1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

РЎЗА САБРНИНГ ЯРМИДИР

28-04-2020, 16:44 518 Ўқиш режими + -

Рўза сабрнинг ярмидир 
 
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Барча мўъмин-мусулмонлар интиқиб кутган муборак рамазон ойи мавсуми ҳам остона қоқиб кириб келди. Бу Рамазон ойининг фазилати бу ойда Қуръони карим нозил қилинганлиги билан, минг ойга тенг бир кеча борлиги билан, бу ойнинг савобидан умид қилиб ибодат қилганларнинг ажрини, мукофотини фақат Аллоҳнинг Ўзи бериш ваъдаси борлиги, хайр, барака ва бошқа яхшиликларга тўлалиги билан бошқа ойлардан мутлақ ажралиб туради.
           Ҳақиқатда Рамазон мусулмон банда, савобли амалларини янада кўпайтириб олишга, йил давомида қалбида йиғилиб қолган мағорлардан холи бўлиб, дўзах ўтидан тўсувчи Аллоҳнинг фазли ва марҳаматига тўлиб тошиши учун ғаниматли бир мавсумдир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон банда бу муборак ойнинг фазилатидан баҳраманд бўлиб қолиш ҳаракатида бўлиши лозим.
            Бундан ташқари рўза мавсуми гуноҳлардан тийилиш, Аллоҳ қайтарган нарсалардан чинакамига, бутунлай қайтишни, синов дунёсининг машаққатларига сабр қилишни ўрганиш ҳамдир. Рўза Аллоҳ таолога муҳаббат ва ихлос белгиси сифатида бажарилади, ҳаргиз соғликни тиклаш ва шунга ўхшаш бошқа ниятларда эмас. Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллашда намоз ва закотдан кейин рўза ибодати келади. Инсонни йўлдан урадиган нарсалар ичида қорин ва жинсий шаҳватлар энг кучлиларидан экани ҳеч кимга сир эмас. Рўзанинг фойдаларидан бири худди ўша икки шаҳватни жиловлашга хизмат қилишидир. Шунинг учун рўза нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллашда энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
           Рўза улкан ахлоқ мактабидир. Рўза туфайли мўмин киши кўпгина хислатларга эга бўлади. Рўза нафс балосига қарши жиҳоддир. Рўза сабабли инсон ўзи учун ман қилинган нарсаларга сабр қилишга ўрганади. У сабабли ҳаётида дуч келган машаққатларга чидашга ҳам малака ҳосил бўлади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “.... Рўза сабрнинг ярмидир”, дедилар. Сабр эса нафснинг энг олий мақомларидан, тақвонинг асосий омилларидан биридир. Рўза тутган киши ўз рўзаси ила фаришталарга хос сифатларга эга бўлади. Бизга маълумки емаслик, ичмаслик ва жинсий яқинлик қилмаслик билан доимо тоатда бўлиш фаришталаргагина хос сифатдир. Рўза тутган инсон ана шундай буюк сифат соҳиби бўлади.
           Бугунги кунимизда  “Коронавирус” пандемияси сабабли вужудга келаётган ва келиши мумкин бўлган турли нохўш ҳолатларга қарши курашда ҳам рўза ибодатининг аҳамияти, фойдаси жуда катта бўлади. Масалан, рўзадорда раҳм шафқат сифатини шакллантириш ва мустаҳкамлаш, рўза тутган киши, ўз ихтиёри билан оч қолиб, чанқаб кўнгил хоҳлайдиган турли нарсалардан вақтинча маҳрум бўлиб бир ойни ўтказиши, ўз ихтиёридан ташқари оч қолиб, чанқаб, дунё лаззатларидан бебаҳра бўлиб юрган бева-бечора, камбағал фуқароларга нисбатан раҳм-шафқат кўрсатадиган бир ҳолатга олиб келади. Доимо уларга яхшилик қилиб туриш кераклигини тушуниб етади. Демак, мазкур сифатлар билан сифатланиш айни дамларда ўта муҳим бўлган нарсадир.
           Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, рўзанинг хайрини, баракасини ҳамда фазилатини гапириб адо этиб бўлмайди. Биз мўмин-мусулмонлар Рамазон ойи шарофати билан дуоларимизнинг қабул бўлишига яна ҳам кўпроқ умид қиламиз. Шундай экан, мазкур ойнинг ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, аҳли оилаларимиз билан биргаликда саҳарлик ва ифторлик вақтларида бошимиздан ушбу дарду-мусибатлар тезроқ кўтарилиши сўрашимиз керак. Зеро, Аллоҳ таоло Ўз каломида “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман” деб, марҳамат қилган.
            Аллоҳ таоло Рамазон ойининг шарофати ила беморларга шифои комил берсин, деҳқон ва тадбиркорларимизнинг ишларига барака ато этсин!

Ўткир Маҳмудов

“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом билим юрти ўқитувчиси