1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

КЕКСАЛАР ҲОЛИДАН ХАБАР ОЛИНДИ

28-04-2020, 16:43 815 Ўқиш режими + -
Кексалар ҳолидан хабар олинди

Мамлакатимизда муборак Рамазон ойи давом этмоқда. Барчамизга маълумки, Рамазони шариф раҳмат ва мағфират ойидир. Халқимиз орасида ана шундай қутлуғ ойнинг савобидан насибадор бўлиш умидида яшаётган саховатпеша, олижаноб инсонлар жуда кўп. Улар муборак дақиқаларда маҳалла-кўй, эҳтиёжманд кишиларга меҳр-мурувват ёрдами кўрсатсалар, эл фаровонлигига ҳисса қўшсалар, айни муддаодир. Муқаддас ояти каримада “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир”, дейилади. Зотан, эзгу ишларни қанча кўп қилсак, Яратганнинг ўзи халқимизни турли балолардан, юртимизни турли табиий офатларидан асрайди.
Уламолар яхшиликнинг ўн беш турини баён этганлар. Улардан бири ўзи яхши кўриб турган молидан муҳтожларга бериш яхшилик бўлиш билан бирга, қадрдонлик алоқаларини ҳам мустаҳкамлайди. 
20 апрель куни муҳтарам Президентимиз “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” қарорларини эълон қилдилар. Унда Рамазон ойининг ҳозирги синовли даврни енгиб ўтишдаги аҳамиятини инобатга олиб, бир қатор муҳим вазифалар белгиланди. Ушбу қарорда белгиланган вазифалар бугунги синовли дамларда мўмин-мусулмонларнинг қалбларига мамнунлик бахш этди, келажакка бўлган ишончларини янада мустаҳкамлади. Айниқса, эҳтиёжманд кишиларни қўллаб-қувватлаш, меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга алоҳида урғу қаратганлари барчани бирдек мамнун этди.
Чунончи, 20 апрель кунги видеоселектор йиғилишида муҳтарам Президентимиз “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ташаббусини илгари сурдилар. Юртбошимиз муборак Рамазон ойида муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш улуғ ибодат экани, ҳар бир имкони бор кишини ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, аввало маҳалладошлари, қўни-қўшниларини қўллаб-қувватлашга даъват этдилар.
Ўзгалар қаровига муҳтож, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бор кишиларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш халқимизга хос азалий қадриятлардан саналади. Бу эзгу фазилатлар айниқса меҳру оқибат, яхшиликни ўзида мужассам этган муқаддас Рамазон ойида янада юксак намоён бўлади.
Ҳозирда жойларда Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббусларига лаббай деб жавоб берган ҳолда кенг кўламли меҳр-мурувват тадбирлари ўтказилмоқда. Айни хайри-эҳсон тадбирларининг узвий давоми ўлароқ, 27 апрель куни Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари И. Арзиқулов, ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари Р. Норқўчқоров, Яккабоғ тумани бош имом-хатиби Т. Исматиллаевлар Яккабоғ туманидаги Ёлғиз кексалар ва ногиронлар учун мўлжалланган “Саховат” уйига ташриф буюриб, ҳомийлар кўмагида 126 та ногирон ва қарияларга ҳамда “Саховат” уйининг ишчи ходимларига ифторлик дастурхони ёзилди.
Шу куни тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилалардан 4 нафарининг хонадонига кирилиб, уларнинг ҳар бирига ҳар бирига 550 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Алломалардан бири яхшилик қилган одамнинг умри узун бўлади, деган экан. Дарҳақиқат, Оллоҳ яхшилик эгасининг умрига умр қўшади, унинг яхшилигини авлодларига мерос қолдиради, бу мерос зурриёдларида абадул-абад давом этади. Муборак ойда яхшилик қилишга шошилайлик!


  
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги матбуот хизмати