Томорқа – ризқ ва савоб майдони.
Бисмиллаҳи роҳманир роҳийм
Динимизда томорқачилик, ерни обод қилиш масаласига, яъни экин экишга алоҳида эътибор берилган. Деҳқончилик фазилати улуғ амалдир. Кўплаб ояти карималарда ер юзидаги барча набототлар, боғлар ва экинларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси ила бўлиши баён этилган. Деҳқон ва боғбонларнинг меҳнатига Аллоҳ таоло барака ато қилишлиги Парвардигорнинг изни ва иродасига умид боғлаганлиги сабабидандир. Чунки деҳқончиликка назар солинса бу касб инсоннинг Аллоҳ таолога яқин қилишлиги ҳамда қиладиган амали ва ихлосига яраша ҳосил олишлиги тайинлиги кўринади. Деҳқон уруғни ерга экади. Осмондан ёмғир ёғишини Аллоҳ таолодан сўрайди. Сўнгра ўша эккан уруғининг ўсимликка айланиб унишида Аллоҳ таолонинг қудратига гувоҳ бўлиб туради.
Бу ҳолатда деҳқонда икки сифат – Аллоҳга иймон ва таваккул жамланган бўлади. Чунки деҳқончиликда бошқа касблардан кўра таваккал кўпроқ бўлади. Шунинг учун ҳам баъзи уламоларимиз деҳқончиликни энг афзал касб деганлар.
Ҳатто, динимизда экин, кўчат экиш дехқончилик билан шуғулланишнинг ҳукми фарзи кифоядир.
Деҳқон ёки боғбон мана шу фазилатларни ҳис қилганидан ўзга инсонлар кун иссиғидан ўзини соя салқинга тортиб дам олаётганида уларга парво қилмасдан куннинг қанча жазирамалигига қарамасдан далада ҳалол ризқ талабида ишлайдилар. Даладан келиб, чарчаб ухласа уйқуси ибодатга айланади.
Бу айтилаётган боғбон ва деҳқонларнинг ҳаққига мақтовлар доимий тинчлик офиятда айтилган олқишдир. Агар бугунги кунда бутун жаҳонда инсонлар карантин сабабидан егулик мева, сабзавот тақчиллигига рўбарў бўлиб турган бир пайтда ўз томорқасида деҳқончилик қилиб, аввало, аҳли оиласини ризқлантиришни қасд қилса, фарзи айн савобига эришишлиги тайин.
Пайғамбаримиз алайхи салом кўчат экишга, экин-текин қилиб, ризқ-рўзни талаб қилишга чақиргандир. Ҳадиси шарифда “Ерда экин-текин қилиб, ризқ-рўзингизни талаб қилингиз” деганлар”. (Имом Табароний ривояти)
Саҳиҳайнда келтирилган ривоятда эса Набий саллоллаҳу алайҳи васаллам “Бирон-бир мусулмон кишиси бир дарахт ўтқазса ёки бир нарса экса, бас ундан қуш ёки инсон танаввул этиб манфаатланса, шу сабабдан унга садақа савоби бўлади.” деганлар.
Расуллуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васалламнинг бу чақириғига аввало саҳобаи икромлар лаббай деганлар. Абу Дардо розияллоху анҳу Дамашқ кўчаларининг бирида кўчат экаётган эдилар. Бир киши ёнидан ўтаётиб, у кишига “Нега бу ишни қиляпсиз, ахир сиз Расуллуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда Абу Дордо розияллоху анҳу: “Сен шошилма, мен Расуллуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васалламнинг ”Ким бир кўчат экса, ундан бирор одам ёки Аллоҳ яратган маҳлуқотлардан бирортаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деб айтганлини эшитганман” дебдилар. (Аҳмад ривояти)
Мўмин киши аслида кўпроқ яхшилик ва садақалар қилишни хоҳлайди. Лекин бугунги вазиятда бу амалларни бажаришга ўзида маблағ бўлмаслиги мумкин. Чунки, аксарият инсонлар ўзларини иш жойларида таътилга чиқарилган ёки “УЙДА ҚОЛИНГ” чақириғига амал қилиш мақсадида уйида бўлганлиги учун касб-коридан келадиган даромадларидан тўсилган. Шундай бир мушкул вазиятда қандоқ ҳам садақа қилишликни ўйласин. Ажабо, нақадар бандаларига меҳрибон зот Аллоҳ таоло ҳамда умматининг ҳалоскори Пайғамбаримиз саллоллаҳу алайҳи васалламнинг жавобигина инсонга таскин беради. Шундоқ экан, уйда қолиб, COVID - 19 пандемиясидан ўз оиласи ва ўзгаларни ҳимоя қилиш билан бирга томорқаларига чиройли ишлов бериб, хар ҳил экинларни етиштириб, садақа савобига эриштирсин!
А.Самиев
Тошкент Ислом Институти
махсус сиртқи бўлими 2-босқич талабаси,
Шахрисабз шаҳар “Ойша она” жоме масжиди
имом хатиби