилди.
Ҳозирги кунда масжидда фуқароларнинг ибодат қилишлари учун барча шароитлар мавжуд. Масжид халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондириш йўлида фаолият кўрсатиб келаяпти.
Р. Акбаров.
[1] Нафсов. Т. Қашқадаё қишлоқномаси. Т. Муҳаррир .2009. 339-340-бетлар. [2] Ислом энциклопедия. Ўзбекистон МЭ. Давлат илмий нашриёти. 2017. 643-бет