Рўза ҳақида 10 та энг гўзал сўзлар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Рамазон рўзаси ва бошқа нафл рўзалар ҳақида Қуръон ва ҳадисларда келган барча сўзлар рўза ҳақидаги энг гўзал сўзлар ҳисобланади. Узоқ вақтлардан бери рўза тутиб келаётган мўмин-мусулмонлар уларнинг кўпидан хабардорлар. Қуйида эса биз сизларга рўза ҳақидаги кўпчиликка таниш бўлмаган энг гўзал сўзлардан намуна келтирамиз. Шояд, рўзага бўлган муҳаббатимиз янада зиёда бўлса.
- Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Қиёмат кунида рўза ва Қуръон бандани шафоат қилади. Рўза айтади: Эй Роббим, мен бу бандангни кундузларида таом ва шаҳватлардан тўсган эдим. Шу сабаб мени унга шафоатчи қил. Қуръон айтади: Эй роббим, мен бу бандангни тунлари уйқудан тўсган эдим. Шу сабаб мени унга шафоатчи қил. Шунда иккалалари ҳам шафоат қилурлар. (Саҳиҳ ҳадис)
2. Бир киши Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг элчиси, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, Сиз Аллоҳнинг элчиси эканлигингизга гувоҳлик берсам, беш вақт намоз ўқисам, закотни берсам, Рамазон рўзасини тутсам ва кечда (таровеҳда) қоим бўлсам – мен шунда кимлардан ҳисобланаман” – деди. Шунда ул зот: “Сиддиқлардан, шаҳидлардан” (ҳисобланасан) дедилар. (Ал Баззор, ибн Хузайма ва ибн Ҳиббон ривоятлари)
3. Абу Амома розияллоҳу анҳу айтадилар: Мен Рапсулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Расулуллоҳ, менга бирор амални буюринг”, дедим. Шунда у зот: “Сен рўзани ўзингга лозим тут, чунки уни тенгги йўқ” – дедилар. (Имом Насоий ривояти)
4. Салаф солиҳлардан бирлари шундай деди:
“Энг осон рўза фақатгина емоқ ва ичмоқни тарк қилишдир.”
5. Ҳикматлардан бирида шундай дейилган:
“Рамазонда бандага Аллоҳнинг раҳмати етмаса қачон унга етиб келсин! Чуқур денгиз одамни поклай олмаса унда уни нима поклай олсин!”
6. Жаннат аҳлларига бир ҳид таралади. Шунда улар : Эй Роббимиз, жаннатга кирганимиздан бери бундай хушбўй ҳиддан баҳра олмаган эдик” – дерлар. Уларга: “Бу рўзадорларнинг оғизларидан таралган ҳиддир” – деб жавоб берилур.
7. Салафи солиҳлардан бирлари шундай деган:
“Бизга етиб келишича, қиёмат кунида одамлар ҳисоб-китоб қилиниб турган бир пайтда (ҳаёти дунёда кўп ) рўза тутган бандалар учун дастурхон тўшалиб, ундага ноз-неъматлардан тановул қилиб туришаркан. Шунда одамлар: “Эй Роббимиз, бизлар ҳисоб китоб қилиниб турсак, булар эса таомланиб туришса? –деб сўрашади. Уларга шундай жавоб бериларкан: “Булар (ҳаёти дунёда) рўзадор вақтларида сизлар еб-ичаверардинглар, тунларида ибодатда турганларида сизлар ухлаб ётардинглар”.
8. Умар ибн Абдулазиз шундай деган:
“Намоз ўз соҳибини йўлнинг ўртасига олиб бориб қўяди. Рўза эса подшоҳ(Аллоҳ)нинг эшигигача олиб бориб қўяди. Садақа эса уни қўлидан тутиб подшоҳ(Аллоҳ)нинг ҳузурига киритади”
9. Аҳнаф ибн Қайсга айтилди: “Жуда кексайиб қолдингиз, энди рўза сизни кучсизлантириб қўяди” дейишди. Аҳнаф ибн Қайс: “Мен бу рўзамни узоқ сафарга тайёрлаб қўймоқдаман. Аллоҳнинг тоатига сабр қилиш Унинг азобига сабр қилишдан осонроқдир” – деб жавоб қилдилар.
10. Ҳасан Басрий шундай деганлар:
“Агар тунларида ибодат қилишга, кундузи рўза тутишга қодир бўлмай қолган бўлсанг, (энг олий неъматдан) маҳрум бўлибсан. Сени гуноҳ ва хатоларинг занжирбанд қилиб ташлабди.”
Рустам Қиличев
ЎМИ Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими